Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд яна бир нуфузли спорт мусобақасига ҳозирлик кўрмоқда

Самарқанд яна бир нуфузли спорт мусобақасига ҳозирлик кўрмоқда

Яна тўрт кундан сўнг Самарқандда триатлон бўйича Осиё кубоги баҳслари бошланади.

Айни кунларда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказиш, унда иштирок этиш бўйича талабномаларни тақдим этган 30 га яқин мамлакат спорт делегацияларини кутиб олиш борасида бир қатор ташкилий ишларни амалга оширмоқда.
Куни кеча пойтахтдаги “Hilton” меҳмонхонасида ушбу қитъа кубоги баҳсларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуман давомида Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун Самарқандда илк бор ўтказилаётган Осиё кубогининг аҳамияти, мусобақага олиб борилаётган охирги тайёргарлик жараёнлари ҳақида журналистларга сўзлаб берди.
Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов спортнинг учта йўналиши – югуриш, сузиш ва велоспортни қамраб олган триатлон мусобақаларини ташкил этиш мураккаб жараён эканлигини, ушбу спорт тури юртимизда яқин йиллардан оммалаша бошлаганлигига қарамасдан, ўтган икки йил оралиғида Ўзбекистон Осиёнинг триатлон спорт тури марказларидан бирига айланаётганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Куннинг билдиришича, ўтган йили Тошкентда ўтган қитъа чемпионатида минтақанинг 10 та мамлакати қатнашган бўлса, бу йилги баҳсларда нафақат Осиёнинг, балки дунёдаги 30 га яқин мамлакат жамоалари Осиё кубоги баҳсларида қатнашиш учун талабномалар тақдим этганлиги Самарқанд баҳслари мавқеи қанчалик баландлигини кўрсатмоқда.
Анжуманда мутасаддилар таъкидлаганидек, Самарқандда яқинда бунёд этилган замонавий кўринишдаги майдонда ўтадиган Осиё кубоги давомида спортчилар халқаро рейтинг очколарини жамғариш учун курашади. Айнан ушбу рейтинг баллари спортчиларга "Париж-2024" олимпия йўлланмаларини қўлга киритишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Мусобақалар икки босқичда ўтказилади. 8 октябрь куни 29 та давлатнинг профессионал спортчилари медаллар учун курашади. Улар орасида олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпионатларининг совриндорлари борлиги эътиборлидир.
9 октябрь куни эса 7 та давлат вакили иштирокида ҳаваскорлар ўртасида мусобақалар ҳамда Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш учун мамлакат чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.
Қизғин савол-жавоб ва таклиф-истакларга бой кечган матбуот анжумани якунида журналистлар триатлонни оммалаштириш масаласида маълумотларнинг камлигини, бу борада ахборот майдонини етарли хабарлар билан таъминлаш зарурлигини билдиришди.

Киритилган вақти: 04/10/2022 10:17.   Кўрилганлиги: 293
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-yana-bir-nufuzli-sport-musobaqasiga-hozirlik-kormoqda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.