Президентимиз жорий йил 22 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Видеомулоқот тарзидаги учрашувда вилоятимиз тадбиркорлари “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва Самарқанд шаҳридаги студиялардан иштирок этди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан беш йўналишда муҳим ташаббусларни билдирди. Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган бу ташаббуслар самарқандлик тадбиркорларни ҳам руҳлантирди.
– Давлатимиз раҳбари ўтган йил илк бор тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, учрашувгача ва ўша тадбирдаги маърузаларида олдимизда турган жуда кўп муаммоларни ечиб берган эди, – дейди “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари Ж.Ҳайдаров. – Ўша учрашувда билдирилган ташаббуслар, айтилган фикрлар қисқа вақтда бир қатор фармон ва қарорлар, қонунлар қабул қилиниши билан ҳуқуқий асосга эга бўлди. Тадбиркорлар жуда кўп имтиёз ва енгилликлардан фойдалана бошлади. Экспорт, импорт бўйича яратилган қулайликлар фаолиятимизда ўз ижобий натижаларини бера бошлади.
“Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар мисолида айтадиган бўлсам, 2021 йилда 2,5 триллион сўмлик айланма маблағ ва 60 миллион долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 7 ойида 57 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришдик. Кечаги мулоқотда ҳам Президентимиз тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим ташаббусларни билдирди.
Жумладан, эндиликда корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Яъни, 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес, 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес, 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради. 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди. Яна бир муҳим янгилик – келгуси йилдан кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг 50 фоизини тўлайди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилади. Буларнинг барчаси тадбиркорларимиз учун жуда катта имконият ҳисобланади ва бу пировардида иқтисодиётимиз барқарорлиги, янги иш ўринлари яратиш ҳамда халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Мулоқот давомида Ургут туманидаги “SAM ELEKTRO SERVIS” хусусий корхонаси раҳбари Соҳиб Азимов маиший техника воситалари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёни хориждан импорт қилишда имтиёз яратиш юзасидан давлат раҳбаридан кўмак сўради. Президентимиз бу масала белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, масалага ижобий ечим топилишини билдирди.
– 2017 йилда тўлиқ ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганимизда 120 нафар ишчи билан уч турдаги маҳсулот ишлаб чиқарардик, – дейди Соҳиб Азимов. – Президентимизнинг биз – тадбиркорларга бўлган эътиборлари, берилган имтиёз ва қулайликлардан оқилона фойдаланиш натижасида замон талабига жавоб берадиган бир қанча янги лойиҳалар ишлаб чиқдик. Ҳозирда корхонамизда қирқ турдан зиёд маиший техника жиҳозлари ишлаб чиқаряпмиз. Бу маҳсулотларни ички бозорда сотиш билан чекланмай хорижга ҳам экспорт қиляпмиз.
Ўтган йил 1 миллион долларлик экспортни амалга оширган бўлсак, жорий йилда ушбу кўрсаткични 5 миллион долларга етказмоқчимиз. Ўтган йил давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифлари давомида бизнинг корхонамизда ҳам бўлиб, менга 1200 та ишчи ўрни яратиш юзасидан топшириқ берган эди. Шундан келиб чиқиб, икки йилга мўлжалланган 10 та янги лойиҳа ишлаб чиқдик. Уларнинг 6 таси жорий йилда амалга оширилади. Мана бугун 2 гектар майдонда корхонамизнинг яна бир янги ишлаб чиқариш заводини ишга туширдик. Ушбу корхонанинг дастлабки маҳсулотини тўлиқ экспорт қилишни режалаштирганмиз. Президентимизнинг бу галги очиқ мулоқотлари ҳам бизга жуда катта имкониятлар яратди, қўлимизни узун қилди, ғайратимизга шижоат бағишлади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.