Самарқанд вилояти ҳокимлиги
w w w . s a m a r k a n d . u z
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз
– Қишлоғимиз йўлида юриб бўлмайди, ёзда – чанг, тупроқ, ёғинчарчилик бошланса – лой. Йўлимизни созлаб беринг!
–
Ўтган асрнинг 70 йилларида қишлоғимизга электр энергияси келган, ўша пайтда қурилган трансформатор ва симёғочлардан фойдаланамиз. Афсуски, уларнинг аксарияти муддатини ўтаб, яроқсиз бўлиб қолди. Янгилаш керак.
– Болаларимиз 10 километргача йўл босиб мактабга боришига тўғри келади. Баҳор ва кузда бир амаллаб бориб келишади, лекин қишда жуда қийин-да. Фарзандларимизни мактабга юбориб, биз ота-оналар юрак ҳовучлаб ўтирамиз эсон-омон бориб келсин, деб. Мактаб қуриб беринглар ёки транспорт қатновини йўлга қўйишда ёрдам беринг!
– Артезиан қудуқларимиз ишдан чиққан, ўзимиз қазиб олган қудуқлардан сув ичамиз. Ичимлик сув тармоқлари янгиланса, дегандик...
Бу – Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш, аҳоли турмуш тарзи билан танишиш мақсадида июль ойи ўрталарида Пайариқ туманининг энг чекка, вилоят марказидан қарийб 100 километр олисдаги Ғаллакор маҳалласида ўтказган учрашувида билдирилган фикрлар, одамларнинг арзи.
Мазкур маҳалла ва ҳудуддаги бошқа аҳоли пунктлари вакилларининг мурожаатларини ҳоким ҳамда вилоят ва туман масъуллари эшитиб, ҳар бир масала юзасидан чора-тадбирлар белгиланганди. Мурожаатлар ижроси бир ойдан кейин ўрганилиши айтилган эди.
Хўш, учрашувдан сўнг ғаллакорликлар ҳаётида нима ўзгарди? Муаммолар ҳал этилдими?
Шу ва бошқа саволларга жавоб излаб Ғаллакорга йўл олдик. Бир ой олдин тиззагача тупроқ, улов юрса атрофни чанг қоплайдиган йўлларга тош-шағал тўшалибди, қишлоқ ичи асфальт қилинган. Тоғлар орасидаги қишлоқларга ҳам автомашина ва бошқа транспорт воситаларида бемалол бориш мумкин, шинани тош тешиши мумкин, тупроқ ёки лойда ботиб қолади, деган хавотир йўқ.
Аҳоли яшаш манзилларига яқинлашишингиз билан кенг кўламдаги қурилиш, ободонлаштириш ишларига гувоҳ бўлади. Йўлсозлар сўнгги юмушларни бажараётган бўлса, катта юк машиналарида келтирилган темирбетон устунлар пешма-теш ўрнатилиб, янги электр тармоғи тортилмоқда. Сувчилар ишдан чиққан иншоотларни янгилашга киришган. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари эгалари ҳам бу ишлардан четда қолмаган, ўзи ишлайдиган масканни обод қилиб қўйишга ҳаракат бошлаган. Боғча, мактаб ҳам маҳалланинг янгича қиёфасига мослаштирилмоқда.
Маҳалла раисини фуқаролар йиғини учун янги қурилаётган бино ҳашарида учратдик.
– Хуш келибсизлар! Бир ойдан буён маҳалламизда ана шу кун – ҳаёт қайнаяпти-да – дейди Ғаллакор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳрулла Шакаров. – Очиғи, бизнинг қишлоғимиз ҳам “Обод қишлоқ” дастурига киритилармикан, муаммоларимиз ҳал бўлармикан, деган умидда вилоят ҳокимига мурожаат қилган эдик. Кейинги йилларда дастурга киритилиб, ишлар бошланса ҳам катта гап, деб ўйлагандик. Ҳокимимиз қишлоғимизга бира тўла масъулларни ҳам бошлаб келган экан, учрашувдан кейиноқ ишлар бошланди-ку. Вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари шу ерга келиб олди. Мурожаатлар асосида чора-тадбирлар белгиланганди, ҳар бирини сўраб, назорат қилиб турди. Туманимиз ҳокими ҳам кунда, кунора келиб ишларнинг боришини ўрганди. Мана, натижани кўриб турибсиз, бир ойга етмай кўп масалаларимиз ҳал бўлди. Йўлдан юриб келяпсизлар, умуман тош тўшалмаган кўчаларимиз асфальт бўлиб қолди. Булоқбоши қишлоғидаги 1 километр йўлга асфальт ётқизилди. Шу қишлоққача бўлган 6 километр тупроқ йўлга тош-шағал тўшалди. Туркмановулда ҳам 2 километр тупроқ йўл таъмирланди.
Раис билан бирга маҳалла кўчаларидан юриб амалга оширилган ишлар билан танишдик. Ҳудудда олиб борилаётган ишлардан руҳланган аҳоли ҳам ўз хонадони атрофини саранжом-саришта, обод қилишга интилмоқда. Биров уйини таъмирлаяпти, бошқаси деворини сувоқ қилмоқда, ҳовли четидан бетон йўлак қилаётганлар ҳам кўпчилик.
– Туркмановул қишлоғида 2 та, Алангуз ва Йўғонтаёқ қишлоқларида биттадан янги трансформатор ўрнатилди, яна иккитаси энди келтириляпти, – дея сўзида давом этади маҳалла раиси. – Пасткиовул, Марказ ва Йўғонтаёқ қишлоқларида 25 донадан, Қизил қулоқ ва Булоқбошида 20 донадан, Қудуқчада 17 дона, умуман, маҳалламизда шу пайтгача 158 дона яроқсиз ҳолга келиб қолган сим ёғочлар бетон устунларга алмаштирилди. Пасткиовулдаги ишламай турган сув иншооти таъмирланиб, сув чиқарилди. Маҳалламизга киришда ва марказда тунги чироқлар ҳам ўрнатилдики, кечаси ҳам худди кундуздек, шаҳар кўчаларида юргандек ҳис қиласиз ўзингизни. Яна бир катта янгиликни айтайми – Булоқбоши қишлоғимизга 13 километр масофада оптик толали тармоқ тортилди. Энди интернет муаммо бўлмайди. Одамлар уйига тармоқ тортиб оляпти, Wi-Fi ўрнатяпти. Мобил алоқа сифатини яхшилаш учун антена ўрнатиш ишлари ҳам бошланган. 36-мактаб филиали биноси таъмирланиб, янги ўқув йилига тахт қилиб қўйилди. Энг муҳими, ана шу мактабга болаларимиз бориши учун автобус ажратилди. Вилоят ҳокимидан шу масалада ёрдам сўраганимизда, мактаб учун алоҳида автобус берамиз, деганида, тўғриси, кўпчилик ишонмаганди. Энди эса бу гаплар амалга ошиб турибди-да. Бу ўзгаришлардан маҳалладошларимиз кайфияти чоғ, ўзгача ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишмоқда. Эртанги кундан умидлари катта. Ҳа, айтгандай, маҳалламиз учун ҳам янги бино қуряпмиз, асосий ишлар якунига етиб қолди. Насиб этса, кейинги гал келганларингизда янги биномизда кутиб оламиз.
Маҳалланинг паспортига кўз югуртирамиз. 11 минг 500 гектар ҳудудга эга Ғаллакор саккиз қишлоқдан иборат экан, Пайариқнинг энг катта маҳалларидан бири. 1040 дан ортиқ хонадонда 7 мингга яқин аҳоли яшайди. Эътибор беринг, шунча аҳоли орасидан 7 тагина оила кам таъминланган оила сифатида рўйхатда тураркан. “Темир дафтар”да рўйхатга олинган оилалар 5 та, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар 1 нафар. “Аёллар дафтари”да қайд этилганлар нисбатан кўпроқ – 77 нафар. Лекин, барибир, бу рақамлар ғаллакорларнинг меҳнаткаш, рўзғорини обод қилиш учун ўзи ҳаракат қилишидан далолат беради. Аҳоли асосан, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. 26 фермер хўжалигида меҳнат қилувчилардан ташқари, мавсумий ишларда ишловчилар ҳам кўпчилик.
Нима учун бу маълумотларни келтиряпмиз? Демоқчимизки, шунча аҳоли айни вақтгача олис бир қишлоқда шунча муаммолар гирдобида, эртанги кундан умид қилиб яшаган. Президентимиз раҳбарларни энг қуйи тизимда, одамлар орасида юриб, маҳаллабай, хонадонбай ишлашга даъват этиши, мамлакатимизнинг ижтимоий сиёсати ушбу тамойилга асослангани туфайли уларни йиллар давомида қийнаб келган масалалар қисқа фурсатларда ҳал этилмоқда.
Бўлар экан-ку. Бир неча йиллик муаммоларга бир неча ойларда ечим топиш имконияти бор экан-ку. Маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашганимизда қайта-қайта айтилган сўзлар шу бўлди. Ростдан ҳам раҳбарларнинг олис қишлоқларгача кириб бориши, одамларни тинглаши натижасиз, беиз кетмаяпти. Мана давлат раҳбари қўяётган талабнинг моҳияти, мана инсон қадри учун тамойилининг амалий ифодаси.
– Беш нафар фарзандимнинг 4 нафари мактабга боради, – дейди Севара Худоёрова.
– Мактаб узоқлиги сабабли топган пулимиз болаларнинг пойабзалига сарфланарди. Шунинг учун вилоят ҳокимига ушбу муаммо ҳақида айтиб ёрдам сўрагандик. Худога шукр, янги ўқув йилидан болаларимиз мактабга автобусда қатнайди.
Ҳа, дарвоқе, Пайариқда (юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам) Ғаллакор сингари олис маҳаллалар кам эмас. Биргина шу ҳудуднинг ўзида бир неча минг аҳоли яшаётган Накурт ва Кўлтўсин маҳаллалари ҳам борки, Ғаллакорда бошланган ишлар бу қишлоқларда ҳам давом этмоқда, ҳудудлар инфтратузилмаси яхшиланиб, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратилмоқда.