Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Ассалому алайкум, қадрли самарқандликлар!

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва тараққиётимиз асоси, бахтимиз қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 29 йил тўлмоқда.
Ушбу қутлуғ кун муносабати билан бутун вилоятимиз аҳлини чин қалбимдан табриклайман.
Конституция ҳар қандай давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, давлат тузуми, ички ва ташқи сиёсатини, халқаро майдондаги ўрнини белгилаб берадиган муҳим ҳужжатдир. Мамлакатда қабул қилинадиган барча қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, аввало конституциясига асосланади. Ислоҳотлар Конституция асосида амалга оширилади.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам мустақил Ўзбекистон давлатининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори, бизнинг бугунги ва келажак йўлимизни белгилаб берган бош қомусдир.
Конституция яратилажак қонунлар ғоясини белгилаб бериш баробарида мамлакат ҳудудида тараққиётга ҳам йўл очди. Биз буни кейинги йилларда Янги Ўзбекистон ғояси асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларда кўриб, ҳис қилиб турибмиз.
Турли соҳалардаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши, инсон қадрининг улуғланиши, барча ислоҳотлар инсон манфаатларига, Ватанимиз тараққиёти ва мамлакатимиз иқтисодий қудратини оширишга қаратилгани конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойилларга тўла мос келади.
Инсоннинг эрки энг аввало унинг жамиятга ўз фикри, эҳтиёжини айта олишида кўринади. Бугун жамиятнинг ҳар бир аъзоси истаган пайтида давлат идораларига мурожаат қилиши, давлат ҳокимияти органларини ташкил этишда ва уларнинг фаолиятида ўзи ва вакиллари билан иштирок этиш ҳуқуқига эга. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат сиёсатининг асосий шиорига айланди. Сайёр қабуллар ва секторлар фаолияти давлатни халқ ҳаётига, халқни эса давлат олиб бораётган ислоҳотларда фаол қатнашишга яқинлаштирмоқда.
Парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколати халқ фикри билан ҳисоблашиш муҳитини яратмоқда. Халқ вакиллари ўз анжуманларида аҳоли қўяётган талабларни, муаммоларни кўтариш баробарида ижро органлари томонидан жойларда бу масалалар тўла ечилишига эришмоқда.
Конституциямизнинг бош мақсади халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратишдан иборатдир. Шунинг учун қабул қилинаётган йил дастурлари Конституциямиз нормалари ва аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланмоқда.
Хусусан, якунига етаётган 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланди. Қабул қилинган давлат дастури асосида бу йил юртимизда, жумладан вилоятимизда инвестиция дастури асосида 88 та ижтимоий соҳа объекти қурилди ҳамда реконструкция қилинди. 16 та мактабгача таълим муассасаси, 39 та умумтаълим мактаби, 7 та соғлиқни сақлаш ҳамда 26 та бошқа соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Ушбу мақсадлар учун республика бюджетдан 323.8 млрд. сўм йўналтирилган.
Самарқандда олий ўқув юртлари сони 13 тага етди, талаба-ёшларимиз эса 64 мингга яқинлашди. Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг боғчага қамрови йил бошидани 63 фоиздан бугунга келиб 66,5 фоизга етди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 726 нафар ёш оила уй-жой билан таъминланди, 791 нафар талабанинг тўлов-контракт пули тўлаб берилди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 18 804 нафар ёшларга
30,5 млрд сўмлик ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 16 087 нафари ишга жойлашди, 5 046 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 21 минг нафардан ортиқ йигит-қизлар доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратилди.
Тиббиёт соҳасида ҳам қувонарли натижаларга эришилганини таъкидлаш лозим. Бу йил вилоятимизда илк бор Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди. Шу пайтгача ўндан ортиқ бемор жарроҳлик йўли билан саломатлигини тиклади.
Вилоят кардиология марказида мингдан ортиқ бемор юрагида операциялар бажарилиб, ногиронлик олди олинди.
Худди шундай ўзгаришлар туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳам амалга оширилди. Республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий муассасалар 28,3 млрд сўмлик замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиникага қиймати 1 млрд 422 млн сўм бўлган маммография ускунасининг олиб келиниб, аёлларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларини эрта аниқлаш йўлга қўйилди.
Азиз дўстлар!
Жамиятдаги тенглик, адолат ва қонун устуворлиги Конституция амалининг, салоҳиятининг нишонасидир.
Бинобарин, ногиронларни, кўп болали оилаларни, камбағалларни қўллаб-қувватлашга оид тадбирлар тенгликни таъминлашда дадил қадам бўлаётир.
Гендер тенглигида халқаро мезонларнинг қўлланилиши, хотин-қизлар ҳимояси йўлидаги чоралар, айниқса, муҳожир ва мигрантлар масаласида Ўзбекистон олиб бораётган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Самарқанд азалдан кўпмиллатли юрт ҳисобланади. Айни пайтда вилоятимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда.
Бу жипслик, бу аҳиллик, айниқса пандемия даврида яққол намоён бўлди. Барча миллат вакилларининг, миллий-маданий марказларнинг оқилона саъй-ҳаракати, ҳамкорлиги туфайли жиддий синовлардан катта талофатларсиз ўтаяпмиз.
Самарқанд асрлар давомида ўз маърифати, бунёдкорлиги билан дунёга танилиб келган. Бу юрт аҳли ҳозирда ҳам барча жабҳалардаги ислоҳатларда фаол қатнашиб, Ватанни севиш ва уни янада қудратли, гўзал қилишда фидокорана меҳнат қилмоқда.
Конституциянинг энг катта кучи бу унинг мамлакатимизда ҳақиқий амал қилаётганидадир. Шунинг учун ҳам Бош Қомусимизнинг нуфузи, қадри кундан кунга ортиб бормоқда, халқаро ҳамжамиятда давлатимизнинг рейтинг кўрсаткичлари яхшиланяпти.
Шу йилнинг 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳам Конституциямизда белгиланган қоидалар асосида, юксак савияда, демократик талабларга тўла мос ҳолда ўтказилди. Буни сайловни бевосита кузатиб борган кўплаб халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ҳам эътироф этди.
6 ноябрь куни ўтказилган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари эндиликда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясидан тараққиёт стратегияси сари ғояси билан ислоҳотлар амалга оширилишини таъкидлади. Барча соҳалардаги ислоҳотлар яна ҳам кенг кўламда ва ҳажмда олиб борилади.
Хусусан, Конституцимизга ҳам давр талабидан келиб чиқиб, янгилик ва ўзгартиришлар киритиши қайд этилди. Бу эса нафақат парламент аъзолари ва ҳуқуқшунослардан, балки шу муқаддас заминда яшаётган, унинг эртасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсондан юксак масъулият талаб қилади. Барчамиз бу жараёнларда ўз таклиф ва фикрларимиз билан иштирок этишимиз лозим.
Азиз дўстлар!
Мамлакатимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган, интеллектуал қобилияти ва самарали меҳнати билан барчага ибрат бўлаётган Сиз азизларни, Сизларнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини Конституция байрами билан яна бир бора табриклайман.
Сизларга оилавий бахт ва мустаҳкам соғлиқ тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Озод ва обод диёримизга ҳеч қачон кўз тегмасин!
Байрамингиз муборак бўлсин!

Киритилган вақти: 08/12/2021 08:25.   Кўрилганлиги: 500
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/8-dekabr-ozbekiston-respublikasi-konstitutsiyasi-qabul-qilingan-kun

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.