Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Кечаги кимсасиз даштлар бугун боғу роғларга айланмоқда

Кечаги кимсасиз даштлар бугун боғу роғларга айланмоқда

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлашда қишлоқ хўжалигининг ўрни муҳим, албатта. 

Шунга кўра сўнгги йилларда аграр сектордаги ислоҳотларни бекаму кўст амалга ошириш, соҳага илм-фан ютуқлари, илғор технология, инновацион усулларни кенг жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида соҳада жами 51 та кластер фаолият кўрсатяпти. Шулардан 9 таси пахта-тўқимачилик, 23 таси ғаллачилик, 13 таси мева-сабзавотчилик, 5 таси картошкачилик ва биттаси доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослашган. Уларга 200 минг гектар ер майдони ажратилган.

Тизимга янгиликларни изчил жалб этиб келаётган вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари бу йилги мавсумда сув тақчиллиги кузатилгани ва табиат инжиқликларига қарамай, ғалладан 627 минг тонна хирмон кўтарган бўлса, 244 минг тонна пахта етиштириб, ҳар гектардан 32,4 центнер ҳосил йиғиб олинди. Айни пайтда пахтачиликда рентабеллик даражаси 22 фоизга тўғри келмоқда.

Бунга кўп жиҳатдан вилоятда 9 та пахта-тўқимачилик кластери асосида иш юритилаётгани қўл келаётир. Суғориш қийин, ер унумдорлиги нисбатан паст бўлган майдонларда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерлари тез орада ўз самарасини кўрсатди. 5400 гектар ерда томчилатиб суғориш усули йўлга қўйилди. Харажат фермер хўжаликларидан кўра 30 фоизга қисқарди. Пахтадан ўртача 33 центнердан ҳосил олинди.

Бундан ташқари 1,7 миллион тонна сабзавотлар, 711 минг тонна картошка, 128 минг тонна полиз маҳсулотлари, 379 минг тонна сарҳил мевалар, 565 минг тонна узум, 3 минг тонна пилла, 315 минг тонна гўшт ҳамда 1,4 миллион тонна сут тайёрлашга эришилди.

Ерни ҳақиқий эгасига бериш, айниқса, маҳсулот етиштиришдан тортиб уни сотишгача бўлган агробизнеснинг яхлит занжирини ўз ичига қамраб олган кластер моделини ва кооперация тизимини йўлга қўйиш ўз натижаларини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга вилоятда “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида 121 та маҳалла сабзавот, картошка, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилди. Эътиборлиси, уларнинг нафақат ички бозорни тўлдиришда, балки экспортда ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Жорий йилда вилоятдан 54 та давлатга 105 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 130 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

Яна бир долзарб жиҳат. Президентимизнинг “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида пиллани қайта ишлаш корхоналари тўлиқ модернизациялаштирилди. “Кумуш тола ижодкорлари” тўрт мавсумда 3 минг тоннага яқин қимматбаҳо саноат хом ашёси тайёрладилар. Ҳозирга қадар 14 миллион АҚШ долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари хорижга экспорт килинди.

Бундан ташқари паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тармоқларда ҳам олдинги йилларга қараганда кўпроқ маҳсулот етиштиришга эришилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга каратилган инвестициявий лойиҳаларнинг ижросини таъминлаш буйича манзилли ишлар рўёбга чиқариляпти.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 15 минг гектар ерда интенсив боғ мавжуд бўлиб, бу йил 3,5 минг гектарда янги боғлар барпо этилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, илгари интенсив кўчатлар импорт йўли билан хориждан келтирилган бўлса, бугунги кунда Жомбой ва Тойлоқ туманларида фаолият кўрсатаётган замонавий IN-VETRO лабораторияларида бир миллион тупдан ортиқ истиқболли ҳисобланган бодом, ёнғоқ, гилос, олма, шафтоли, ҳаттоки узум кўчатлари тайёрланиб, фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқалари учун етказиб берилмоқда.

— Жорий йилда биргина Самарқанд туманида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга қаратилган қиймати 82 миллиард сўмлик 18 та лойиҳани амалиётга жорий этиш ҳисобидан 200 киши иш билан таъминланди, — дейди Самарқанд вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Асомиддин Ўринов. — Ҳар бири 36-40 нафар иш ўрнини яратган “Зарафшон парранда инвест”, “Агро бахт саховати” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхоналарда ишга туширилган йирик лойиҳалар шулар жумласидан.

Самарқанд туманидаги “Курбон Азизов” кўп тармоқли фермер хўжалиги ҳам намунали ишлаб чиқариш субъектлари сирасига киради. Қишлоқ мулкдорлари узум ва мева етиштиришда лойиҳа қиймати 136 минг АҚШ долларига тенг сувни тежовчи технологияларни қўллаш ҳисобидан Илонсой қир-адирликларидаги қарийб 70 гектар ерни ўзлаштириб, томчилатиб суғориш усулининг афзалликларидан баҳраманд бўлмокдалар.

— Ўтган йили 350 минг АҚШ доллари миқдорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга чиқарилган эдик, — дейди кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Жамшид Азизов. — Жорий йилдаги мўлжал бу кўрсаткични 500 минг АҚШ долларига етказишдир. Хозирги кунда сиғими минг тонналик олтита совуткичда мева ва узум маҳсулотлари сақланиб, пешма-пеш ички ҳамда ташқи истеъмол бозорига чиқарилмокда.

“Мульти-Фрут-Корея” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси инновацион йўлдан бораётган йирик иқтисодиёт буғинларидан бири ҳисобланади. 12 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри инвестиция киритиш орқали иш бошлаган корхона ерлари Оҳаликнинг қир-адирликларига туташ бўлиб, асосан жарлик, тошлоқ, паст-баланддан иборат эди. Тадбиркорларнинг ташаббуси, инсон ақл-заковати, интилиши, тиришқоқлиги билан самарасиз ерлар бугун чинакам боғу-бўстон, гулистонга айлантирилди. Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигига сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мазкур ҳудудда ҳар бири 30 минг куб метр ҳажмдаги сувни сақлайдиган бешта махсус мембрана билан ўралган ҳовуз тикланди. Ҳозирги кунда 574 гектар ернинг 430 гектарида ўстирилаётган гилос, ёнғоқ, анор, павлония дарахти кўчатларининг ҳар бир майдони учун алоҳида томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган.

— Яқинда яна бир инновацион лойиҳага қўл урилди, — дейди корхона иш юритувчиси Санъат Ҳакимов. — Бу ерда замонавий цех ишга туширилиб, соатига уч тонна анор, олма, шафтолини саралаб, қадоқлайдиган технология ўрнатилди. Шу тариқа махсус идишларга жойлаштирилаётган маҳсулотларимиз тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилинмоқда. Келгусида корхона қошида гилосни қадоқлайдиган технологияни ўрнатиш ҳам кўзда тутилмокда.

Корхонада интенсив кўчатлар етиштириш ҳам кенг йўлга қўйилган. Дастлаб бундай кўчатлар валюта эвазига Туркиядан келтирилар эди. Ҳозир эса кўчатчилик хўжалигида 20 минг туп павлония, 25 минг туп гилос, 18 минг туп анор, 10 минг туп ёнғоқ кўчатлари пайванд қилиниб, экишга шай ҳолга келтириб қўйилган.

Хуллас, кечаги кимсасиз дашт ерларда бугун ҳаёт қайнамоқда. Буларнинг ҳаммаси Янги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг дастлабки меваларидир. Зотан, бундай жадал ўзгаришу янгиланишларни вилоятнинг ҳар бир туманида учратиш мумкин.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.


Киритилган вақти: 23/12/2021 10:11.   Кўрилганлиги: 318
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/kechagi-kimsasiz-dashtlar-bugun-bogu-roglarga-aylanmoqda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.