Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Бугун туғилган кун

Бугун туғилган кун

Буюк маърифатпарвар, таниқли драматург, публицист, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқандда туғилган.

18 ёшидан қозихонада мирзалик қилган, қози, муфти даражасига кўтарилган.
Беҳбудий Қозон ва Уфага бориб (1903-1904), у ердаги янги усул мактаблари билан танишади, татар зиёлилари билан алоқани йўлга қўяди. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. «Рисолаи асбоби савод» («Савод чиқариш китоби», 1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» («Аҳоли географиясига кириш», 1905), «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география», 1906), «Китобат ул-атфол» («Болалар хати», 1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) каби китоблар чоп эттиради.
Беҳбудий 1911 йилда «Падаркуш» драмасини ёзди. Бу биринчи ўзбек драмаси эди. У бу асар жанрини «миллий фожиа» деб атаган.
Ношир ва муҳаррир сифатида «Самарқанд» газетасини чиқаради. Газета ўзбек ва тожик тилларида чоп этилди. Сўнг «Ойна» журнали чиқара бошлайди.
Беҳбудий матбуотимиз тарихида мақоланавис сифатида алоҳида мавқега эга. Унинг ҳозирча аниқланган мақолаларининг сони 300 га етади.
1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади, Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади.
2020 йил Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига 145 йил тўлди. Шу муносабат билан Президентимиз эътибори билан ушбу сана кенг нишонланди. Тошкентда янги очилган Адиблар хиёбонида буюк маърифатпарварнинг ҳайкали ўрнатилди, журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилди. Самарқанд шаҳрида уй-музей очилди, кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 октябрдаги фармонига кўра, Беҳбудий Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Киритилган вақти: 19/01/2021 09:06.   Кўрилганлиги: 618
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/bugun-tugilgan-kun

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.