Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“Инсон қадри учун!”

“Инсон қадри учун!”

Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг олис Урганжи маҳалласида шу шиор остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Икки кун олдин 16 ноябрдан юртимизда об-ҳаво кескин совуши, шамол ва ёғингарчилик бўлиши ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да Урганжида ўтказилиши режалаштирилган хайрли тадбирлар бошқа кунга қолдирилмади. Маҳаллада меҳмонларни кутиб олиш, кун давомида турли учрашувлар, кўргазмалар, маданий дастурлар ўтказиш учун тайёргарлик кўрилди.

Вилоятдаги мутасадди идоралар, ташкилот ва муассасалар вакиллари, Оқчобсой, Янги қишлоқ, Ўрта сой, Жонбулоқ маҳаллалари аҳли эрта тонгдан Урганжида жам бўлди.

Дастлаб айни пайтда юртимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Урганжи ва Оқчобсой маҳаллаларида жами 20 гектар қақраб ётган даштда ёшлар боғлари яратишга киришилди. Кенг жамоатчилик, маҳаллалар аҳолиси ушбу ҳудудларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди.

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ҳам бу жараёнда иштирок этди.

Шундан сўнг маҳалладаги 36-умумтаълим мактабида тумандаги таълим муассасаларининг кўргазмалари, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида ижодий кеча, жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлган спортчилар билан учрашув ўтказилди.

Элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг концерт дастури, ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилди. Миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари уюштирилди. Ҳудуддаги беш маҳалла аҳолиси вилоятдаги ихтисослашган тиббий марказлар шифокорлар ва малакали мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, 230 дан ортиқ иш ўринлари таклиф этилди.

– Аввало олис ҳудудда жойлашган бизнинг маҳалламизга бугун вилоят ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар, пойтахтимиз ва Самарқанд шаҳридан ардоқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар келганидан жуда хурсандмиз, – дейди Урганжи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холбой Мардиев. 

– Кечадан буён ҳудудимиздаги маҳаллалар аҳолиси учун ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрик, ёшлар бандлигини таъминлаш учун ерлар ўзлаштирилиб, боғ яратилиши, бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиши “Инсон қадри учун” деган тамойилнинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. Бунинг учун ташкилотчилардан миннатдормиз.

Тадбирлар доирасида вилоят ҳокими Э.Турдимов маҳаллалар ёшлари ва фаоллар, фуқаролар йиғинларида янгидан тайинланаётган ҳоким ёрдамчилари билан учрашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитди. Ҳудуд аҳолиси турмуш даражасини ошириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталди.

Ҳа, дарвоқе, Урганжида бугун кун давомида қуёшли об-ҳаво кузатилди ва эзгу ниятда ташкил этилган тадбирлар юксак савияда ўтказилди.

“Инсон қадри учун!” шиори остидаги тадбирлар Иштихон, Каттақўрғон ва бошқа туманлардаги олис қишлоқларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА


Охирги ўзгариш: 25/11/2021 09:59.   Кўрилганлиги: 498
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/inson-qadri-uchun

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.