Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ҳудуд ободлиги, тозалиги барчанинг эътиборида бўлиши керак

Ҳудуд ободлиги, тозалиги барчанинг эътиборида бўлиши керак

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Кун тартибига Самарқанд шаҳри ва туманига тегишли масалалар ҳам киритилгани сабабли сессияга мазкур шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари ҳам таклиф этилди.

Дастлаб вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан вилоят иккинчи сектори раҳбари, вилоят прокурорининг 2021 йил тўртинчи чораги учун ишлаб чиқилган “Йўл харитаси" ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тасдиқланди.

Шундан сўнг Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Давлат қарзи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини таъминлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг вилоятдаги ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи О.Ходжаевнинг вилоятда халқаро молия ташкилотлари, жумладан, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг бугунги кундаги ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, вилоятда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида энергетика, коммунал ҳамда қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида умумий қиймати 468 миллион долларга тенг бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар доирасида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 131,8 миллион долларлик маблағлар ўзлаштирилган. Келгусида “Абу Даби тараққиёт фонди”нинг 300 миллион долларлик кредит маблағлари ҳисобидан “Самарқанд шаҳри ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда автомобиль йўллари қуриш ва реконструкция қилиш, туннел ва кўприклар барпо этиш” лойиҳалари бўйича халқаро тендерлар ўтказилиб, босқичма-босқич ишлар амалга оширилади.

Самарқанд шаҳридаги йўлларни кенгайтириш, янги кўприк ва туннеллар қуриш ишлари давом эттирилади. Жумладан, Самарқанд шаҳрини Қорасув массиви билан боғловчи йўл кенгайтирилади. Гагарин ва Рудакий кўчалари чорраҳасида туннел, темирйўлорти ҳудудида яна битта кўприк қурилади.

Кун тартибидаги кейинги масалалар Самарқанд шаҳри ва туманини ободонлаштириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқариш, қайта ишлаш билан боғлиқ бўлди.

Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизациялаш” лойиҳаси доирасида жалб қилинган маблағлардан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида “Maroqand Obod” ДУК ҳузурида ташкил этилган лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари Н.Саидов ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, умумий қиймати 45,018 миллион долларни ташкил этадиган мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида шу пайтгача 10,959 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган. Бунинг ҳисобидан зарур техника воситалари ва бошқа жиҳозлар харид қилинган. Эски полигонни ёпиш, санитар полигон қурилиши, чиқинди саралаш комплекси қурилиши бўйича лойиҳалаш ишлари якунланган. Лекин лойиҳани бажаришда айрим муаммолар ҳам юзага келаётгани таъкидланиб, уларнинг ечим юзасидан депутатлар ва мутасадди ташкилотларга таклифлар билдирилди.

“Maroqand Obod” ва “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбарлари Ш.Насимов ва З.Юсупов Самарқанд шаҳар ва Самарқанд туманида маиший чиқиндиларни йиғиш билан боғлиқ ишларнинг ҳолати бўйича ҳисобот берар экан фаолиятидаги муаммоларга тўхталди.

Таъкидландики, аҳолига кўрсатилган хизматларга тўлов ҳар бир кишига 2900 сўмни ташкил этиб, амалдаги тарифнинг аҳолига кўрсатилган хизматлар учун пастлиги сезилмоқда. Сабаби, ҳозирги кунда корхонада ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархлари ошиши, эҳтиёт қисмларининг нархида ўзгаришлар, ишчилар сонининг ортиши, ташқи кредит ҳисобига олинган автоуловлар учун пул маблағлари тафовутлари ҳамда ижарага олинган техникалар учун ижара ҳақларини қоплашда молиявий қийинчиликларга дуч келинмоқда. Шу сабабдан, корхона амалдаги чиқинди тарифини қайта кўриб чиқиш учун барча маълумотларни тегишли давлат ташкилотларига тақдим этди.

Янги қуриладиган кўп хонадонли уйларни лойиҳалаштиришда маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини ташкил этишга ҳам эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Айни пайтда бу борада Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги маҳаллаларда юзага келаётган муаммолар мисол сифатида келтирилди. Сессияда бундай муаммоларга ечим топиш юзасидан таклифлар билдирилиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Сессияда, шунингдек, Самарқанд шаҳар ва Самарқанд тумани ободонлаштириш корхоналари раҳбарлари О.Абдуллаев, Ж.Саидовларнинг ҳудудларда ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ ишларнинг бугунги кундаги ҳолати тўғрисидаги, ушбу шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари А.Эгамов, Ф.Ғаниевларнинг жисмоний ва юридик шахслардан маиший чиқиндилар учун тўловларни йиғиш бўйича дебитор қарздорликларни қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

– Кейинги пайтда Самарқанд шаҳрида ободонлаштириш ишларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Натижада шаҳар кўчаларини ўз билганича кавлаётган, пиёдалар йўлакларини ёпиб қўйган ёки автомашина тўхташ жойига айлантириб олган кишилар кўпаймоқда. Шаҳар раҳбарлари, ҳатто, депутатлар ҳам бунга бефарқ қараяпти. Қоидабузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмаяпти. Қани бу ерда секторларнинг роли, қани жамоатчилик назорати?

Депутатлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида санитар тозалаш хизматлари кўрсатиш қамровини ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишида экологик тарбия ва тарғиботни самарали ташкил этиш, жамоатчилик томонидан экологик назоратни амалга ошириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Вилоят шаҳар ва туманларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўлов, шунингдек, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг янги тарифлари белгиланди.

Яъни, Самарқанд шаҳри ва туманида қаттиқ маиший чиқинди учун тўлов бир кишига 3400 сўм (юридик ташкилотларга 1 тоннасига 130393 сўм), Каттақўрғон шаҳар ва бошқа туманларда 2900 сўм (юридик ташкилотларга 1 тоннасига 111303 сўм) этиб белгиланди.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгаш қарорлари қабул қилинди.


Охирги ўзгариш: 01/11/2021 09:39.   Кўрилганлиги: 401
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/hudud-obodligi-tozaligi-barchaning-etiborida-bolishi-kerak

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.