Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг болаларда онкогематологик касалликларнинг профилактикаси, келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ҳамда уларни даволаш бўйича яратилаётган имкониятлар бўйича аҳолига мурожаати

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг болаларда онкогематологик касалликларнинг профилактикаси, келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ҳамда уларни даволаш бўйича яратилаётган имкониятлар бўйича аҳолига мурожаати

Азиз юртдошлар!

Кейинги йилларда дунё бўйлаб онкологик хасталикларнинг кўпайиб бораётгани ушбу соҳа ривожига жиддий эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Жаҳонда ҳар йили 16 миллион онкологик бемор аниқланади.

Онкологик касалликлар бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам афсуски, кўпайиб бормоқда. Бугун вилоятимизда гематологик, онкологик ва ирсий иммунологик касалликларга чалинган беморларнинг электрон рўйхатини юритиш тизими жорий этилган бўлиб, 627 нафар болалар онкологик ва 68 нафар болалар онкогематологик касалликлар билан азият чекмоқда.

Олимларнинг фикрича, онкогематологик касалликлар генетик ўзгаришлар туфайли пайдо бўлади. Айрим олимлар онкогематологик касалликларнинг пайдо бўлишини атроф-муҳит, экологиянинг бузилиши ёки турмуш тарзи билан боғлашади.

Онкогематологик касалликларни даволашнинг асосий усуллари - бу полихимиотерапия ва радиотерапия бўлиб, уни даволашда суяк кўмиги трансплантацияси каби юқори-технологик жараён қўлланилмоқда.

Болаларда онкогематологик касалликлар ногиронликни белгиловчи омиллардан бири ҳисобланиб, касалликнинг оғирлиги ва давомийлиги туфайли жамиятнинг мураккаб тиббий, тиббий-психологик, тиббий-ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга олиб келади.

Вилоятимизда аҳолига кўрсатилаётган онкогематологик ёрдамни янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида онкогематологик беморларни даволаш учун 20 ўринли гематология бўлими маҳаллий бюджетдан ажратилган 123 миллион сўм маблағ ҳисобидан реконструкция қилинди. Онкогематологик касалликлар диагностикаси учун махсус лаборатория ташкил қилиниб, замонавий бинокуляр компьютерли микроскоп билан таъминланди.

Вилоятда 41 нафар талассемия билан касалланган беморлар диспансер назоратига олинган. Ушбу беморларни даволаш учун суяк кўмиги кўчириш операцияси талаб этилади. Бугунги кунда талассемияга чалинган 5 нафар бемор суяк кўмиги кўчириш операциясини ўтказиш учун ҳужжатлари тайёрланиб Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилган. Улардан 2 нафарининг ҳужжатлари хорижга юборилган ва ҳомийлик фонди томонидан бепул операция қилиниши режалаштирилган.

Республика даражасида даволаниши лозим бўлган беморлар марказда тўлиқ текширувдан ўтказилиб, бирламчи ёрдам кўрсатилгандан сўнг улар имтиёзли йўлланма асосида Республика болалар гематология, онкология ва иммунология марказига юборилади.

Жорий йил охирига қадар марказ ҳудудида чақалоқлар маркази ва поликлиника учун янги бино қурилиб ишга туширилиши муносабати билан шу кунга қадар фаолият кўрсатиб келаётган 30 ўринли чақалоқлар бўлими ўрнида онкогематология бўлимини ташкил этиш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳридаги 3-туғруқ мажмуаси бинолари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига қўшиб берилди ва 3 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирланди. Натижада 6 та янги бўлим тўлиқ жиҳозланиб, алоҳида 15 ўринли болалар онкологияси бўлими ташкил этилди. Беморларга қаровчилар учун бўлимда алоҳида 10 ўринли ётоқ жойи йўлга қўйилиб, уларга бепул овқат берилиши таъминланди.

Бундан ташқари, филиалга маҳаллий бюджетдан 14,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 8 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Германияда ишлаб чиқарилган замонавий “Микропланшетли иммунофермент анализатор” ўрнатилиб бугунги кунда 7 турдаги онкомаркерларни аниқлаш йўлга қўйилди. Жанубий Корея ва Россия клиникаларида фаолият кўрсатаётган икки нафар мутахассис вилоятга қайтарилди. Филиалда ишлаётган икки нафар болалар онкологи Жанубий Корея ва Туркияда малака оширди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида суяк кўмигини кўчириб ўтказиш амалиётини жорий этиш мақсадида махсус бўлим ва иммуногенетик лаборатория ташкил қилинмоқда. Бунинг учун икки нафар мутахассис Туркия клиникаларида малака ошириб қайтди. Ушбу юқори-технологик, мураккаб амалиётларни 2023 йилдан бошлаб амалга ошириш режалаштирилмоқда.


Охирги ўзгариш: 14/07/2022 12:03.   Кўрилганлиги: 357
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-viloyati-hokimi-erkinjon-turdimovning-bolalarda-onkogematologik-kasalliklarning-profilaktikasi-kelib-chiqish-sabablari-oqibatlari-hamda-ularni-davolash-boyicha-yaratilayotgan-imkoniyatlar-boyicha-aholiga-murojaati

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.