Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Қадрли юртдошлар, азиз самарқандликлар!

Қадрли юртдошлар, азиз самарқандликлар!

Барчангизни янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман! 

Наврўз бир неча минг йиллик тарихга эга асл миллий байрамимиз, шарқона янги йил ҳисобланади. Аждодларимиз бу кунни табиатнинг уйғониши ва янгиланиши, деҳқончилик мавсумининг бошланиши сифатида нишонлаб келган. Сайиллар уюштирилиб, миллий анъана ва қадриятларимиз, маросим ва урф-одатлар намойиш этилган.

Кейинги икки йилда пандемия сабабли бу қутлуғ айёмни кенг нишонлай олмадик. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан бу йил Наврўз юртимизда сайил сифатида, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигида байрам қилинмоқда. Табиатнинг уйғониши жамиятимиздаги кўтаринкиликка, юртдошларимиз қалбидаги завқу-шавққа уйғунлашиб бормоқда. Вилоятимиз қишлоғу маҳаллаларида ҳам Наврўз ўзгача мазмун-моҳият билан кенг нишонланмоқда. Наврўзнинг янгилаш, меҳр-оқибат, қадр-қиммат айёми эканлиги байрам тадбирларида ўз ифодасини топмоқда.

Тарихдан маълумки, Самарқанд азал-азалдан, айниқса, Амир Темур даврида ўзининг кўркам боғлари билан етти иқлимга машҳур бўлган. Самарқандда мевали, манзарали дарахтлар ва гулларнинг юзлаб турлари етиштирилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Ибн Сино ва Беруний асарларида ана шу заминда ўсган ҳар бир гиёҳ инсон организми учун фойдали эканлиги асослаб берилган. Аждодларимиздан мерос яратувчилик, боғлар яратиш анъанаси бугун ҳам вилоятимиз аҳли томонидан давом эттирилмоқда. Шунинг учун ҳам барча самарқандликлар Президентимизнинг "Яшил макон", "Яшил йиллик" ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, бу ҳаракатларда фаол иштирок этмоқдалар.

Яхши йил баҳоридан маълум, деган гап бежиз айтилмаган. Бу йил баҳор серёғин, баракали келди. Бу деҳқончиликда мўл-ҳосил етиштириш, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлишидан далолат. Тўғри, кейнги кунларда ҳаво ҳароратининг бироз пасайгани деҳқон ва боғбонларимизни бироз хавотирга солди. Лекин табиатнинг бундай синовларидан халқимиз ўзининг бой деҳқончилик тажрибаси, омилкорлиги ва шижоатли меҳнати билан беталофат ўтган. Бугун Наврўз кунларида, шарқона янги йил аввалида яхши ниятлар қилсак, олдимизга катта-катта мақсадларни қўйиб, ҳамжиҳатликда меҳнат қилсак, эзгу ниятларимизга албатта, етамиз.

Қадрли дўстлар!

Наврўзнинг қадр-қиммати унинг тимсолида табиатнинг уйғонишигина эмас, балки ана шу кайфиятни ўзлаштириб олишимиз ва йил давомида шу кайфият билан ҳаракат қилишимиздадир. Бу йил вилоятимизда жуда катта халқаро анжуман ва форумлар, маданий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Айни чоғда бу тадбирларга қизғин тайёргарлик кўрилаётгани, кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига барчангиз гувоҳсиз. Ҳурматли Президентимизнинг Самарқанд ва самарқандликларга бўлган чексиз меҳр ва эътибори билан олиб борилаётган бу ишлар туфайли вилоятимиз яна ҳам обод, кўркам бўлишига ишонамиз. Ана шу эзгу ишларда фаол иштирок этаётган барча юртдошларимизга миннатдорлик билдираман.

Яратганнинг назари тушган Самарқандимизга кўз тегмасин, мард ва олижаноб халқимиз омон бўлсин!

Наврўз барчамиз учун файз баракали, қутлуғ келсин!


Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими


Киритилган вақти: 20/03/2022 11:00.   Кўрилганлиги: 250
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/qadrli-yurtdoshlar-aziz-samarqandliklar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.