Давлатимиз раҳбари Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида ташкил этилган Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти кўргазмаси билан танишди.
Маълумки, шу кунларда Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтмоқда. Бу мамлакатимиздаги очиқлик ва эркинлик, улкан сайёҳлик салоҳиятининг эътирофи, дейиш мумкин.
Ушбу омилларга таяниб, юртимизда туризмни ривожлантириш учун барча қулайликлар яратилмоқда. Салкам юзта мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин. Яна 55 та давлат сайёҳлари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилган.
Туризм инфратузилмаси ҳам ривожлантирилиб, меҳмонхоналар, саёҳат жойлари ва йўналишлари кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида 15 мингта янги меҳмон ўрни ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 140 мингтага етди. 540 та дам олиш маскани барпо этилиб, 70 та туризм маршрути очилди. 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев бу соҳада ҳали имкониятлар кўплигини, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг йиғилиши уларни кўрсатиш учун қулай фурсат эканини таъкидлаган эди. Катта майдон ана шу мақсад йўлида яратилди.
Унда мамлакатимиз 14 ҳудудининг туризм ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилган. Зомин, Чорвоқ, Чимён каби хуштабиат гўшаларнинг туристик-рекреацион имкониятлари, туризм қишлоқларининг манзаралари, эко ва экстремал саёҳат манзиллари ҳақида маълумотлар жамланган.
Туризм қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекистон аэропортлари” ва “Ўзбекистан вертолётлари” каби стендлар ташкил қилинган. Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг туризм салоҳияти, хорижий ҳамкорлар иштирокидаги стартап лойиҳалар ҳам тақдим қилинган.
Умуман, кўргазмада жами 2 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар инвесторларга тақдим этилади.
Давлатимиз раҳбари Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили билан бирга экспозицияларни кўздан кечирди. Ҳудудлардаги диққатга сазовор манзиллар атрофида туризм масканлари барпо этиб, қулайликларни кенгайтириш, инвесторлар билан аниқ лойиҳаларни шакллантириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.