Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Бугун Халқаро Пресс-клуб 4 ёшга тўлибди.

Бугун Халқаро Пресс-клуб 4 ёшга тўлибди.

Инсон учун энг муқаддас маскан, бу — оила. Одам борки, оиласини қадрлайди, яхши кўради, шу муқаддас қўрғонининг ҳамиша обод, файзли, фаровон бўлишини истайди.

Дунёда энг бахтли инсон ким эканини биласизми?

Айтишларича, дунёдаги энг бахтли инсон, бу — уйидан ишига, ишидан эса уйига шошиб турадиган одам экан.

Чунки бизни бахт ва қувонч кутиб турган бўлади бу масканларда...

Бугун мен бир йилу бир ойдан бери меҳнат фаолиятимни давом эттираётган ташкилот — Халқаро Пресс-клуб 4 ёшга тўлибди (https://t.me/IPCUzbekistan/6084).

Камина қарийб 20 йиллик қисқагина меҳнат фаолиятим мобайнида “Қишлоқ ҳаёти”, “Халқ сўзи” газеталарида, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Ўздавкарантин”, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сингари ташкилотларнинг матбуот хизматларида турли лавозимларда меҳнат қилганман. Уларнинг биронтаси ҳақида бир оғиз ҳам ёмон гап айтолмайман.

Бироқ Халқаро Пресс-клуб, бу — мутлақо бошқа дунё!

Халқаро Пресс-клуб — ҳар қандай журналистга ўзининг мудраб ётган истеъдодини очиши учун ҳар томонлама имконият яратиб берадиган маскан.

Халқаро Пресс-клуб — чинакам оила. Бу ерда сени ўз акаларинг, опаларинг, укаларинг ва сингилларинг ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

Халқаро Пресс-клуб — раҳбар билан ходим эмас, битта оиланинг ягона мақсад йўлида бирлашиб олдинга интиладиган аъзолари тўпланган идора.

Бу ерда субординация қаерда бошланиб, оилавий иноқлик қаерда тугашини ҳам билмай қоласан баъзида киши...

Энг муҳими, Халқаро Пресс-клубда ходимдан мақтов, “пахтакорлик” ва бошқача “ижодкор”лик эмас, истеъдод, маҳорат, талант, ўзини ишга тамомила бахшида этиш кутилади холос. Шу жиҳати билан ҳам бу ер бошқа идоралардан яққол ажралиб туради.

Халқаро Пресс-клубда меҳнат қилиш, оддий айтганда, бахт! Муболаға қилганда эса, ҳар кимнинг ҳам қисматига ёзилавермайдиган улуғвор битикдир!

Кўз тегмасин!

Ҳамиша шундай бўлсин!

Аҳиллигимиз, бир оила бўлиб ишлашимиз ва яшашимиз ҳамиша бардавом бўлсин!

Жамоани мана шундай юксак марралар сари доимо руҳлантириб, барчамизни зафарли одимлашга илҳомлантириб турган Халқаро Пресс-клуб Раиси Шерзодхон Қудратхўжа, ижодий демиургимиз Умид Якубов, Халқаро Пресс-клубга катта меҳнатлари сингган Ғуломжон Самадов, Жалолиддин Усмонов, Маржона Игамназарова, ажойиб ташкилотчилар Санжар Рашидов, Маъмура Мусаева, кўп йиллик хазинабонимиз Назира Исомиддинова, қачон қарама, бир ғоя билан юрадиган Елена Чуянова, монтаж ва операторликда ҳар куни бир маррани забт этадиган Алишер Байзаков, умидли ёшларимиз Рушана Алиакбарова, Дилноза Яшузакова, Миразиз Маҳмадалиев, Сардор Собиров, Равшан Абдурасулов — барчангизни бугунги умумий туғилган кунимиз билан чин қалбимдан табриклайман!

Шунингдек, бу ерда бир пайтлар меҳнат қилган ва мен танимайдиган бошқа ижодкорларни ҳам Халқаро Пресс-клубнинг ташкил топганига 4 йил тўлганлиги билан муборакбод этаман!

Байрам муборак, қадрлиларим!


Киритилган вақти: 31/03/2021 22:05.   Кўрилганлиги: 459
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/bugun-xalqaro-press-klub-4-yoshga-tolibdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.