Олий Мажлис Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан бу йил илк бор ўтказилган
“Гендер тенглик фаоли” танловида Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик” номинацияси ғолиби бўлди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур танлов юртимиздаги ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш, фаолиятга гендер ёндашувларни жорий этиш, гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб қилиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдириш, илғор тажрибаларни аниқлаш ва умумлаштириш ҳамда уларни кенг тарғиб қилиш орқали жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Юртимизда жамият ҳаётида хотин-қизларнинг мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга устувор қадриятлардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев. –Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг бошқарув аппарати, вилоятда фаолият олиб борилаётган корхона ва ташкилотлар, ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлик лавозимларига билимли, фидойи ва ташаббускор хотин-қизларнинг 200 нафардан ортиқ заҳираси шакллантирилди. Шунингдек, юртимизда илк бор Самарқандда интеллектуал салоҳиятли ва фаол фуқаролик позициясига эга, теран фикрлайдиган қизлардан иборат “Самарқанд илмли қизлар клуби”ни ташкил этдик. 120 нафар қизлар ушбу клубнинг фаол аъзоси ҳисобланади.
Бугунги кунда вилоятимиз хотин-қизлари орасида бир нафар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ва шаҳар ҳокими, бир нафар вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, етти нафар шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, бир нафар вилоят бошқарма бошлиғи, бир нафар туман прокурори, бир нафар олий таълим муассасаси ректори (чет эллик), олти нафар олий таълим муассасаси проректори, шунингдек, банклар, халқ таълими, мактабгача таълим бўлимлари, тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 60 нафар депутатларидан 21 нафарини аёллар ташкил этади. Умуман, айни пайтда вилоятимизда раҳбарлик лавозимларида тўққиз минг нафарга яқин аёллар иш олиб бормоқда.
Жорий йилнинг март ойида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятдаги иқтисодчи хотин-қизлар билан учрашув ўтказилди. Жамиятимизнинг фаол аёллари ўз иш фаолияти ва илмий изланишларидан келиб чиқиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан таклиф ва ғояларини билдирди. Шу йилнинг 26 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими доирасида бир ва иккинчи босқичда 81 минг 612 нафар хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатилди.
Хусусан, 27 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 4,2 минг нафари тадбиркорлик кўникмаларини шаклантириш ва ривожлантириш бўйича ўқитилди, 7,7 минг нафарига 154,8 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди. 363 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, 597 нафар аёллар уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 120 нафар хотин-қизлар учун ажратилган уйларнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди. “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” эса 6,5 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни пазандачилик, бухгалтерлик, бизнес кўникмалари, тикувчилик, ҳунармандчилик, сартарошчилик, паррандачилик каби йўналишлар бўйича ўқитди.
Касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 1750 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга тикув машиналари берилди. 254 нафар аёлларга уй-жойини таъмирлаш, 213 нафарига даволаниш ва зарур дори-дармонлар харид қилиши учун, 393 нафарига оилавий шароиятини яхшилаши учун 1,2 миллиард сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди. Самарқанд вилояти ҳокимлиги бундан кейин ҳам хотин-қизларнинг муносиб шароитда меҳнат қилиши, турмуш кечириши, муҳими жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиши учун кенг имконият, шарт-шароит яратиш бўйича ўз режаларига эга.
Ғ.ҲАСАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.