Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Президентимиз ташаббуси амалда: Терсак – замонавий туризм қишлоғи

Президентимиз ташаббуси амалда: Терсак – замонавий туризм қишлоғи

Ургут туманидаги Терсак маҳалласи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтиқорача довони бўйида, тоғлар бағрида жойлашган.

Мусаффо табиати, зилол сувлари ва самимий инсонлари билан тилга тушган бу ҳудудда йилнинг тўрт фасли ўз кўрку таровати билан намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Терсакка бир марта келган, унинг гўзал табиатидан баҳра олган киши яна келишни орзу қилади.

Бугун аксарият қишлоқларда шаҳардагидек уй-жойлар, транспорт воситалари кўпайиб, ишлаб чиқариш корхоналари қурилаётган, шовқин кучайиб бораётган бир пайтда бу ерда қишлоққа хос муҳит йўқолмаган. Тўғри, аҳоли учун замонавий турмуш шароитлари яратилган. Мактаб, боғча, тиббиёт муассасалар бор. Транспорт ҳам муаммо эмас. Лекин аҳоли ҳаёт тарзи, касб-ҳунар ва машғулотларида миллийлик, қадрият ва анъаналар устуворлиги акс этиб туради. Шу ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олиниб, ўтган йили Терсакка туризм қишлоғи мақоми берилди.

– Маҳалламизга азалдан кўп меҳмон келади, юртимизнинг турли ҳудудларидан қариндош-уруғ, дўсту қадрдонларимиз келиб, ҳордиқ чиқаришади, гўзал табиатимиздан баҳраманд бўлишади, – дейди “Терсак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бекзод Бекмуродов. – Буни биз меҳмондорчилик деймиз, замонавий тилда эса туризм. Энди бунга расмий мақом берилди. Яъни, маҳалламиз туризм қишлоғига айлантирилиб, аҳоли ушбу йўналишда тадбиркорлик қилиши, даромад топиши учун имконият яратилди. Бунинг учун давлат томонидан жуда катта имтиёзлар бериляпти. Маҳалламизнинг М-39 йўлидан бошланадиган қисмидан охирги қишлоғигача – тўртинчи Терсаккача қарийб 10 километр йўл асфальт қилинди, тупроқ йўлларга тош-шағал тўкилиб, текисланди. Йўл бўйлаб тунги ёритиш чироқлари, йўл кўрсаткич ва белгилар ўрнатилди. Аҳолимиз қисқа вақт ичида 20 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи ташкил этди. Эндиликда ҳудудда туризм йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганларга 50 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача кредит берилади. Бундан фойдаланиб, яна ўнга яқин маҳалладошимиз оилавий меҳмон уйи ташкил этмоқчи. Ошхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари очмоқчи бўлганлар ҳам кўпаймоқда. Шу пайтгача аҳолимиз асосан, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланган бўлса, энди туризм асосий даромад манбаига айланмоқда.

Француз тили ўқитувчиси Қўйсин Ҳасанов биринчилардан бўлиб Терсакнинг туристик имкониятларидан фойдаланишни йўлга қўйган, бу ишни тадбиркорликка айлантирган инсонлардан бири.

– 50 йилга яқин вақт давомида мактабда ўқувчиларга сабоқ бердим, раҳбарлик вазифаларида ишлаб пенсияга чиқдим, – дейди Қўйсин Ҳасанов. – Ёшлигимдан сайёҳлик фирмаси очиш орзуим бор эди, аммо бунга имконият бўлмаганди. Кейинчалик устозларим ва дўстларимнинг таклифи билан Самарқандга келган меҳмонларни гўзал табиат қўйнида дам олишлари учун қишлоғимга олиб кела бошладим. Биласиз, қишлоқда шаҳардагидек имконият йўқ. Шундай бўлса-да меҳмонларга ўз уйимда имкон қадар қулайлик яратиб беришга ҳаракат қилдим. Хорижликларга ҳам бу манзур бўлди. Биз билан бир уйда туриб, бир дастурхондан нон-туз ейишади, миллий таомларимизни биргаликда тайёрлаб кўришади, тоққа ёки сой бўйлаб саёҳат қилишади. Шу тарзда 2017 йилда қишлоқда биринчи бўлиб меҳмон уйи очдим. Дастлаб тўрт-беш нафар сайёҳни қабул қилиб, хизмат кўрсатган бўлсак, ҳозир меҳмон уйимиз 20 ўринли бўлди. Энди яна қўшимча бинолар қуряпмиз. Фарзандларим, қўни-қўшнилар шу иш билан шуғулланишни ўрганиб олди. Ҳозир маҳалламизда бир вақтнинг ўзида 200-250 нафар меҳмонни қабул қилиш имконияти бор. Йил бошидан буён биргина бизнинг уйимига юзга яқин сайёҳ келди. Кўпроқ Франция, Италия, Дания, Канада, Россиядан келишяпти. Бу йил Белгия ва Испаниядан ҳам сайёҳлар келмоқчи. Яқинда Қирғизистондан 60 нафар сайёҳ келиб қолди. Уларни ўзимиз ва қўни-қўшниларнинг меҳмон уйларида жойлаштириб, хизмат кўрсатдик. Бундан ташқари, ички туризм йўналишида ўзимизнинг юртдошларимиз ҳам кўп келади. Терсакнинг туризм қишлоғи бўлгани қишлоқдошларимиз учун катта имкониятлар очди.

Қўйсин аканинг оилавий меҳмон уйида турган франциялик сайёҳлар тонгда тоққа сайр қилиб келиб, хонадон бекаси билан бирга тушлик учун палов тайёрлаётган экан.

– Ўзбек таомлари бизга жуда ёқди, – дейди Аник Зувеле. – Айниқса, бир ҳафтадан буён паловни бир неча марта татиб кўрган бўлсак ҳам бугун уй бекасидан шу таомни тайёрлаб беришни сўрадик. Ўзимиз ҳам палов пиширишни ўрганиб олдик. Бу жойнинг табиати жуда тоза, чиройли экан, бизга ёқди.

Туристларни қишлоқ хонадонларида миллий таомларини тайёрлаш жараёнлари, сигир, эчки сут-қатиғидан татиб кўриш, урф-одатлар билан танишиш ва албатта, тоғ бўйлаб сайр қизиқтиради. Ҳар бир меҳмон уйида бунинг учун шароит яратилган. Тўрт нафар гид-экскурсовод тоғ туризми йўналишида сайёҳларга хизмат кўрсатади. Сайёҳларни пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилдириш, қишлоқнинг ўзига хос табиати билан таништириш имконияти бор.

– Маҳалламизда оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, аҳоли тадбиркорлик қила бошлагач, ўтган йил биз ҳам шу ишга қўл уриб, уйимиздан иккита хона ажратдик, – дейди яна бир оилавий меҳмон уйи бекаси Офият Худойбердиева. – Ҳовлимиздан оқиб ўтадиган сой бўйида ёзда дам олиш учун жойлар тайёрладик. Меҳмонлар келяпти. Қишда кам бўлади, лекин ёз пайтларида четдан ҳам, ўзимиздан ҳам кўп сайёҳлар келиб дам олиб кетади. Бизникига келган меҳмонлар томорқамиздаги кўл, узумзор ва боғимизга қизиқади.

Терсакнинг энг баланд тоғ этагида яшовчи Илҳом Қайсаров ўз уйидан учта хонани оилавий меҳмон уйи сифатида ажратган.

– 2019 йилда шу иш билан шуғулланишни бошлагандик, – дейди И.Қайсаров. – Ўзимизга яраша мижозларимиз бор, олдиндан буюртма бериб қўйиб, келиб дам олиб кетишади. Интернетга маълумотларни жойлаштириб қўйганман. Франция ва Россиядан кўп мурожаат бўлади. Уларнинг талабига қараб имконият яратиб берамиз. Икки-уч кун, бир ҳафтагача шу ерда қолиб, биз билан бирга яшашади. Бугун Терсак ҳар қачонгидан ҳам гўзал ва мафтункор кўриниш олган. Қишлоқдаги сойдан оқиб турган зилол сув, боғлардаги қушлар овози, мусаффо ҳаво ҳар қандай кишига завқ беради.

Ғолиб Ҳасанов,

Алишер Исроилов (сурат), ЎзА


Киритилган вақти: 12/05/2022 20:57.   Кўрилганлиги: 431
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/prezidentimiz-tashabbusi-amalda-tersak-zamonaviy-turizm-qishlogi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.