Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

2019 йилда 80 нафар, бу йил 450 нафар битирувчи талаба бўлди

2019 йилда 80 нафар, бу йил 450 нафар битирувчи талаба бўлди

Бу Қўшработ тумани ёшларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи.

Туманда ўтказилган “Уч авлод учрашуви” қатнашчилари ҳудудда кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш тарзидаги янгиланиш ва ўзгаришлар, корхоналар, таълим муассасалари фаолияти билан танишиб, бу кўрсаткичдан фахрланиб гапиришди.

– Жуда оғир шароитда болаларга таълим-тарбия берганмиз, – дейди меҳнат фахрийси Сайёра Жониқулова. – Туманимиз вилоят марказидан олисда бўлгани учун эътибордан четда эди. Синфхоналар етишмас, зарур ўқув жиҳозлари йўқ. Айниқса, тоғ орасидаги филиалларни мактаб дейишга тил бормасди. Шунга қарамай, болаларни яхши ўқитишга ҳаракат қилардик, улар ҳам билим олишга астойдил интиларди. Кейинги беш йилда юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётганини кўриб, хурсанд бўляпмиз. Бу ишлар натижасида туманимизда ҳам мактабларнинг 26 та филиали қайта тикланибди, 30 дан ортиқ умумтаълим мактаби тубдан янгиланиб, спорт заллари ва стадионлар қурилибди. Натижа ҳам қувонарли – 2019 йилда қўшработлик битирувчиларнинг 80 нафари, 2020 йилда 250 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирган экан. Бу йил 450 нафар ўғил-қизларимиз талаба бўлибди ва мактаб битирувчиларининг ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича вилоятда иккинчи ўринда эканмиз. Мана таълимга эътибор самараси. Ҳозир ўзим ишлаган мактабга бориб, у ердаги имкониятларни кўриб, кўнглимда “қанийди, ёш бўлиб қолсаму яна болаларга сабоқ берсам, замонавий мактабларда ишласам”, деган ҳавас уйғонди.

Учрашув қатнашчилари икки йил олдин “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилган Жўш қишлоғида бўлиб, кексалар ва ёшлар билан суҳбатлашдилар. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуднинг 48 та аҳоли пунктида дастур асосида 80 га яқин ижтимоий соҳа объекти барпо этилди. Йўллар, кўприклар қурилди. Аҳолининг уй-жойлари таъмирланди, ўттизга яқин янги хонадон бунёд этилиб, эҳтиёжманд оилаларга берилди. Қишлоқда иқтисодий йўналишида ҳам ривожланиш бўй кўрсатмоқда. Янги ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари ташкил этилмоқда. Давлат томонидан субсидия берилиб, дашт ҳудудларда токзорлар, боғлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, “Ниҳол майсазори” фермер хўжалиги томонидан уч йил давомида 145 гектар ер ўзлаштирилиб, токзор ташкил этилди. Давлат томонидан берилган субсидия асосида артезиан қудуқлар қазилди ва томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирда дастлабки йил экилган токлар ҳосилга кирган бўлса, янги боғлар орасида полиз ва сабзавот экинлари етиштирилмоқда.

– Бу ерлар шу пайтгача чорва учун яйлов эди, – дейди меҳнат фахрийси Кубай Исмоилов. – Одамлар хафсала қилса, озроқ ерга лалми буғдой экарди. Бу ҳам таваккал эди – ёмғир-қор ёғса, ҳосил олар, бўлмаса уруғлик ва меҳнатига куйиб қолаверарди. Осмонга қараб қолгандик-да. Энди қаранг, чўлни ҳам бўстон қилса бўлар экан. Давлат меҳнат қил, даромад топ, деб субсидия беряпти, сув чиқариб, боғ қилиш учун имконият яратяпти. Бунинг қадрига етиш керак. Беш-ўн йил олдин шу ерда боғ қилиш, узум етиштириш, сабзавот, полиз экинларидан мўл ҳосил олиш мумкин, деса биров ишонмасди. Мана энди бу жойларни кўриб кўз қувонади.

Маълумотларга кўра, туманда 25 йил давомида узумзорлар учун атиги 600 гектар ер ажратилган экан. Кейинги беш йил давомида эса 7 минг гектар ер ўзлаштирилиб, ток кўчатлари экилган. Бу ишларнинг барчаси берилган субсидиялар ва имтиёзлар туфайли амалга оширилди.

– Шу пайтгача ишсиз эдим ва хорижга ишга кетсамми, деган истагим бор эди, – дейди Қўролос маҳалласида яшовчи Абдухалил Жалолов. – Президентимиз ташаббуси билан ёшларга ер ажратиб бериш бошлангач, мен ҳам 1 гектар ер олиб, узум-боғ ташкил қилдим. Артезиан сув чиқариб беришди. Ҳозир ток кўчатлари орасида полиз экинлари етиштиряпман. Икки-уч йилда ўз йўлимни топиб, даромад қилишни бошлайман. Яна уч нафар тенгдошларимни ёнимга олиб, биргаликда ишлаймиз, еримизни кенгайтирамиз.

Уч авлод учрашуви қатнашчиларининг суҳбати янгидан обод этилган Қўрғон қишлоғидаги машҳур бахши Эргаш Жуманбулбул мажмуасида бир пиёла чой устида давом этди.


Киритилган вақти: 22/09/2021 13:38.   Кўрилганлиги: 450
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/2019-yilda-80-nafar-bu-yil-450-nafar-bitiruvchi-talaba-boldi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.