Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Бугун Самарқандда тиббиёт ходимлари куни нишонланмоқда

Бугун Самарқандда тиббиёт ходимлари куни нишонланмоқда

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида ҳам тантанали маросим ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тадбир иштирокчилари ва самарқандлик тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади.

– Дунёда касблар кўп ва давлат, жамият ҳаётида бу касб эгаларининг ҳар бирининг ўз ўрни бор. Лекин одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш, инсонларга соғлик, яхши кайфият, кўнгил хотиржамлигини бахш этадиган тиббиёт ходимлари заҳматли меҳнатини ҳеч бир касб билан қиёслаб бўлмайди, – деди Э.Турдимов. – Ҳузур-ҳаловатдан кечиб, кечани кеча, кундузни кундуз демай қилаётган шарафли ишингиз туфайли қанчадан-қанча беморлар саломатлигини тиклаб, соғлом ҳаётга қайтмоқда. Буни, айниқса, кейинги икки йилда дунё миқёсида давом этаётган пандемия шароитида барчамиз кўрдик, юракдан ҳис қилдик. Бунинг учун сизлар ҳар қанча шараф, эъзоз ва эҳтиромга муносибсизлар.

Бугунги кунда вилоятдаги 258 та тиббиёт муассасасининг 8 минг нафарга яқин врач ва 27 минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бу йил вилоятда 6 та оилавий шифокор пункти ва 4 та қишлоқ оилавий поликлиникаси очилди. Тиббиёт муассасалари 44 миллиард сўмлик тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Яқинда Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиникага 1 миллиард 422 миллион сўмлик маммография ускунаси келтириб ўрнатилди. Бу йил Самарқандда илк бор вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Бугунги кунга қадар ушбу амалиёт 10 нафар беморда ўтказилди.

Маросимда соҳа ходимларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, вилоятдаги тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ходимлари ўртасида ўтказилган танловлар ғолиблари элон қилинди.

Жумладан, вилоят кардиология маркази “Йилнинг энг яхши даволаш-профилактика муассасаси”, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Ш.Норқўзиев “Йилнинг энг яхши шифокори”, Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ш.Жабборов “Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси” номинациялари ғолиби бўлди.


Охирги ўзгариш: 13/11/2021 18:19.   Кўрилганлиги: 484
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/bugun-samarqandda-tibbiyot-xodimlari-kuni-nishonlanmoqda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.