Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Нукус туманини ҳар томонлама ривожлантириш учун Самарқанд вилояти томонидан 898,5 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган

Нукус туманини ҳар томонлама ривожлантириш учун Самарқанд вилояти томонидан 898,5 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир вилоятга Қорақалпоғистон Республикасидаги туманлар бириктирилиб, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш дастурлари белгилаб берилганди.

Хусусан, вилоятимизга Нукус тумани бириктирилиб, у ерда аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий, ижтимоий хизматларни яхшилаш, қурилиш-бунёдкорлик, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, янги корхоналарни ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш мақсадида 898,5 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Биргина маданий-маърифий соҳада 13,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Ақманғит, Бақаншақли, Арбаши, Тўктов, Кердер маҳаллалари учун янги маҳалла маркази биноси, кутубхона, касб-ҳунарга ўқитиш маркази, таъмирталаб маданият уйи ўрнида янги бино қуриш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолини спортга жалб қилиш учун мини стадион, 10 та маҳаллада WORK OUT майдончаси ташкил этилди.
- 102,5 миллиард сўм маблағ эвазига “Имам Эшан” масжидини капитал таъмирлаш, 6,5 гектар майдонда хотира хиёбони барпо этиш, деҳқон бозори билан бирга, замонавий йирик савдо мажмуаси қуриш ва туман марказидаги истироҳат боғини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда, - дейди вилоят штаби вакили Ҳусан Шерматов. - Туман марказидаги мавжуд 4 та икки қаватли уйнинг том қисми, 5 километр ички йўл таъмирланмоқда ва атрофи ободонлаштирилмоқда. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 3 та сув насоси ўрнатиш, электр таъминотини яхшилаш учун 10 та трансформаторни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Таълим, соғлиқни сақлаш объектларидаги шароитни яхшилаш учун 1,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан умумтаълим мактабларида ортиқча юкламани камайтириш учун Бақаншақли маҳалласидаги 2 ва 15-мактабда қўшимча бино қурилмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида туман марказий шифохонасига 3 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилинди.
- Вилоятимиздаги ўндан ортиқ малакали врачлар иштирокида Нукус тумани аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди, - дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Кўрик давомида жами 322 фуқаро, 48 нафар уйда ётоқда қолган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди, 19 та юқори технологик операция ўтказилди. Рўйхатда турган 42 нафар фуқаро тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, 3 та кардиожарроҳлик, 6 та офтальмологик, 1 та травматологик, 1 та нейрохирургик, 2 та хирургик касалликлар бўйича юқори технологик операциялар амалга оширилди. Шунингдек, қўшимча 280 бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, уйида ётиб қолган 48 нафар беморда жарроҳлик амалиёти бажарилди. 42 нафар эҳтиёжманд ва бемор фуқаро Самарқанд шаҳрида даволанди.
Тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 100 нафар фарзанди Ургут туманидаги “Чорчинор” оромгоҳида соғломлаштирилди. Кам таъминланган 8 оиланинг уй-жойи таъмирланмоқда, 300 хонадонга 10 мингдан ортиқ мевали дарахт кўчати берилди, 250 хонадонда иссиқхоналар ташкил этилди. Оилалар даромадини ошириш ва бандликни таъминлаш учун 200 хонадонга 6 минг бош парранда ва 3 та маҳаллага 10 та инкубатор, 20 та хонадонга 80 бош эчки тарқатилди.
Қайси ҳудуд бўлмасин, тадбиркорликни ривожлантирмасдан, ишсизликни камайтириб, аҳоли даромадини оширмасдан туриб, иқтисодий фаровонликка эришиб бўлмайди. Шу боис вилоятимиз масъуллари томонидан Нукус туманида тадбиркорликни ривожлантириш борасида 513,1 миллиард сўмлик 34 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Нукус туманининг "Қиронтов" овул фуқаролар йиғини Шўртанбой қўрғони аҳолиси шу кунгача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва чорвачилик билан шуғулланиб келган. Вилоят ҳокимлиги томонидан қуриб битказилган янги “Ақманғит Камалак инвест” масъулияти чекланган жамияти тикувчилик корхонасининг ишга туширилиши эса бу ерда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган дастлабки лойиҳа бўлди.
- Бу ерда қиймати 5,4 миллиард сўмлик лойиҳа асосида корхонамизнинг текстиль ва кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган филиалини ташкил этдик, - дейди корхона ижрочи директори Муроджон Абдуллаев. – Ҳозирда корхонада 100 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлса, кейинги босқичда 150-170 нафар аёллар доимий иш ўрнига эга бўлади. Корхонага Туркиядан мутахассисларни олиб келдик. Хомашё эса Самарқанд ва Тошкент вилоятидан келтирилмоқда. Ушбу корхонада йилига 100 минг дона болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулот ҳозирча ички бозорга, кейинчалик хорижга сотилиши режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги иқтисодий тараққиётнинг муҳим соҳаларидан ҳисобланади. Туманда бу йўналишни ривожлантириш, даромадли соҳага айлантириш мақсадида 10,2 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилди.
- Нукус туманида дастлаб мутахассисларимиз томонидан ўрганишлар олиб борилиб, фойдаланишдан чиққан 2176 гектар ер майдонини экин экишга мос ерга айлантириш чоралари кўрилди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Содиқжон Ҳакимов. - Ҳозирда ушбу майдонларнинг 524 гектарида полиз-сабзавот, 950 гектарида озуқа, 500 гектарида дуккакли, 82 гектар майдонда мойли экинлар экилди ва 120 гектар боғ яратилди. Ирригация ва мелиорация тадбирлари доирасида 40 километр ички ариқлар, 10 километр зовур ва коллекторлар тозаланди. Сувсизликка чидамли, тез ҳосилга кирувчи юқори даромадли мева кўчатлари ўтқазилди. Аҳолига деҳқончилик ва қишлоқ хўжалигида малакаси бўлмаган экин ва ўсимлик турларини етиштириш, даромад олиш бўйича кўмак берилди. Маҳсулот етиштиришнинг кўп йиллар олдинги усулидан воз кечиб, суғориш ва деҳқончиликнинг бугунги замонавий тизимлари кўрсатилди. Қардошларимиз чўл ҳудудида меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган. Қишлоқ хўжалигидаги янгиликларни тез ўзлаштиришмоқда, ҳар бир янги экин, замонавий воситаларга қизиқиши баланд.
Вилоятимиз масъуллари Нукус туманини янада обод гўшага, ишлаб чиқариш ва иқтисодий барқарор ҳудудга айлантириш учун барча чораларни кўрмоқда.
Ўктам Худойбердиев.

Киритилган вақти: 13/07/2022 17:50.   Кўрилганлиги: 307
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/nukus-tumanini-har-tomonlama-rivojlantirish-uchun-samarqand-viloyati-tomonidan-8985-milliard-somlik-loyihalar-ishlab-chiqilgan

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.