Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан
кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг ўрнини янада ошириш мақсадида ҳар йил октябрь ойининг биринчи ҳафтасида юртимиз миқёсида “Кексалар ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилмоқда. Ҳафталик доирасида юртимиздаги барча маҳаллаларда нуронийлар, шу жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, хайрия тадбирлари, жумладан, нуроний ва ёшлар ўртасида шахмат-шашка бўйича “Ақл чархи” турнири, волейбол, мини-футбол, стол тенниси ва бошқа спорт мусобақалари бўлиб ўтади. Жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳудудлардаги янги қад ростлаган “Нуронийлар маскани”, “Маҳалла маркази” мажмуалари, фуқаролар йиғини бинолари ҳамда маҳаллалардаги бошқа ижтимоий объектларнинг очилиш маросимлари ўтказилади.
Ҳафталик доирасида маҳаллаларда ҳунарманд-усталар, кулоллар томонидан яратилган миллий маҳсулотлар ҳамда турли миллат вакилларининг амалий санъат, ҳунармандчилик буюмлари, либослари кўргазмалари бўлиб ўтади.
Нуронийлар иштирокида музей, зиёратгоҳ ва қадамжолар, шунингдек, юртимиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлар уюштирилади. Зиёратгоҳ ва қабристонлар, якка, ёлғиз кексалар хонадонида ҳашар асосида ободонлаштириш ишлари олиб борилади.
100 ёш ва ундан катта ёшдаги кишилар иштирокида “Аср билан юзма-юз” мавзусидаги тадбирлар,
таълим муассасаларида ибратли ҳаёт йўли ва меҳнати билан аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган кексалар иштирокида “Нуронийлар ёшлар нигоҳида” мавзусида учрашув ва кўрик-танловлар, расмлар кўргазмаси ўтказилади.
Маҳаллаларда “Бобом, бувим ва мен китобхон” шиори остида китобхонлик акциялари, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида кекса авлод вакиллари иштирокида “Кекса авлод оилавий ажримларга қарши”, “Биз бор жойда жиноятга ўрин йўқ”, “Ҳаётнинг қадрига ет!” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилади.
Шунингдек, ҳафталик давомида пенсионер, якка, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилади, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилади. Турли соҳаларда фаолият юритиб, нафақага чиққан кекса авлод вакиллари иштирокида учрашувлар уюштирилади.
Малакали шифокорлардан ташкил топган “Тиббиёт автобуслари” орқали республикамиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда зарур дори-дармон воситалари билан таъминланади.
Ногиронлиги бор кекса аёлларга реабилитация воситалари – ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси тақдим этилади.
“100 ёш билан юзлашганлар” номли китоб-альбом, “Кексалик ва маънавий мерос”, “Кексалари эъзозланган юрт” номли рисолалар такдимоти ўтказилади. Эзгулик ҳаракати бўлмиш – “Кексалар ҳафталиги” мамлакатимизда нуронийларга кўрсатилаётган амалий эътиборнинг ёрқин далилидир.
Н.Усмонова, ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.