Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Имом Бухорий мажмуасида реконструкция ишлари олиб борилади

Имом Бухорий мажмуасида реконструкция ишлари олиб борилади

Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди. 

Мазкур тақдимот чоғида ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири – Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ушбу зиёратгоҳда олиб борилиши режалаштирилган лойиҳа бўйича яна бир бор ўз тавсияларини билдириб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

13 февраль куни Имом Бухорий мажмуасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида лойиҳани амалга ошириш олдидан тадбир ўтказилди.

Қуръон тиловат қилиниб, қурбонлик амалга оширилди.

Лойиҳа юзасидан жамоатчиликка батафсил маълумот берилди.

Мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофини кенгайтириб зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.

Саккиз минг ўринли муҳташам масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Халқимизга хос турмуш тарзидан келиб чиқиб, ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади.
Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади.

Яна бир эътиборли томони, мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий булоқ ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Мажмуада амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари махсус ташкил этилган жамғарма маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.

Мулоқот чоғида мазкур муқаддас қадамжони нафақат халқимиз, балки дунё аҳли келиб зиёрат қиладиган масканга айлантиришга давлатимиз раҳбари доимий равишда алоҳида эътибор қаратаётганлиги таъкидланди.

Жамоатчилик вакиллари Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу хайрли иш заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросидан дунё аҳлини баҳраманд этиш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини ва бу савобли ишга халқимиз ҳам фаол иштирок этишини билдирдилар.


Киритилган вақти: 13/02/2021 18:46.   Кўрилганлиги: 923
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/imom-buxoriy-majmuasida-rekonstruktsiya-ishlari-olib-boriladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.