Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқандда тиббиёт туризми ҳам ривожланади

Самарқандда тиббиёт туризми ҳам ривожланади

Самарқанд шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “ZARMED PRATIKSHA HOSPITAL GROUP” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси томонидан ташкил қилинган “ZARMED PRATIKSHA BOG‘ISHAMOL” тиббиёт маркази иш бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда қатнашган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шри Маниш Прабхат, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизовлар юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам хусусий секторнинг улуши тобора кенгайиб бораётганлигини алоҳида таъкидлашди. Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлар натижасида улар томонидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. “ZARMED PRATIKSHA BOG‘ISHAMOL” тиббиёт маркази ҳам ана шундай лойиҳалардан бири бўлиб, мамлакатимизда тиббий хизмат сифатининг ошишига, тиббиёт туризми ривожига муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “ZARMED PRATIKSHA HOSPITAL GROUP” қўшма корхонаси “ZARMED” тиббиёт марказлари тармоғи ҳамда Ҳиндистоннинг “PRATIKSHA GLOBAL” корхонаси томонидан ташкил қилинган бўлиб, корхонанинг дастлабки лойиҳаси “ZARMED PRATIKSHA BOG‘ISHAMOL” тиббиёт маркази учун 8,5 миллион АҚШ доллари сарфланган. Шундан 1,5 миллион АҚШ доллари чет эл инвестицияси ҳисобланади. Самарқанд шаҳрининг Камолиддин Беҳзод маҳалласи ҳудудида жойлашган тиббиёт маркази бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Энг муҳими, тиббий марказда 140 та янги иш ўрни яратилган.

- Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи давомида биз, инвесторлар билан учрашиб, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонда барча имкониятлар яратилишини маълум қилган эди, - деди “PRATIKSHA GLOBAL” корхонаси бошқарув кенгаши раиси Доктор Прамод Шарма. – Ўша учрашувда, албатта, юртингизга инвестиция киритишимни, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишимни маълум қилган эдим. Мана “ZARMED PRATIKSHA HOSPITAL GROUP” қўшма корхонасини ташкил қилиб, илк лойиҳамизни ишга туширдик. Бу жараёнда бизни барча бирдек қўллаб турганидан мамнунмиз. Албатта, давлат томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар бизни кўзлаган мақсадимизга эришишимизга замин яратди. Биз нима учун Самарқандни танладик? Барчага маълум, бугун туризм ривожланмоқда. Самарқанд жаҳоннинг туристик шаҳарлари ичида ўз ўрнига эга. Бизнинг лойиҳамиз тиббий хизмат сифатини ошириш билан бирга, тиббиёт туризми ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

“ZARMED PRATIKSHA BOG‘ISHAMOL” тиббиёт маркази замонавий тиббий ускуналар билан таъминланган бўлиб, бу ерда шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими, тиббиётнинг замонавий жарроҳлик хизматлари ҳам мавжуд.

- Бу ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан амалга оширилаётган дастлабки лойиҳамиз, - дейди масъулияти чекланган жамият шаклидаги “ZARMED PRATIKSHA HOSPITAL GROUP” қўшма корхонаси таъсисчиси Дилшод Шукруллаев. – Яқин кунларда хизмат кўрсатиш қуввати 120 ўринга эга иккинчи тиббий марказимиз ҳам ишга тушади. Ҳамкорларимиз билан замонавий тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ташкил қилишни режалаштирганмиз. Ҳеч кимга сир эмас, минглаб юртдошларимиз хорижга тиббий муолажалар учун миллионлаб маблағ сарфлаб бориб келишади. Мақсадимиз юртдошларимиз талабига мос тиббий хизматни шу ерда ташкил қилишдан иборат. Бу орқали юртимизда тиббиёт туризмини ҳам ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Чунки, бугунгача ҳам қўшни давлатларда тиббий хизматларимиздан фойдаланаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Замонавий технологиялар асосида юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконига марказимизнинг ишга тушиши қўшни давлатлардан шифо истаб келувчилар сонини оширади, албатта.



Таъкидлаш жоизки, “ZARMED PRATIKSHA BOG‘ISHAMOL” тиббиёт марказида ўнга яқин юқори малакали тиббиёт мутахассислари хизмат қилади. Уларнинг асосий қисми халқаро тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади.

Алишер Исроилов.


Киритилган вақти: 10/04/2021 19:09.   Кўрилганлиги: 558
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqandda-tibbiyot-turizmi-ham-rivojlanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.