Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Эркинжон Турдимов:

Эркинжон Турдимов:

Бугун эрталаб кабинетимдаги жавонимни кўздан кечириш жараёнида беихтиёр шоир, драматург, таржимон, марҳум Ҳаёт Неъматнинг “Кел, бугун ёнимда бўл!” деган шеърига кўзим тушди ва у билан бўлган учрашувни эсладим.

Ҳозиргидай эсимда, 2020 йилнинг қиш фаслида Самарқанд шаҳридаги сайёр қабулимга иккита қўлтиқтаёқда юрган нуроний киши келди. Овози ҳам Қодир Махсумовникидек, лекин ҳар бир сўзни дона-дона қилиб гапирарди. Адашмасам, невараси билан Нуробод ва Пастдарғом туманлари чегарасидаги ер масаласида ташриф буюрганди. У киши билан суҳбатдан мен зиёли, теран фикрлайдиган, зукко бир шахсни ҳис қилдим. Олдин бу кишини кўрмагандим, у киши ҳақида эшитмагандим. У киши ўзини таништириб, мутолаага, шеъриятга қизиқиши, 10 мингдан ортиқ китоблари ва ноёб қўлёзмалари борлигини билдирди. Мен у кишидан, “Уйингизга борсам, кутубхонангизни кўрсатасизми?” – деб сўрадим. Ҳаёт Неъмат эса, бунга жавобан, “Қанийди ташриф буюрсангиз, мени уйимга раҳбарлар келишдан қўрқишади, кўпчилик раҳбарлар келмай қўйган, олдин келишарди” – дея жавоб берди.
Бир ҳафталардан сўнг мен Ҳаёт аканинг хонадонига бордим. У киши билан дилдан суҳбат қурдик. Ўтмишни эсладик, бугун ва келажак ҳақида гаплашдик. Ҳаёт ака бугунги амалга оширилаётган яхши ишларни фахр билан гапириб берди. Суҳбат давомида ижодий фаолияти, одамлар билан учрашувлари бўйича қизиқ-қизиқ ҳаётий воқеаларни айтиб берди. Биз бир-биримиз билан илгаридан танишлардек, суҳбатлашдик. Ҳаёт ака Тошкент шаҳрида бўлган бир анжуман тафсилотини айтиб берди.
Ўзбекистон ва Тожикистон зиёлилари тўпланган бу йиғинда сўзга чиққанлар ўзбек ва тожик халқи дўст ва биродар деб кўп бор такрорлашган, ҳаммаси бир хил мазмундаги гапларни айтишган. Шунда Ҳаёт Неъмат сўз сўраб, минбарга чиққан ва “Мен сизларнинг ўзбек ва тожик халқлари бир-бирига дўст ва биродар, деган сўзларингизга қўшилмайман, чунки бу ҳолат ҳеч қачон бўлмаган” деган. Шунда зал ҳайратдан жимиб қолган. Ҳаёт ака нафасини ростлаб, “Ўзбек ва тожик эт ва тирноқ, ака-ука, опа-сингил, қариндош. Фақат бир-бирига бегоналаргина дўстлашади, биродарлашади. Булар эса икки тилда сўзловчи қариндош”, деган. Шунда бутун зал жонланиб, уни олқишлаган, фикрига қўшилган.
Дарҳақиқат, биз бир эт билан тирноқмиз.
Анча давом этган суҳбатдан кейин “Ҳаёт ака, энди менга рухсат берсангиз, бошқа режаларим бор эди” деганимда, у киши: “Агар одамларга Ҳаёт акани уйига бордим, у киши билан суҳбатлашдим” десангиз ишонишмайди. Сабаби, уйимга келган ҳар бир меҳмон, Ҳаёт Неъмат тайёрлайдиган қаҳвани татиб кўради, деб айтди ва қаҳва тайёрлаб берди.
Қаҳва ичиб бўлганимиздан сўнг, “Энди Ҳаёт Неъматнинг уйига келган ҳисобланасиз” деди. Биз хайрлашдик ва кейин бир неча бор мулоқот қилдик.
Бугун Ҳаёт Неъмат орамизда йўқ. Албатта, у кишининг руҳлари шод бўлсин!
Биринчи суҳбатимиз давомида Ҳаёт Неъмат “Кел, бугун ёнимда бўл!” номли шеърини ниҳоятда гўзал тарзда, баланд овозда ўқиб берган эди. Ушбу шеърни Сизларга ҳавола этмоқчиман:
КЕЛ, БУГУН ЁНИМДА БЎЛ!
Ўзбегим, мен дил эрурман, қон каби жонимда бўл,
Кипригингман, менга энди кўз бўлиб, онимда бўл!
Бир ғазалнинг мисрасидек байти девонимда бўл,
Душманим жонин оларга сафда, майдонимда бўл!
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!
Кўп замонлар қисматимиз шўрлигу хўрлик эди,
Ноодам келгиндиларнинг қилмиши зўрлик эди.
Сохта меҳрига учиб, бечора халқ кўрлик эди,
Юзда шона, тагда фона, асли нонкўрлик эди.
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!
Элу юртим тинчлигин Оллоҳ нигоҳи сақлаган,
Меҳримизни Ҳазрати Нўҳнинг гиёҳи сақлаган.
Дилдаги дарду аламни ғамли оҳи сақлаган,
Оли Сомон иқтидорин турк сипоҳи сақлаган.
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!
Бизни ажратмоқчидур шайтонсабил дилқоралар,
Бир-биримизни кўролмай бўлди кўр наззоралар.
Жонга тегди айрилиқ, то қайга бизни поралар,
Ўртамизда қайгача шайтонсабиллар оралар?
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!
Сохта обрў истар ул ғарзодалар қон ўрнига,
Жонин омон сақламоқчи жон олиб жон ўрнига.
Зоти шайтонни кўпайтирмоқчи инсон ўрнига
Токи домга тушмасак қопқондаги дон ўрнига,
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!
Ўзбегим, тожик билан бирликдадир асли нажот,
Бирга борсак иккимиз бирлик сари айлаб сабот,
Бундан ўзга бизга йўл йўқ, ё ҳаётдир, ё мамот,
Токи бирлик йўқ экан, йўқдур нажот, йўқдир Ҳаёт.
Ўзбегимсан, тожигингман, кел, бугун ёнимда бўл!
Ҳаёт НЕЪМАТ

Охирги ўзгариш: 13/06/2023 14:16.   Кўрилганлиги: 244
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/erkinjon-turdimov33

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.