ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИДА ТЎЙ-ҲАШАМЛАР, ОИЛАВИЙ ТАНТАНАЛАР, МАЪРАКА ВА МАРОСИМЛАР, МАРҲУМЛАРНИНГ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА КОМИССИЯ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради.
Бироқ сўнгги пайтларда тўй-ҳашамларда, оилавий тантаналарда, маърака ва маросимларда, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бундай тадбирларни ўтказишда халқимиз менталитети, дунёқараши ва миллий анъаналарига мутлақо ёт бўлган номақбул одатларнинг ўйлаб топилаётгани ва кириб келаётганлиги, ўз навбатида уларнинг мусобақага айланиб бораётгани ачинарлидир.
Оилавий тадбирлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат молиявий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёш оилалар ўртасидаги ажралишлар аксарият ҳолларда тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бермоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 30 мартдаги тегишли Қарори асосида Республика ишчи гуруҳи томонидан оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикри ўрганилди.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июндаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оилавий тадбирларнинг миллий ва диний қадриятларимизга мос ҳолда, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказилиши юзасидан доимий мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш тавсия этилган.
Вилоятда ўтказилаётган тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирлар исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги ва бу борада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг таклифларини инобатга олиб ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
ҳар бир Кенгашда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссия тузиш;
комиссиянинг мақсад ва вазифаларини белгилаб, унга ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тадбирлар ва унга доир бошқа тадбирларни ўтиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаларини юклаш чоралари тавсия этилсин.
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, шаҳардаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот орқали жамият ҳаётига татбиқ этиш;
тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш вазифалари топширилсин.
Вилоят Кенгаши раиси Э.Турдимов
2018 йил 24 август
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.