Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Шавкат Мирзиёев: Бу қўшилган қиймат яратишда инқилобий усул

Шавкат Мирзиёев: Бу қўшилган қиймат яратишда инқилобий усул

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг “in vitro” лабораториясини бориб кўрди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш мақсадида лабораториялар ташкил этилмоқда. “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг лабораторияси ана шундай замонавий мажмуалардан бири.
Умумий қиймати 2,6 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа 2019 йил ишга туширилган. Натижада илгари хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатларини маҳаллий шароитда тайёрлаш йўлга қўйилган.
Бу усул икки жиҳатдан жуда муҳим. Биринчиси, четдан келтирилаётган кўчатлардаги турли касалликларнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олди олинади. Иккинчиси, маҳаллий лабораторияда етиштирилган кўчатлар хорижникига нисбатан бир неча баробар арзон бўлади. Масалан, шу пайтгача чет элдан олиб келинган ёнғоқ кўчатининг бир донаси 5 доллардан 20 долларгача бўлган бўлса, бу ерда етиштирилаётгани 3-3,5 долларни ташкил этади.
Агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси ҳам ишга туширилган бўлиб, тупроқ, сув ва барг намуналарини ўрганиш йўлга қўйилган. Бунинг самарадорлиги шундаки, боғдорчилик хўжаликларининг тупроқ шароити ўрганилиб, унга мос кўчатлар тавсия қилинади. Натижа кўчатлар хатосиз униб, мўл ҳосил етиштирилади.
Лаборатория учун 24 гектар ер ажратилган бўлиб, 2 гектарда замонавий иссиқхона барпо этилган. Яна 3 гектар майдонда янги иссиқхона қуриш режалаштирилган. Қолган майдонда эса мамлакатимизда учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчати олиб келиниб, парвариш қилинади.
Мажмуанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг ҳамда пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Айни пайтда бу ерда ёнғоқ, бодом, шафтоли, гилос, ўрик, нок, олма каби экспортбоп меваларнинг касалликдан холи, иқлим шароитимизга мос кўчатлари етиштирилмоқда.
– Бу қўшилган қиймат яратишда инқилобий усул. Биз ўттиз йил шунга интилдик. Илмий ёндашув билан самарадорликни ошириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йил 2 миллион дона турли мевали ва манзарали кўчат етиштириш режалаштирилган. Йил якунига қадар шунингдек, 500 минг дона ёнғоқ ва бодом кўчатларининг истиқболли мева пайвандтаглари қилинади.
Лаборатория 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобига бу ерда йилига 20 миллион дона кўчат етиштириш йўлга қўйилади. 2023 йилдан кўчатлар экспортга чиқарилиши режалаштирилган. Ушбу лаборатория ва иссиқхонада 140 та янги иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбари ёш мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Келажагимиз – сизларнинг илмингиз. Ҳозирги давр талабини кўраяпсизлар. Мен ёшлар форумида айтганимдек, илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик. Шундай экан, кўпроқ ўқинглар. Бугун қайси ёш ўзини қийнаб, билим олиб, тажриба орттирса, келажакда албатта натижаси бўлади, – деди Президент.
Шу ерда вилоят қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Охирги ўзгариш: 16/04/2021 17:42.   Кўрилганлиги: 571
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/shavkat-mirziyoev-bu-qoshilgan-qiymat-yaratishda-inqilobiy-usul

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.