Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” санъат саройида 27 март - Халқаро театр куни муносабати билан бир гуруҳ фидойи ижодкорларни тақдирлаш ва “Театр томошалари ҳафталиги”нинг тантанали ёпилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда республикадаги давлат театрларининг раҳбарлари, устоз санъаткорлар иштирок этди.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 27 март –Халқаро театр куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригини Бош вазир ўринбосари ўқиб эшиттирди.
- Бугун Ўзбекистон тарихида биринчи марта Президентимиз томонидан театр ходимларига табрик йўлланди, - деди Маданият вазири О.Назарбеков. – Унинг ҳар бир сатрида театр соҳаси ходимларига бўлган алоҳида меҳр, ҳурмат ва эътибор, ишонч сезилиб турибди. Чунки бу даргоҳда ҳақиқий фидойилар фаолият юритади. Қайси бир театр ходимига савол берманг, улар театрни яхши кўраман, деган жавобни беради.
2021 йил “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида республикамизнинг барча театрларида энг сара спектакллар томошабинларга бепул намойиш қилингани билан эътиборли. Ҳафталик доирасида театр кўргазмалари, тажрибали режиссёр, драматург ҳамда актёрлар билан ижодий учрашувлар ташкил этилди. Йилдан йилга томошабинлар сонининг ортиши, улар орасида чет эллик меҳмонларнинг ҳам борлиги театр санъатига бўлган эътиборнинг намунасидир.
- Биз, ижодкорлар учун бугун унутилмас кун бўлди, - деди Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Миллий академик драма театри раҳбари Ёдгор Саъдиев. – 27 март санаси 100 дан ортиқ давлатларда нишонланади. Бу йилдан барча театр ходимлари бир масканда жам бўлиб, бу кунни байрам қилмоқдамиз. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан вилоятларга гастрол сафарлари уюштирдик. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида бўлиб, 42 тадан ортиқ спектакль намойиш этдик. Томошабинларнинг нигоҳида театрни соғинганликларини ҳис қилдик. Бу бизга шижоат, ижодий қувват бағишлайди. Бугунги ёшларимизга доим бир гапни айтаман, театрда ишлаш керак эмас, унга хизмат қилиш керак. Шундагина томошабин хурсанд бўлади.
Тантанали маросимда давлат театрларида узоқ йилдан буён фаолият юритиб келаётган заҳматкаш театр санъатининг бир гуруҳ ижодкорлари Маданият вазирлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Театр жонли ижро. Саҳнада томошабин билан жонли мулоқотни ҳис қилиб туришнинг ўзи бир масъулият, - дейди Хоразм вилоят драма театри директори Динара Ибрагимова. – Ҳар бир театр ходими зиммасида мана шундай масъулият бор. Бугун театр жамоамиз Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган “Энг яхши кўргазма” номинациясида ғолиб бўлганлиги бизни қувонтирди. Рағбат бизларга янада куч бериб ишлашга ундайди, янги асарлар яралишига туртки беради. Ҳозирда жамоамиз коронавирус касаллигини енгишда жасорат кўрсатган соҳа ходимларига бағишланган спектакль устида иш олиб боряпти. Насиб бўлса, томошабинларга бир-биридан мазмунли ва ажойиб спектаклларни намойиш этишга ҳаракат қиламиз.
Тадбир сўнгида вилоят ҳокими Э.Турдимов Маданият вазирлигининг “Маданият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.