Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчиларининг 166 нафари тадбиркор

Маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчиларининг 166 нафари тадбиркор

Хабар қилганимиздек, вилоят ҳокимининг 2022 йил 11 январь куни қабул қилинган фармойишига кўра,

вилоятимиздаги 1120 та маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари тайинланади.

Шу муносабат билан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, мазкур янги тизим ва ҳоким ёрдамчиларининг вазифалари ҳақида маълумот берилди.

– Маҳаллабай ишлаш тизими бўйича дастлабки ишлар вилоятимизда ўтган йил бошланган эди, – деди Ж.Ўроқов. – Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармони билан бу ишлар такомиллашди ва янгича тизим йўлга қўйилди. Ўтган йилнинг декабрь ойидан ҳоким ёрдамчилигига номзодлар рўйхати шакллантирилиб, улар билан ўқувлар ташкил этилди, мақсад ва вазифалар тушунтирилди. 11 январдан расман ишга қабул қилинган 1120 нафар ёрдамчиларнинг 241 нафари шу пайтгача раҳбарлик лавозимида, 135 нафари ўринбосар сифатида, 741 нафари бўлим мудири, бош мутахассис бўлиб фаолият олиб борган. Шунингдек, улар орасида 166 нафар тадбиркорлар бор. 39 нафар хотин-қизлар ҳам ёрдамчи сифатида маҳаллада иш бошлади. Ҳоким ёрдамчилигига тайинланган шахсларнинг аввалги иш жойидаги лавозими икки йилгача муддатга сақлаб қолинади ва бу даврда ушбу лавозимга бошқа шахсларни муддатли меҳнат шартномаси асосида вақтинча ишга қабул қилинади.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини тўғри ташкил қилиш мақсадида уларнинг биринчи чорак иш режаси, ҳужжатлар жойлашуви номенклатураси тасдиқланди. Иш жараёнида фойдаланиши учун тайёрланган 84 варақдан иборат қўлланма ҳамда маҳалланинг иқтисодий кўрсаткичлари билан ишлаш бўйича асосий вазифалари жамланмаси етказилди. Ҳозирда ҳоким ёрдамчилари “Йўл харитаси” бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиларининг доимий равишда, иқтисодий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчилари телеграм канали ташкил этилиб, унга иш жараёнида фойдаланишлари учун 50 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар рўйхати ва ушбу  ҳужжатлар электрон шакли киритилди. 

Ҳозирда ҳоким ёрдамчилари томонидан вилоятдаги барча маҳаллаларда хонадонбай хатлов ишлари амалга оширилаётган бўлиб, ҳар бир хонадон билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган. Вилоятда 100 та маҳалла фуқаролар йиғинини намунали маҳаллага айлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқяпмиз.

2022 йилда аҳолини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини-ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича ажратиладиган 196 миллиард 953 миллион сўм субсидияларнинг мақсадли параметрлари маҳалла кесимида, ҳар бир ҳоким ёрдамчисига тақсимланди.

Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги 62-сон қарорига мувофиқ, маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси, шунингдек, 16 та туман (шаҳар)даги марказлар фаолияти тузилмалари тасдиқланиб, улар зарур воситалар билан таъминланди.

Матбуот анжумани давомида Ж.Ўроқов журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.


Киритилган вақти: 13/01/2022 08:56.   Кўрилганлиги: 512
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/mahallalarga-tayinlangan-hokim-yordamchilarining-166-nafari-tadbirkor

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 14

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.