Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси ҳамда жамоатчиликнинг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш муассасалари ускуналарини модернизация қилиш;

ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёзлар бериш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш.

2. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60фоизга етказиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Мазкур кўрсаткичга эришиш доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2023 йилда муҳтож шахсларни хорижий технологиялар асосида тайёрлангансифатли замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари, шу жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминласин.

3. Белгилансинки:

а) 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинади.

Бунда:

фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ва ногиронликни белгилаш билан бир вақтда тегишли протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун тиббий хулоса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилади;

протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун талаб этиладиган тиббий хулосанинг мавжудлиги ўзаро ахборот алмашинуви орқали аниқланади;

“Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилган тиббий хулоса асосида мазкур ахборот тизимига интеграция қилинган “Ижтимоий хизмат” электрон платформасида ногиронлиги белгиланган шахснинг мурожаати (шу жумладан, электрон тартибда) асосида протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун электрон сертификат шакллантирилади;

б) ногиронлиги бўлган шахсларни “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси орқали, шу жумладан, замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда жорий этиладиган шаффоф электрон навбат доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахсларга устуворлик берилади.

Бунда, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш учун сўровномалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидан битта сўровнома ва умумий рўйхатдан битта сўровнома тартибида навбатма-навбат шакллантирилади.

4. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхатини кенгайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Белгилаб қўйилсинки, ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи (йўлда кузатиб борувчи) бир нафар фуқаро учун давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан, шу жумладан, давлат хизматлари марказлари, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият муассасаларида фуқароларнинг бевосита ҳозирлигида (жойида) кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш, давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёз берилади.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади, жумладан:

стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади;

болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади.

7. Белгилаб қўйилсинки, педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканлигини аниқлаш мақсадида уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларининг йўлланмасига асосан қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби бекор қилинади.

8. Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий бепул ёрдам олишларига (pro bono) кўмаклашиш учун “Юридик ёрдам” ахборот тизимида адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар фойдаланиши учун очиқ бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатлари бўлими яратилади.

Бунда:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий бепул юридик ёрдам (pro bono) олиш бўйича мурожаатлари “Юридик ёрдам” ахборот тизимига киритилади ҳамда ихтиёрий ёрдам кўрсатилиши учун адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар эътиборига етказилади;

ихтиёрий бепул юридик ёрдам кўрсатиш истагида бўлган адвокатлик тузилмалари ҳамда адвокатлар учун бундай ёрдам таклиф қилишнинг техник имконияти яратилади;

адвокатлик тузилмалари ва адвокатлардан улар кўрсатган ихтиёрий бепул юридик ёрдам (pro bono) тўғрисида ҳисобот талаб қилинмайди.

9. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

а) ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи шахсларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзларнинг ягона рўйхатини шакллантирсин ва доимий янгилаб борсин;

Адлия вазирлиги билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқаролар учун белгиланган имтиёзларнинг ягона рўйхатини “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилиб, Интернет тармоғи орқали мунтазам ёритиб боришни таъминласин;

б) Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда уч ой муддатда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов муддатини қўллаш масаласини хорижий илғор тажрибалар асосида ўрганиб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

 10. Белгилансинки, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Махсус педагогика, дефектология” магистратура мутахассисликлари бўйича давлат олий таълим муассасаларига қабул тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Бунда, давлат гранти асосида ўқитиш давлат олий таълим муассасалари магистратурасига ажратилган давлат гранти асосидаги умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.   

11. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

2023/2024 ўқув йилига қабул жараёнидан бошлаб қабул тартиби, тест синовлари тўғрисида абитуриентларга маълумот бериш учун тайёрланадиган материаллар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлиши, жумладан, видеороликлар сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилишини таъминласин;

таълим олаётган ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун ногиронлиги бўлган шахснинг оила аъзоси ёки бошқа шахсларга олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахснинг ёнида бирга бўлиши учун шароит яратиш чораларини кўрсин.

12. Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5217-сон қарори 2-бандининг ўнинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“болалар церебрал фалажи, умуртқа поғонасининг патологик синиши билан касалланган болалар ва катталарда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказларини 2021-2022 йилларда 28 та, шундан 2021 йилда 14 та замонавий экзоскелет ускунаси, 2023 йилдароботлаштирилган локомат тўплами ва бошқа замонавий реабилитация ускуналари билан таъминлаш”.

14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур қарорнинг 2, 6ва 13-бандларида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш 2023 йилда Давлат бюджетидан тегишли соҳаларга ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилишини, 2024 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда зарур маблағларни инобатга олсин.

15. Адлия вазирлиги:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларга берилган имтиёзлар, ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларга ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларидан фойдаланишлари учун қулай шароитлар яратиш ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятининг аҳоли ўртасида тушунтирилишини, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали мунтазам равишда ва кенг кўламда ёритиб борилишини таъминласин.

16. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2023 йил 27 февраль


Киритилган вақти: 27/02/2023 15:49.   Кўрилганлиги: 254
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/nogironligi-bolgan-shaxslarni-qollab-quvvatlash-tizimini-takomillashtirishga-doir-qoshimcha-chora-tadbirlar-togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.