Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг Регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг Регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни 18 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг Регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясининг раиси                                  
Т.Остонакулов                   
                                             

2015 йил 8 январь


Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг
2015 йил 8 январдаги ______- сонли қарорига илова

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг регламенти

I. Умумий қоидалар

l. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаш (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) давлат ҳокимиятининг вакиллик органидир.

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғpисида”ги, “Халқ депутат­лари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мазкур Регламентга мувофиқ амалга оширади.

2. Кенгаш ўз фаолиятининг асосий йўналишларини сессияда тасдиқланган иш режаси (жорий, йиллик ёки Кенгашнинг ваколатлари муддатига мўлжалланган) асосида белгилаб олади. Кенгашнинг иш режаси Кенгашнинг доимий комиссиялари, ҳокимликнинг бошқарма ва бўлимлари ишини режалаштиришда асос қилиб олиниши мумкин.

Кенгашнинг иш режаси Кенгаш депутатлари, доимий комиссиялари, ҳокимликнинг бошқарма ва бўлимлари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотларининг таклиф­ларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Кенгашнинг иш режаси сессияда қабул қилинади ҳамда тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ижро ёки маълумот учун юборилади.

Кенгаш иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса Кенгашнинг доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама этиб борилади.

Кенгашнинг иш режасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи Кенгашнинг раиси, доимий комиссиялари ва депутатларнинг таклифига биноан сессияда кўриб чиқилади. Мазкур масалага доир қарор ушбу регламентда белгиланган тартибда қабул қилинади.

Кенгашнинг иш режасини бажарилишини ташкил этиш учун ҳоким - Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.

3. Кенгаш ишини ҳоким – Кенгаш раиси ташкил этади ва раҳбарлик қилади.

Ҳоким ўз фаолияти юзасидан Кенгаш олдида ҳисобот беради.

Кенгашнинг ваколат муддати - беш йил.

4. Кенгаш ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг те­гишли ҳудуд учун муштарак вазифаларини амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатаси қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолининг тегишли ҳудудни бошқариш ишларига жалб этили­шини таъминлайди.

Кенгаш тегишли ҳудудда ўзини-ўзи бошқаришни ривожлан­тиришга кўмаклашади, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туради.

5. Кенгаш сессияларида иш давлат тилида олиб бори­лади ва зарурат бўлганда, бошқа тилларга ҳамоҳанг (синхрон) таржимаси таъминланади.

II. Кенгашнинг сессиялариничақириш ва ўтказиш

6. Ўзбекистон Рес­публикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғpисида"ги Қонунига мувофиқ Кенгашнинг асосий иш шакли сессиядир.

7.Кенгашнинг сессиялари ҳоким, ҳоким йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб, бироқ йилига камида икки марта чақирилади. Сессия Кенгаш депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин.

8.Кенгаш сессиясининг кун тартиби Кенгашнинг раиси, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутат­лар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда тайёрла­нади.

Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилаётган муҳим ва долзарб масалаларни тайёрлаш учун Кенгашнинг раиси томони­дан тегишли соҳа ёки тармоқлар мутахассислари ҳамда олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ масалани сайловчилар, ҳокимликнинг бошқармалари, бўлимлари ва бошқа тузилмалари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда тайёрлайди.

Кенгашнинг сессияси муҳокамасига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади ҳамда улар томонидан тайёрланган қарорлар лойиҳалари ва кун тартибига доир бошқа ҳужжатлар Кенгашнинг раисига тақдим этилади.

9. Кенгаш сессияси ўтказиладиган вақт ва жой ҳамда кун тартиби тўғpисида депутатларга сессия очилишидан камида етти кун олдин маълум қилинади. Уларга танишиш учун ҳам тегишли ҳужжатлар юборилади.

Кенгаш сессиясини чақириш тўғpисидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши мумкин.

Кенгашнинг сессияси, Самарқанд шаҳрида, зарурат бўлганда, сессия бошқа жойда сайёр тарзда ҳам ўтказилиши мумкин.

10. Кенгашнинг сессияси, башарти унда жами депу­татларнинг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Депутатлар Кенгаш сессиясининг ҳар бир мажлиси олдидан рўйхатга олинади.

Кенгаш сессияларини ўтказишга мўлжалланган бинода электрон овоз бериш тизимидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир депутат учун алоҳида муҳим ўрин ажратилади.

11. Кенгаш сессияларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этиши, шунингдек сессияларга тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва бошқа корхона, муассаса ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Кенгаш сессиясига таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қapop қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек улар мазкур регламентда белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Кенгаш сессиясига таклиф қилинаётган шахсларнинг сони ва таркиби Кенгашнинг раиси томонидан ҳал этилади.

Кенгашнинг сессиясига таклиф қилинган шахслар учун мажлислар залида махсус жой ажратилади.

12. Янги сайланган Кенгашнинг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафталик муддат ичида чақирилади.

Биринчи - ташкилий сессия кекса депyтатлардан бири томонидан очила­ди ва у Кенгаш томонидан Кенгашнинг раиси тасдиқлангунга қадар сессияни бошқаради. Кенгашнинг қарорига биноан биринчи - ташкилий сессия очилгандан сўнг унда депутатлардан бири ҳам раислик қилиши мумкин.

Кенгаш сессияларида ҳоким, у йўқлигида эса Кенгашнинг қарорига ёки ҳокимнинг топшириғига биноан Кенгашнинг депутатларидан бири раислик қилади.

13. Кенгашнинг сессияларида ҳоким ва унинг ўрин­босарлари лавозимларига тасдиқланади, доимий комиссиялар тузилиб, уларнинг таркибига кирадиган аъзолар сайланади. Сессияларда ҳокимнинг ижро этувчи ҳокимият органларининг таркибий бўлинмалари раҳбарларини тайинлаш ҳақидаги қарорлари ҳамда унинг тақдимига биноан, ҳокимлик тузилмаси, ҳокимлик ходимларининг штатлари ва иш ҳақи фонди тасдиқланади. Мазкур масалалар юзасидан қapop депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан ҳар бир масала бўйича алоҳида-алоҳида, очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

14.Кенгашнинг ҳар сессиясини ўтказиш даври учун депутатлар орасидан сессия котиби сайланади ёки сессия котибияти тузилади. Кенгаш сессияси котиби ёки котибиятини сайлаш тўғрисидаги масала юзасидан қаpop депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кенгаш сессиясининг котиби ёки котибияти:

сўзга чиқувчиларни рўйхатга ёзади;

депутат сўровлари, депутатлардан тушадиган саволлар, маълумотнома­лар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;

сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;

сессия ишига тааллуқли масалалар юзасидан депутатларга тушунтириш­лар беради;

сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди;

баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил этади.

Кенгаш сессиясида сессия котиби ёки котибият томонидан тайёрланган ахборот тингланиши мумкин.

15.Кенгаш сессиясининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

Кенгашнинг номи, сессиянинг тартиб рақами;

сессия ўтказилган сана ва жой;

ҳозир бўлган ва қaтнашмаган депутатлар сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони;

сессиянинг кун тартиби, Кенгаш кўриб чиқиши учун киритилган ҳар бир масала юзасидан маърузачи ҳамда қўшимча маърузачининг фамилияси, исми ва лавозими;

музокараларда сўзга чиққан депутатлар, шунингдек маърузачи ва қўшимча маърузачиларга сўров ёки саволлар (ёзма ёхуд оғзаки) берган депутатларнинг фамилиялари, исмлари, сайлов округларининг рақами ва лавозимлари;

қабул қилинган қарорлар рўйхати. Унда қарорларни қабул қилиш юзасидан "ёқлаб", "қарши" ёки "бетараф" берилган овозлар сони кўрсатилади.

Баённоманинг матнида сессиянинг кун тартибини тасдиқлаш, музока­раларни тўхтатиш, шунингдек маълумот, ахборот бериш ва тартиб-таомил билан боғлиқ бошқа масалалар акс эттирилади.

Кенгаш сессиясининг баённомасига маърузалар, қабул қилинган қарорлар, сессияда ҳозир бўлган ва қатнашмаган депутатлар руйхати ҳамда таклиф этилган шахслар рўйхати ва бошқа материаллар илова қилинади.

Кенгаш сессияси баённомаси ёки стенограммаси сессия тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай тайёрланади ҳамда имзолаш учун тақдим этилади.

Кенгаш сессияси баённомаси ёки стенограммасининг асл нусхаси ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳида сақланади. Кейинчалик, Ўзбекистон Республикаси "Архивлар тўғpисида"ги Қонунида белгиланган тартибга мувофиқ баённома ёки стенограмма сақлаш учун архивга топширилади.

Кенгаш сессияси баённомаси ёки стенограммалари Кенгаш депутатларининг талабига биноан, уларга танишиб чиқиш учун берилиши мумкин.

16. Кенгаш сессияси ўз ишини кун тартибини тас­диқлашдан бошлайди.

Раислик қилувчи томонидан кун тартибидаги масалалар бирма-бир ёки умумий тарзда овозга қўйилиши мумкин.

Кун тартиби юзасидан қаpop депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кун тартиби, қоида тариқасида: асосий, ташкилий, ахборот ва бошқа хил масалаларни акс эттирилган ҳолда тузилади. Бунда хусусан:

Кенгашнинг ваколатига тааллуқли, норматив хусусиятга эга бўлган масалалар - асосий масалалар;

Кенгаш органларини ташкил этиш, улар таркибини ўзгарти­риш, мансабдор шахсларини сайлаш, депутатлар ваколатини муддатидан илгари тугатишга оид масалалар - ташкилий масалалар;

тартиб-таомилларга оид, маълумот тарзидаги, аммо алоҳида қарор қабул қилиш талаб этилмайдиган масалалар - ахборот ва бошқа хил масала­лар ҳисобланади.

17. Кенгашнинг сессиясида раислик қилувчи:

сессия мажлисининг умумий боришига раислик қилади, ушбу регла­ментга риоя этилишини таъминлайди;

маърузачи ва қўшимча маърузачиларга ҳамда музокарада сўзга чиқув­чиларга навбати билан сўз беради;

зарур ҳолларда сўзга чиқиш навбати сабабини тушунтирган тарзда алмаштириши мумкин;

муҳокама қилинаётган масала юзасидан хоҳлаган пайтда сўзга чиқиши мумкин;

Регламентда белгиланган тартибни қўпол равишда бузишга йўл қўйган депутат ёки иштирокчини тартибга чақиради. Улар томонидан бу йўсиндаги хатти-ҳаракат такрорланган тақдирда залдан чиқариб юбориш чорасини кўриши мумкин;

депутатларнинг ёзма сўровлари, аризалари, таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўқиб эшиттиради;

депутат сўрови юзасидан сўзга чиқиш савол, таклиф, фикр-мулоҳаза, шунингдек сессияни олиб бориш тартиби бўйича эътирозлар билдириш учун, қарор лойиҳаларига тузатиш, овоз бериш масаласи бўйича таклифлар киритиш учун депутатга унинг илтимосига кўра сўз беради;

муҳокама якунида қарор лойиҳаларини овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади;

Кенгаш сессиясида қабул қилинган қарорларни, сессия баённомалари ва стенограммаларни имзолайди;

муҳокама жараёнида сўзга чиққан депутат ёки иштирокчилар фикрини бирон-бир тарзда баҳолаш ёки шарҳлашдан, шунингдек қарор қабул қилишда тазйиқ ўтказишдан ўзини тийиши лозим.

18. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва дол­зарб муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг Кенгаш билан ҳамкорликдаги сайёр мажлислари - “Бирлашган сессия” ўтказилиши мумкин.

“Бирлашган сессия” Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг раиси ва Кенгаш раисининг ўзаро келишувига мувофиқ ўтказилади.

“Бирлашган сессия” кун тартибидаги масалалар Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси томонидан Кенгаш­нинг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланади.

“Бирлашган сессия”ни чақириш, бундай сессия ўтказиладиган жой ва вақтни белгилаш ҳамда бошқа масалалар ушбу регламентга биноан ҳал этилади.

III. Кенгашнинг сессиясида масалаларни кўриб чиқиш тартиби

19. Кенгаш тегишли ҳудудда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади ва тегишли норматив ҳужжатларни қабул қилади.

20.Кенгашнинг сессиялари очиқ тарзда ўтказилади.

Зарурат бўлганда Кенгаш ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қaбул қилиши мумкин. Кенгашнинг ёпиқ мажлисини ўтказиш тўғрисидаги қapop депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

21. Кенгашнинг сессиясида маъруза учун, қоида тарқасида, 30 дақиқага қaдap, қўшимча маъруза учун 20 дақиқагақaдap вақт, музокарада сўзга чиқувчиларга 10 дақиқага қaдap, якунловчи сўз учун 5 дақиқага қaдap вақт берилади.

Музокараларда такрорий сўзга чиқиш учун, мажлисни олиб бориш тартиби, овоз бериш сабаблари бўйича, номзодлар юзасидан сўзга чиқиш, баёнот, савол, таклиф, ахборот ва маълумот бериш учун 3 дақиқага қaдap вақт ажратилади.

Сессияда маъруза, қўшимча маъруза юзасидан музокараларда сўзга чиқиш, мажлисни олиб бориш тартиби ва овоз бериш сабаблари юзасидан сўзлаш учун ҳамда сессия ишидаги танаффуслар учун ажратилган вақт вазиятдан келиб чиққанҳолда ўзгартирилиши мумкин. Депутатлар томонидан билдирилган таклифлар сессия котиби ёки котибияти томонидан тайёрланади ва раислик қилувчига берилади. Сессияни олиб бориш тартибига киритилган ўзгартишлар тўғрисида раислик қилувчи сессия иштирокчиларини хабардор қилади.

Тартиб-таомилларга оид масалалар юзасидан алоҳида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.

22.Кенгашнинг сессиясида депутат айни битта масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўз олиш ҳуқуқига эга.

Агар нотиқ музокарада сўзлаш учун ажратилган вақт тугаганидан кейин ҳам сўзлашда давом этаётган бўлса ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, раислик қилувчи уни бир бор огoҳлантиради, нотиқ раислик қилувчининг буйруғига итоат этмаса, унга нисбатан тегишли чора кўради.

23.Кенгаш сессияси кун тартибидаги, муҳокамага киритилган ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет ва унинг ижросига оид ҳисобот, ҳоким ва унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бошқармалари, бўлимлари ва бошқа таркибий тузилмалари фаолиятига доир ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.

Муҳокама жараёни мазкур масала юзасидан ҳоким, унинг ўринбосар­лари, доимий комиссиялар раисларининг ёки депутатларнинг маърузалари ва қўшимча маърузаларини, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сўзларини эшитиш шаклида амалга оширилади.

Айрим ҳолларда муҳокама этилиши лозим бўлган масаланинг моҳиятини ҳисобга олиб, Кенгаш сессияси мазкур масаланинг моҳиятига доир қисқача ахборот тинглаб ёки доимий комиссиялар раислари­нинг ёхуд депутатларнинг тушунтиришлари билан чекланиб, мазкур масалани муҳокама этмасдан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкин.

IV. Кенгашнинг сессияларида қарорлар қабул қилиш ва эълон қилиш тартиби

24. Кенгаш сессияларида қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда, Кенгаш сессияси қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.

Электрон овоз бериш тизими ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизими ёрдамида ўказилади.

25. Ҳар бир депутат бир овозга эга бўлиб, муҳокама қилинаётган масала юзасидан уни «ёқлаб», унга «қарши» ёки «бетараф» эканини билдириб овоз беради.

Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни охиригача санамасданоқ, агар бирон бир депутат бошқача тартибни таклиф этмаган ёки овозларни охиригача санаб чиқишни талаб қилмаган бўлса, ўтказилиши мумкин.

26. Кенгаш сессияларида яширин овоз беришни ўтка­зиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун депутатлар орасидан саноқ комиссияси сайланади. Caноқ комиссиясини сайлаш тўғрисидаги қapop депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Caноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Caноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

27. Кенгаш сессиясида яширин овоз беришни бюлле­тенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.

Яширин овоз бериш ўтказиладиган вақт ва жой, уни ўтказиш тартиби caнoқ комиссияси томонидан белгиланади.

28. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганда са­ноқ комиссияси ҳар бир депутатга биттадан бюллетень беради.

Бюллетенни тўлдириш депутат томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестча қўйиш, қapop лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни (қapop вариантини) ёқлаб овоз бераётган бўлса, «қаршиман» деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қapopra қарши овоз бераётган бўлса, «ёқлайман» деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.

Белгиланмаган нусхадаги бюллетенлар, шунингдек депутатларнинг хоҳиш-иродасини аниқлашнинг иложи бўлмаган бюллетенлар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида хақиқий эмас деб ҳисобланади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш чоғида эътиборга олинмайди.

29. Кенгаш сессиясида яширин овоз беришни элек­трон овоз бериш тизими ёрдамида ўтказиш тўғрисида қapop қабул қилинган тақдирда, caнoқ комиссияси овоз бериш бошлангунга қадар электрон тизим созлигини текшириб кўриши ҳамда яширин овоз бериш учун депутатлар умумий сонига мос бўлган миқдорда карточкалар тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.

30. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида caноқ комиссияси баённома тузади ва бу ҳужжат барча аъзолар томонидан имзоланади.

31. Кенгашнинг сессияси ёпиқ мажлисининг стено­граммаси вилоят ҳокимлигининг тегишли бўлимида "00000 ҳужжат" белгиси билан сақланади.

32. Кенгаш сессиясида муҳокама қилинаётган масала­лар юзасидан қарорлар қабул қилинади.

Қарор лойиҳаси депутатларга олдиндан тарқатилган ҳолларда, Кенгаш сессиясида белгиланган тартибга биноан унинг матни ўқиб эшиттирилмасданоқ овозга қўйилиши мумкин.

Кенгаш қарори лойиҳаси депутатлар томонидан билдирилган таклиф, қўшимча ва ўзгартишларни ҳам муҳокама қилган ҳолда овозга қўйилиши мумкин.

Зарур ҳолларда, Кенгаш сессиясида кўриб чиқилаётган масаланинг долзарб ва муҳимлигини ҳисобга олиб, қарор лойиҳасини тайёрлаш ва узил-кесил ишлаб чиқиш учун раислик қилувчи ёки депутатларнинг таклифи билан ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин.

Ишчи гуруҳ тайёр қарор лойиҳасини тақдим этганидан кейингина қapop овозга қўйилади.

33. Кенгаш сессиясида қабул қилинган қарорлар раис­лик қилувчи томонидан имзоланган вaқтдaн эътиборан, агар ҳужжатнинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кучга киради.

Кенгаш сессиясида қабул қилинган норматив тусдаги қарорлар, агар ҳужжатнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.

Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжат­лари тегишли ҳудудда жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилот­лар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Кенгашнинг қарорлари Кенгашнинг доимий комис­сияларига, ҳокимликнинг бош бошқармалари, бошқармалари, бўлимлари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқарув идораларига, тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахсларга ва туман ҳоким­ликларига тарқатилади.

Кенгаш сессиясида қабул қилинган норматив тусдаги қарорлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ва бир нусхаси давлат ҳисобига олиш учун Самарқанд вилояти адлия бошқармасига юборилади.

V. Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби

34. Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Кенгашга киритилади.

35. Кенгаш Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масалани Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан уч кун ичида кўриб чиқади.

36. Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига номзод Кенгаш сессиясида депутатларнинг саволларига Кенгаш белгилаган вақт мобайнида, лекин кўпи билан 30 дақиқа ичида жавоб беради.

Депутатларнинг саволларига жавоблар тугагандан кейин партия гуруҳларининг вакиллари Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзод юзасидан ўз фикрларини баён этишлари мумкин.

37. Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига номзодни тасдиқлаш Кенгаш томонидан очиқ овоз бериш орқали амалга оширилади.

38. Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига номзод, агар таклиф этилган номзод учун депутатлар умумий сонининг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, Кенгаш томонидан тасдиқланган ҳисобланади.

Кенгашнинг Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

V. Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари

39. Кенгаш сессия муҳокамасига киритиладиган ма­салаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ўз ваколати муддатига жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши ҳамда улар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Кенгаш доимий ва мyвaққaт комиссиялари раислиги ҳамда аъзолигига номзодлар Кенгаш сессиясида раислик қилувчи томонидан тақдим этилади.

Доимий комиссия раисининг номзоди бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Кенгашнинг доимий комиссиялари аъзолигига номзодлар уларнинг ҳар бирини алоҳида ёки кўрсатилган бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш билан сайланади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки бутун таркиб бўйича депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари аъзолари Кенгаш депутатлари орасидан сайланади.

40. Кенгаш таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилади:

1) Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

2) Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар ҳавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича;

3) Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича;

4) Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича;

5) Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича;

6) Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа, коммунал хўжалик ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича;

7) Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича

41. Кенгашнинг доимий комиссиялари сони сессияда белгиланади.

Кенгаш доимий комиссияларининг фаолияти Кенгаш қарори билан тасдиқлана­диган Кенгаш доимий комиссиялари тўғpисидаги низом билан тартибга солинади.

42.Кенгашнинг доимий комиссиялари ўз мажлисла­рида раис ўринбосарлари ва комиссия котибларини сайлайди. Доимий комиссияларнинг таркибида ёрдамчи комиссиялар тузилиши мумкин.

Депутат Кенгашнинг фақат битта доимий комиссияси аъзоси этиб сайланиши мумкин.

Кенгашнинг доимий комиссиялари Кенгаш олдида масъул ва унга ҳисобдордирлар.

43.Кенгашнинг доимий комиссиялари ўз фаолиятини Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган йиллик иш режалари асосида амалга оширадилар. Сессиялар оралиғида доимий комиссиялар иш режалари Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

Доимий комиссиянинг Кенгашнинг сессиялари оралиғида ўтказиладиган мажлисларида иш режасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин, кейинчалик улар Кенгаш сессияси тасдиғига киритилади.

44.Кенгашнинг доимий комиссиялари ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади.

Кенгаш доимий комиссияларининг мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.

Кенгаш доимий комиссияларининг қўшмa мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.

45. Кенгаш доимий ва муваққат комиссияларининг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларга юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлиб, бу идора ва шахслар томонидан кўpиб чиқилиши ҳамда натижаси ёки қабул қилинган чоралар ҳақида хабар қилиниши шарт.

46. Кенгаш муайян вазифаларни бажариш учун депу­татлар орасидан муваққат комиссиялар тузиши мумкин.

Муваққат комиссия тузиш тўғpисидаги қapop Кенгаш сессия­сида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.

Муваққат комиссиянинг вазифалари Кенгаш қарори билан белгилаб берилади.

VI. Депутатлик фаолиятини амалга ошириш шакллари

47.Кенгашнинг ҳар бир депутати Кенгаш сессиясида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Депутат ўз ваколат­ларини ишлаб чиқариш фаолиятидан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.

48. Депутатлар қонунга мувофиқ партия гуруҳларига бирлашиши мумкин.

Ҳар бир партия гуруҳи Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўpиб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Партия гуруҳлари Кенгашнинг доимий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.

49. Кенгашдаги партия гуруҳлари сиёсий партиялардан сайланган депутатлар таъсис йиғилишларида, ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун тузилади.

Партия гуруҳининг раҳбари этиб сайланган депутат партия гуруҳи тузилгани тўғрисидаги таъсис баённомасини ва депутатлар рўйхатини Кенгашга тақдим этади. Партия гуруҳи Кенгаш томонидан рўйхатга олинади, бу Кенгаш сессиясининг баённомасида қайд этилади. Партия гуруҳи тузилгани тўғрисида Кенгаш қарори қабул қилинади.

Партия гуруҳи ўз фаолиятини Кенгаш сессиясида рўйхатга олингандан сўнг бошлайди.

Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сессия кун тартибини тузишда иштирок этиш;

сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда гуруҳ вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши;

сўровлар билан тегишинча ҳокимга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимлик­нинг бошқарма ва бўлимлари раҳбарларига, шунингдек Кенгаш ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига мурожаат этиш;

Кенгаш комиссиялари раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фик­рини депутатлар орасида тарқатиш;

Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган шахснинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш;

Кенгаш депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

Кенгашдаги партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш вилоят ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи ва ишлар бошқармаси томонидан таъминланади.

50. Депутат Кенгашнинг сессияларида ҳамда Кенгаш томонидан тузилган қайси доимий ёки муваққат комиссия таркибига сайланган бўлса, шу комиссиянинг мажлисларида қатнашиши, овоз беришда ушбу регламентда белгиланган тартибда шахсан иштирок этиши шарт.

Депутатнинг Кенгашнинг сессиясида ҳамда қайси комиссия таркибида бўлса, шу комиссиянинг мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тaқдирда, бу ҳақда Кенгаш ёки комиссия раҳбарига олдиндан хабар қилиши шарт.

51. Депутат Кенгаш мажлисларида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.

Депутат:

Кенгашнинг доимий ҳамда муваққат комиссияларига сайлаш ва сайланишга;

Кенгашнинг мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

Кенгаш мажлисининг кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда бу масалаларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;

Кенгаш тoмонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқ­ланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

Кенгашнинг мажлисида мунозараларда иштирок этишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;

депутат сўрови билан мурожаат этишга;

ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ беришга;

Кенгашнинг мажлисида раислик қилувчига муҳокама қилина­ётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазаси матнини топ­ширишга;

Кенгашнинг таркибига ўзи аъзо бўлиб кирган органнинг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини Кенгашнинг мажлисида баён этишга ёки бу ҳaқдa Кенгаш раисига ёзма равишда маълум қилишга;

Кенгашга ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини мазкур Кенгаш мажлисларида эшитиш тўғpисида таклиф киритишга;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, шунингдек Кенгаш қарорларининг бажарилишини текшириш тўғpисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

Кенгаш мажлисларининг стенограммалари билан танишишга ҳақли.

Депутат қонунларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

52. Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши шарт.

Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тepгoв органлари­нинг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутат сўровлари бўйича ахборот Кенгашнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.

53.Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғpисидаги масала вилоят прокурори ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан Кенгаш томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси Кенгаш томонидан кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса Кенгашнинг раиси ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик Кенгаш томонидан тасдиқланади.

Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилади.

54. Депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Депу­татнинг ўз мaқомидан фуқaролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаат­ларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Депутатлик одоби бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғpиси­даги масала Кенгаш томонидан ёки унинг топшириғига кўра Кенгaшининг комиссияси томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

VII. Якунловчи қоидалар

55.Кенгаш фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш Самарқанд вилояти ҳокимлигининг тегишли бошқармалари ва бўлимлари томонидан амалга оширилади.

56. Самарқанд вилояти ҳокимлиги депутатни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлайди, шунингдек депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлар уюштиради.

57.Кенгашнинг Регламентини, Кенгашнинг доимий ва мyваққат комиссиялари тўғpисидаги низомни қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш Кенгаш сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қаpop қaбул қилиш орқали тасдиқланади.



Охирги ўзгариш: 29/04/2015 22:17.   Кўрилганлиги: 2285
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/xalq-deputatlari-samarqand-viloyati-kengashining-reglamentini-tasdiqlash-togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.