Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Эркинжон Турдимов: “Бу йил самарқандликларнинг даромади аҳоли жон бошига 16 миллион сўмга етади”

Эркинжон Турдимов: “Бу йил самарқандликларнинг даромади аҳоли жон бошига 16 миллион сўмга етади”

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган 

Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишидан сўнг дастур юзасидан ўз фикрларини билдирди.

– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси аввало инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Э.Турдимов. – Бу дастур маълум тоифа одамлар томонидан ишлаб чиқилмади, балки кенг жмаоатчилик муҳокамасига қўйилиб, халқимиз билан баҳамаслаҳат тайёрланди. Унда давлатимизнинг келгуси беш йилдаги тараққиёти, халқимизнинг орзу-умидлари ва мақсадлари ўз аксини топган.

Юртдошларимизнинг ҳаётдан, давлатдан рози бўлишлари, яхши яшашлари учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланган. Шу жиҳатдан бу ҳужжат биз – ижро ҳокимияти вакиллари учун келгуси беш йилда инсон қадри учун, одамларни рози қилиш учун қандай ишларни бажаришимиз аниқ-тиниқ белгилаб берилган дастуриламалдир.  
Хўш, дастур самарқандликлар ҳаётида қандай янгилик ва ўзгаришларга асос бўлади, уларнинг ҳаёти яхшиланиши учун нималар амалга оширилади? Ўтган йил якунлари бўйича вилоятимиз аҳолисининг умумий даромади 51 триллион сўмни ташкил этиб, 24 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига 12 миллион 900 минг сўмга етди. 

Келгуси беш йилда буни 2,5 баробар ошириш ва 32 миллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Жорий йилда эса аҳоли даромадлари 16 миллион сўм бўлиши кутилмоқда. Бу мақсадларга эришиш учун 2022-2026 йилларда вилоятимизда камида 8 миллиард долларлик 5,5 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга оширишимиз лозим. Бу орқали 250 мингдан ортиқ реал, доимий иш ўрни яратилиши, ишсизлик даражасини 2 баробар қисқартириш назарда тутилган. 2022 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва даромадларни ошириш мақсадида бевосита маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсияси ва хулосаси асосида 1,3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. 

Халқимизга қулай турмуш шароити ва инфратузилма яратиш учун келгуси беш йилда 8 минг километр йўл асфальт бўлади, 1900 километр тупроқ йўлга тош-шағал ётқизилади, 270 та кўприкни таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари олиб борилади. Эскирган 61 мингдан ортиқ симёғоч янгиланади. 2200 километр янги сув тармоғи тортилади ёки реконструкция қилинади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида биргина шу йилнинг ўзида 83 та қишлоқ ва маҳалладаги 571 километр тупроқ йўлларга шағал ётқизилади, 405 километрини асфальт қиламиз. 12,5 мингта симёғоч янгисига алмаштирилади. 440 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи реконструкция қилинади. Шунингдек, бу йил Самарқанд шаҳрини “бир миллионли шаҳар” га айлантириш борасида фаол иш олиб борамиз. Умуман, Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш барча даражадаги ҳокимлик, бошқарма ва идораларнинг, маъулларнинг доимий эътиборидаги вазифа бўлади.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА


Киритилган вақти: 27/01/2022 14:12.   Кўрилганлиги: 437
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/erkinjon-turdimov-bu-yil-samarqandliklarning-daromadi-aholi-jon-boshiga-16-million-somga-etadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.