Афсуски, бугун аҳолида, ҳатто, айрим раҳбарларда ҳам шундай тушунча шаклланди.
Ҳоким хабардор бўлган ёки ҳокимга айтилган мурожаат белгиланган вақтда ечим топаётгани, яъни ортидан сўраб турилгани сабаб дарди бор инсон ҳаммаси масалани биринчи раҳбарга айтишни истайди. Қабулни кутади. Ўтган йил вилоят ҳокимининг Иштихон туманидаги маҳаллалардан бирида ўтказган сайёр қабулида ўғлининг 6 ойлик иш ҳақини бермаётган корхона раҳбаридан шикоят қилганди бир отахон. Масъулларга топшириқ берилиб, мурожаат назоратга олинди.
– Икки ой деярли кунора борсамда пул йўқлигини айтиб, қуруқ қайтарган раҳбар ҳокимга мурожаат қилганимдан сўнг, уч кун ўтиб ўғлимнинг ойлик иш ҳақларини ҳаммасини берди, – дейди отахон. – Пули бор эканку ёки зўр келгандан кейин топиб бердими? Нима бўлганда ҳам айрим раҳбарлар оддийгина масалаларда аҳоли вилоят ҳокимига ёки юқорига мурожаат қилишни кутиб ўтириши шарт эмас, деб ўйлайман. Аслида ҳар бир мутасадди ўз ишини виждонан бажарса, қонун-қоидага амал қилса, идорама-идора шикоят қилиб юришга ҳожат қолмасди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг навбатдаги сайёр қабули 2 июнь куни Самарқанд шаҳридаги “Ватанпарвар” боғида ўтказилди. Бу ҳақдаги хабар икки кун олдин эълон қилинди ва қабул фақат шаҳар ёки шаҳар атрофидаги туманлар аҳолиси учун, дейилмади. Демак вилоятнинг барча ҳудудидан кишилар келиб, ўз муаммосини айтиши, масалаларига ечим топиши мумкин эди. Амалда ҳам шундай бўлди. Қабул бошланган пайтда, эрталаб соат 8 даёқ рўйхатдан ўтган фуқаролар 200 нафардан ортиқ эди. Кейин, соат 9 да уларнинг сони 450, соат 11 да 800 нафардан ошди. Шу пайтгача бундай сайёр қабулларда ҳеч қачон мурожаатчилар 800 нафарга етмаган эди.
Хуллас, қарийб саккиз соат давом этган сайёр қабулда 1023 та мурожаат қайд этилди. Энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳридан (430 та) тушди. Пастдарғом (169 та) ва Самарқанд (115 та) туманларидан келган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Буни кимдир аҳолининг мурожаатлари кўпайиб кетгани билан изоҳлади, яна биров жойлардаги раҳбарларнинг фуқаролар мурожаатларига эътиборсизлигига йўйди.
Айрим кишиларнинг боқимандалик қилиб, фақат давлатдан, ҳокимиятдан ёрдам сўрашга одатланиб қолгани ҳам мурожаатчилар сони ошиб бораётганига сабаблардан бири сифатида айтилди. Бу фикрларда жон борлиги қабул давомида аён бўлди.
Қабулда Э.Турдимов билан бирга вилоятнинг қолган уч сектор раҳбари – вилоят прокурори, ИИБ ва давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят Халқ қабулхонаси мудири ҳам аҳоли мурожаатларини эшитди. Қолаверса, шу ерда бўлган вилоят бошқарма ва идоралар, ташкилотлар раҳбарлари, аҳоли мурожаатлари билан ишлашга масъуллар ҳам одамларни тинглашга, муаммосига ечим топишга келганди. Аммо, ҳар бир мурожаатчи дардини вилоят ҳокимига айтишни истарди.
– Қабулга келиб, рўйхатдан ўтдингизми, қайси сектор раҳбарига ёки бошқа масъулларга айтишингиздан қатъи назар, сиз кўтарган масала ва унинг ечими вилоят ҳокимлигининг назоратига олинади, – деди Э.Турдимов мазкур ҳолатга муносабат билдириб. – Кўряпсиз, барча жараён видеотасвирга олинмоқда, суратга тушириляпти. Бу ҳеч бир масала, ҳеч бир мурожаатчи эътибордан четда қолмаслигидан далолат. Аҳолининг қонуний талаб ва истакларини албатта, бажарамиз ва барчамиз бунга масъулмиз. Лекин қабулда турли хил ҳолатлар қайд этилди.
Умумманфатидан келиб чиқиб айтилган мурожаатлар билан бирга шахсий масалалар, жумладан, уй-жой, ер олиш ёки хонадонини таъмирлаш бўйича ҳам мурожаатлар кўп бўлди. Бундай тоифадаги кишиларга уй-жой учун давлат томонидан субсидия берилаётгани, ер майдонлари фақат аукцион савдосига чиқарилиши, моддий ёрдам ажратиш электрон платформа орқали амалга оширилиши тушунтирилди. Айрим кишилар эса ҳеч иккиланмай кредитни тўлашда ҳокимликдан, давлатлар ёрдам сўради. Бундай фуқароларга ишлаш, меҳнат қилиб, ҳаётини фаровон қилиши тушунтирилди.
Тиббий хизмат юзасидан мурожаат қилган фуқароларнинг аксариятининг масаласи шу ернинг ўзида ҳал этилди. Уларнинг саломатлигини тиклаш, мураккаб жарроҳлик амалиётини бажариш учун вилоятимиздаги ихтисослаштирилган тиббий марказлар масъул этиб белгиланди. Заруратга қараб, бунинг учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши ҳам айтилди. Бироқ, айрим шахсларнинг юртимизда имконият бўла туриб, хорижда даволаниши учун давлатдан пул сўрашига рад жавоб берилди.
– Ўзбекистонда жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин бўлган ҳолатда ушбу операцияни хорижда ўтказиш учун моддий ёрдам кўрсатмаймиз. Марҳамат, ўзимизда операция қилдиришга имкон қадар ёрдам берамиз, – деди Э.Турдимов.
Қабул давомида яна бир тоифа кишиларнинг шахсий манфаат илинжида ўзини ҳар кўйга солиб, барчанинг эътиборини қаратишга интилиши, роль ўйнаши кўпчиликнинг таъбини хира қилди. Албатта, бундай тоифадаги кишиларга қонун талаблари тушунтирилди. Хуллас, қабулга келган ҳар бир мурожаатчи эшитилди. Муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди, имконсиз масалаларга рад жавоб берилди. Сайёр қабулдаги мурожаатларнинг ижроси тез кунда муҳокама этилиши белгиланди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.