Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Божхоначилар қарийб 11,9 млрд. сўмлик товарларни алмаштириб қўйиш операциясини фош қилишди

Божхоначилар қарийб 11,9 млрд. сўмлик товарларни алмаштириб қўйиш операциясини фош қилишди

Республикамиз божхоначилари хориждан келтирилган товарлар учун божхона тўловларидан бўйин товлаш мақсадида содир этилган навбатдаги найрангга чек қўйишди.

Давлат божхона қўмитаси ва унинг Фарғона, Навоий, Наманган ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар давомида республика ҳудудига импорт тарзида олиб кирилган товар-моддий бойликларини божхона расмийлаштирувига қадар алмаштириб қўйишга бўлган уринишларга чек қўйилди.

Гап шундаки, Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига хориждан келтирилган юк контейнеридаги товарлар, яъни косметика ва пардоз воситалари белгиланган тартибда расмийлаштириш учун “Қўқон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилади.

Аммо, мазкур контейнердаги товарлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида эса, косметика ва пардоз воситалари ўрнига салкам 1,5 тонна шиша идишлар ҳамда 21 тоннадан зиёд кир ювиш кукунлари ортилганлиги аниқланди. Бу эса юклар йўл давомида алмаштириб қўйилганлигини англатар эди.

Шундан сўнг тезкор гуруҳ томонидан амалга оширилган тадбирлар натижасида юк контейнерини олиб келган ҳайдовчи излаб топилади. Унинг кўрсатма беришича, контейнердаги товарлар пойтахтнинг Бектемир туманидаги омборлардан бирига тушириб қолдирилган.

Ҳолат юзасидан кечиктириб бўлмас тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, зудлик билан ушбу омбор кўздан кечирилди. Аммо, бу вақтда омборга туширилган товарлар бошқа транспорт воситасига ортилиб, бу ердан ҳам олиб чиқиб кетилганлиги маълум бўлди.

Тезкор ходимлар эса ушбу юкларни олиб чиқиб кетган автотранспорт воситасини зудликда аниқлашди. Қарангки, ундаги юклар Самарқанд вилояти Ургут туманидаги тадбиркорлардан бирининг омборига туширилган экан.

Мазкур омбор белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда 461 турдаги салкам 721 минг дона косметика ва пардоз воситалари, шунингдек шиша идишлар ва кир ювиш кукунлари сақланаётганлиги аниқланди.

Божхоначилар қарийб 11,9 млрд. сўмлик товарларни алмаштириб қўйиш операциясини фош қилишди

Ушбу товарларнинг умумий қиймати эса 11 млрд. 881 млн. 700 минг сўмни ташкил қилмоқда. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, йил бошидан буён республикамиз божхоначилари томонидан аниқланган 7700 дан ортиқ божхона қонунбузилиши ҳолатларида 547 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.


Киритилган вақти: 17/09/2021 13:18.   Кўрилганлиги: 430
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/bojxonachilar-qariyb-119-mlrd-somlik-tovarlarni-almashtirib-qoyish-operatsiyasini-fosh-qilishdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.