Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг 50-сессиясида самарқандликларга мурожаат қилди.
Турдимов нутқи давомида 2021 йил вилоятда амалга оширилган ишлар ва келаси йилда қандай режалар кўзланаётгани ҳақида маълумот берди.
ЯҲМ 50 триллиондан ошди
Вилоят ҳокимининг айтишича, Самарқанд вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилгига қараганда 8,4 фоизга ошган. 2021 йил якунларига кўра вилоят ЯҲМ ҳажми 50,8 триллион сўмни ташкил этган. Бу эса ҳозирги курс билан ҳисоблаганда 4,7 миллиард доллар дегани. Йил якунларига кўра ЯҲМ аҳоли жон бошига 12,8 миллион сўмдан тўғри келган. Вилоят ҳокимлиги мурожаат вақтида тақдим этган кўргазмада ёзилишича, ЯҲМ ҳажмини кейинги йили 58,6 триллион сўмгача кўтариш режалаштирилган. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги (45,8 фоиз) ва хизматлар соҳасига (33,5 фоиз) тўғри келган. Кейинги йил Самарқандда хизматлар соҳаси энг юқори ўсишга эришиши кутилмоқда (25,6 фоиз).
Экспорт учун 6 та янги бозор
Турдимов 2021 йилда самарқандлик тадбиркорлар учун 6 та янги бозор очилганини айтди. Самарқандликлар жорий йилдан бошлаб ўз маҳсулотларини Ямайка, Колумбия, Қатар, Македония, Бангладеш ва Ливанга экспорт қила бошлаган. Шу тариқа Самарқанд маҳсулотларининг экспорт географияси 56 та давлатгача кенгайган.
2021 йил самарқандлик тадбиркорлар 402 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган. Бу режа 16 фоизга ошириб (55 миллион долларга) бажарилган дегани. Турдимовнинг айтишича, экспорт ҳажми бир йил олдингига қараганда 60 фоизга ошган. Самарқанддан 2021 йил 144 миллион долларлик текстил, 125 миллион долларлик озиқ-овқат, 30 миллион долларлик озуқа-ем ҳамда 23 миллион долларлик металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Қуруқ мевалар ҳам фаол экспорт қилинган. Хусусан, 25 миллион долларлик майиз, 11,6 миллион долларлик мош, 9 миллион долларлик узум, 5,5 миллион долларлик ерёнғоқ каби маҳсулотлар экспорт қилинган. 700 минг долларлик 7 турдаги янги салат барги, янги навли гилос, янги узилган селдерей кўкатлари ва янги навли бодринг Монголия, Ироқ, Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинган.
Инфратузилма учун 274,4 миллиард сўм
2022 йил Самарқанд вилоятида инфратузилмани яхшилаш учун 274,4 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Хусусан, 59,9 миллиард сўм сарфлаб, 86 км автомобил йўллари таъмирланади. Шунингдек, 148 км янги электр тармоқлари тортиш учун 49,7 миллиард сўм, 24,6 км табиий газ тармоқлари тортиш учун 8,4 миллиард сўм, 284 км сув ва оқова сув тармоқлари тортиш учун 157,3 миллиард сўм ажратилади.
Иккита марказий кўча Abu Dhabi фонди маблағлари ҳисобидан таъмирланади
Вилоят ҳокимининг айтишича, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасини таъмирлаш шундоғам тирбандлик кўплиги сабаб кечиктирилган. Кейинги йил Амир Темур ҳамда Гагарин кўчаси Abu Dhabi фонди маблағлари ҳисобидан девордан деворгача усулида таъмирланади. Гагарин кўчаси эса давом эттирилиб, Мотриддаги янги Қорасув массивигача олиб борилади. Натижада янги шаҳарчага айланган Қорасувга боришдаги тирбандлик бартараф этилиши кўзланмоқда. Турдимовнинг айтишича, келаси йил Самарқандда яна иккита туннел ва иккита йўл ўтказгич кўприк қурилади.
Ижтимоий соҳа: талабалар турар жойлари қурилади, 2 миллион долларлик онкологик ускуна олиб келинади
Самарқандда 2022 йилда қатор ижтимоий лойиҳалар амалга оширилиши ҳам кутилмоқда. Бугунги кунда вилоятдаги ОТМларда 63 мингдан ортиқ талаба ўқимоқда. Бу ўтган 5 йилликка қараганда 5 баравар кўпдир. Вилоят ҳокими айни дамда Самарқандда бошқа вилоятлар ва узоқ туманлардан қатнаб ўқийдиганлар кўплиги учун 17,1 минг ўринли талабалар турар жойларига эҳтиёж мавжуд. Шу сабаб, халқ тилида «Макаронка» деб аталадиган Бирлик маҳалласида ҳамда Рўдакий кўчасидаги собиқ ғишт заводи ўрнида талабалар турар жойи қурилади.
Мурожаатда тиббиёт соҳасидаги янгиликлар ҳам санаб ўтилди. Вилоятдаги онкология, кардиология касалхоналарида жиддий ўзгаришлар бўлади. 2 миллион еврога онкология маркази учун ички ва ташқи нур терапия аппаратлари ўрнатилади. Кардиология марказига эса 30 миллиард сўмга 48 турдаги замонавий ускуналар олиб келинади. Ургут ва Пахтачида кардиология маркази ташкил этилади.
«Берсанг ейман, бермасанг очликдан ўламан, деб яшамаслик керак»
Мурожаат давомида Турдимов аҳоли билан учрашувларда кўпчилик моддий ёрдам сўраши ҳақида гапириб, бундай қарашни ўзгартириш кераклигини айтди: «Жойларга борганда кўпчилик моддий ёрдам сўрайди. Фуқаролар ёрдам олиш учун эмас, яхши яшаётганларга интилиб яшаши керак. Одамларни шунга ўргатишимиз шарт. Маош олмаётганларга моддий ёрдам берилмайди, бандлик бошқармалари уларга иш таклиф қилади. Берсанг ейман, бермасанг очликдан ўламан, деб яшамаслик керак.
Ҳозир мамлакатда яшаш, ишлаш учун шароитлар яратилмоқда, шу сабаб ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз керак. Ишламоқчи бўлсангиз, боғ қилмоқчи бўлсангиз, ўқимоқчи бўлсангиз, марҳамат, субсидия берилади. Ҳоким ёрдамчилари, сектор раҳбарлари, адлия органлари кабинетда ўтирмай одамларнинг ҳуқуқий билимини ошириши, мана шу нарсаларни тушунтириши керак», деди Турдимов.
Ўнлаб кичик боғлар очилади
Турдимовнинг самарқандликларга мурожаати тугагач, ҳоким ва ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда журналистлар Турдимовга саволлар билан мурожаат қилишди. Kun.uz мухбирининг «Самарқандда охирги йилларда хиёбон ва истироҳат боғлари фақат бузилмоқда, янгиларини очиш режаси борми?» деган саволига ҳоким келажакдаги режалари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, эшкак эшиш канали олдида барпо этилаётган туристик марказ яқинида катта боғ ҳам бўлади. Шунингдек, Ширин маҳалласида, Қорасув массивида ҳам боғ барпо этиш режаси бор. Турдимов Самарқанд шаҳрида кичик истироҳат боғлари сонини ҳам кўпайтириш режалари ҳақида гапирди. «Шаҳардаги бўш жойларга фақат дўкон ёки бошқа бино қурмай, истироҳат боғлар ҳам барпо этиш керак», деди ҳоким.
4 йил ичида пахта 100 фоиз қайта ишланади
Турдимов 2021 йил Самарқандда ҳар бир гектардан ўртача 32 центнердан пахта олинганини таъкидлаб, бу яхши кўрсаткич экани ва унга кластерлар тизими ишлай бошлагани сабаб эришилганини айтди. Мурожаатда айтилишича, айни дамда Самарқандда ишлаб чиқарилаётган пахтанинг 55,3 фоизи қайта ишланмоқда. Кейинги йил бу кўрсаткич 59,1 фоизга етказилиши кўзда тутилган. 2026 йилга бориб эса вилоятда етиштирилган пахта 100 фоиз қайта ишланиши айтилди.
«Динамо» учун янги мураббий
Турдимовга матбуот анжуманида вилоятда йирик спорт иншоотлари қуриш режаси бор ёки йўқлиги ҳақида савол берилди. Бу саволга жавоб берар экан, вилоят ҳокими шаҳарнинг бош жамоаси «Динамо»да кузатиладиган ўзгаришлар ҳақида ҳам гапирди: «Яқинда Суперлига йўлланмасини қўлга киритган «Динамо»га хорватиялик мураббий олиб келинади. «Динамо» қолган жамоалардан кам пул сарфлаб, Суперлигага чиқди. Келаси йил имкон қадар жиддийроқ эътибор берамиз», деди Турдимов.
Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.