Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум азиз онахонлар, ҳурматли опа-сингиллар!

Аввало барчаларингизни, Сизлар орқали эса вилоятимиздаги барча меҳрибон аёлларимизни ва дилбар қизларимизни халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий табриклайман!
Сўзимнинг бошида донишманднинг бир нақлини келтирмоқчиман. У фарзанд таълими борасида маслаҳат сўраган кишига шундай деган экан: "Агар ўғлингизни ўқитсангиз, бир кишини ўқитган бўласиз, қизингизни ўқитсангиз, бутун бир жамиятни ўқитган бўласиз".
Бу нақл бежиз айтилмаган. Чунки буюк кишилар ортида буюк оналар ёки фидойи рафиқалари турган бўлишади. Ҳар бир жамиятнинг обрўси ҳам унинг хотин-қизларга муносабати билан белгиланади.
Бинобарин, соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам ўзининг “Темур тузуклари”да "Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим" деб ёзган.
Шунинг учун ҳам, ҳурматли Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда аёллар қадрини ошириш сиёсатимизнинг устувор йўналишига айланди ва бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон янги Конституциясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат томонидан кафолатланиши давримизнинг энг катта воқеаси бўлди десам, хато қилмайман.
Энг муҳими, "Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади".
Кейинги 5-6 йил ичида қабул қилинган қонунларда давлат томонидан ёлғиз, боқувчисини йўқотган ёки ногирон хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилалар қизларининг таълим олишига, ишга жойлашишига кўмаклашиш, аёлларнинг жамият бошқарувидаги ўрнини кенгайтириш каби масалалар мустаҳкамлаб қўйилди.
Яшириб нима қиламиз, биз йиллар давомида ўзбек аёли деганда, уй ишларини бажарадиган, далада кетмон чопадиган, ипак қурти етиштирадиган, сут соғадиган аёлни тасаввур этиб келдик.
Толеимизга шукрки, бу ҳолатлар энди тарихга айланди. Айнан давлатимизнинг оқилона сиёсати туфайли эришилган фаровон турмуш аёлларнинг уйдаги қўл меҳнатини енгиллатди. Айниқса, кейинги 5-6 йил ичида ўзбек аёлларининг замонавий ва интеллектуал авлоди етишиб чиқди. Эндиликда аёлларимиз ўз ақл-заковати, маҳорати билан дунёни ҳайратга солмоқда.
Бугун аёл сафдошларимиз Олий Мажлис Сенатини, сиёсий партияни, вазирлик ва бошқа нуфузли идораларни бошқармоқда. Янги нормага кўра, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга депутатликка кўрсатиладиган номзодларнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши зарур. Олий Мажлис палаталарида гендер тенглиги масалалари бўйича қўмиталар очилди.
Бундай ғамхўрлик ва имкониятлар хотин-қизлардаги билим ҳамда иқтидорни намойиш этишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, ўтган йили 14 ёшли қизимиз Афруза Ҳамдамова Италияда ўтказилган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юртимиз тарихида қизлар ўртасида илк жаҳон чемпионига айланди.
Шунингдек, юртимиз хотин-қизлари орасида биринчи жаҳон чемпиони бўлган иштихонлик боксчи қизимиз Нигина Ўктамова Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида бронза медалини қўлга киритиб, жорий йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган ўттиз учинчи ёзги олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.
Бундан ташқари, яқинда “Ёш китобхон” танлови республика финал босқичида жомбойлик Наргиза Муҳаммадиева ғолибликни қўлга киритди ва Президент совғаси «Cobalt» автомобили билан тақдирланди.
Дзюдо бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони пастдарғомлик Диёра Келдиёрова эса ўтган йил жаҳон рейтингида пешқадам бўлди ва жорий йил беш карра “Катта дубулға” турнири ғолибига айланди.
Ҳурматли Давлатимиз Раҳбарининг 2024 йил 4 мартдаги Фармонларига кўра, вилоятимиздан 4 нафар фидойи опа-сингилларимиз юксак Давлат мукофотлари ва 2 нафар иқтидорли қизларимиз - Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослашган мактаб ўқувчиси, бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Вилана Савадян ҳамда Тойлоқ тумани «Қўшчинор» газетаси мухбири Наргиза Юнусова Зулфия номидаги мукофот билан тақдирланганлиги барчамиз учун қувонарлидир!
Фурсатдан фойдаланиб, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган фаол хотин-қизларимизни самимий табриклаймиз!
8-Март айнан баҳор ойининг бошланиши, уйғониш ва гўзаллик даврига тўғри келади. Бу бежиз эмас, биз хотин-қизларда энг аввало турмушимиз латофатини, фарзандларимиз камолотини, дунёнинг моҳиятини кўрамиз.
Чунки, Сизлар бор жойда, ободлик, саранжомлик, юксак маънавият бор, Сиздек оқилалар туфайли йигитларимиз, эркакларимиз қалбида ғурур бор. Бу фикр муқаддас Қуръони Каримда "Жаннат оналарнинг оёғи остидадур" деган битта нақлда айтиб қўйилган. Ушбу даврани тўлдириб ўтирган фидойи аёлларимиз ҳаёти фикримиз исботидир.
Азиз онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Сизларни яна бир бор байрамингиз билан табриклайман!
Халқимиз,фарзандларимиз бахтига доимо соғу-саломат бўлиб, жамиятимизнинг ва оилаларимизнинг фариштаси бўлиб юрингизлар!
Эътиборларингиз учун раҳмат!

Охирги ўзгариш: 09/03/2024 09:18.   Кўрилганлиги: 504
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-viloyati-hokimi-erkinjon-turdimovning-xalqaro-xotin-qizlar-kuni-munosabati-bilan-bayram-tabrigi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.