Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда дастлаб вилоят сайлов комиссияси раиси Р.Юлдашевнинг жорий йил 19 августда 7-Истиқлол сайлов округида бўшаб қолган ўринга вилоят Кенгаши депутатлигига ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди. Депутатлар сайловда энг кўп овоз олган, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан кўрсатилган номзод Эркинжон Турдимовнинг депутатлик ваколатини тасдиқладилар.
Шундан сўнг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг «Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши, унинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги ахбороти муҳокама қилинди.
Савол-жавоб ва музокараларда депутатлар бу борадаги ишлар ҳали талаб даражасида эмаслигини таъкидладилар. Қабул қилинган қарорда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қуйидаги вазифалар топширилди:
- бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокорлар ва аҳоли учун шароит яратиш, жумладан, кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларининг хоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
- болалар соғлом ривожланишини ва уларда юзага келиши мумкин бўлган касалликларни яширин даврда аниқлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштиришни давом эттириш;
- туғма нуқсонлар билан туғилиш ва болаликдан ногиронликнинг олдини олиш мақсадида поликлиникага бириктирилган ҳудуддаги барча ҳомиладор аёлларнинг ҳомиладорликнинг 12 ҳафтасигача тўлиқ перинатал скринингдан ўтказилишини таъминлаш;
- вилоят перинатал маркази ва туман (шаҳар) туғруқ комплексларини 26 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
- 6 та янги ҳудудлараро перинатал марказ ташкил қилиш;
- вилоят «Она ва бола» скрининг марказида цитогенетик лаборатория ташкил қилиш ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
- 2018 йилга мўлжалланган инвестиция дастури асосида 2 та шаҳар поликлиникаси, 11 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда 1 та қишлоқ врачлик пункти биноларида мукаммал таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини якунига етказиш.
Кун тартибидаги навбатдаги масала - соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ушбу йўналишдаги ишларни ўрганган ишчи гуруҳ раҳбари А.Шодмоновнинг ахбороти тингланди. Мазкур масала юзасидан қабул қилинган қарорда бу борадаги фаолиятга кенг жамоатчиликни жалб этиш вазифалари белгиланди.
Сессияда вилоят Кенгаши қошида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссия тузилди.
Кенгаш қарори билан тасдиқланган намунавий низомга кўра, комиссия ҳар бир ҳудуднинг маҳаллий урф-одат ва анъаналаридан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига баІишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга қаратилган қоидаларни белгилаш бўйича маҳаллий кенгашларга таклифлар киритади. Маҳаллий кенгашлар томонидан ўрнатилган қоидаларга амал қилинишини доимий равишда назорат қилиб боради. Оилавий тадбирларни ўтказишга оид қоидаларни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритиб боради.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижросини ҳам кўриб чиқдилар.
Таъкидландики, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар натижасида ушбу турдаги маҳсулотлар экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ўсган. Экспортчи корхоналар сони 35 тага ошиб, экспорт географияси 6 давлатга кўпайиб, жами 48 тага етган.
2018-2020 йиллар давомида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 18 та (85,2 млрд сўмлик) лойиҳа амалга оширилади. Жорий йил якунига қадар уларнинг 12 таси ишга туширилади.
Масала юзасидан қабул қилинган қарорда вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, марказий банк вилоят бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси, ташқи савдо вазирлигининг вилоятдаги ваколатли вакиллигига қарорда кўрсатилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт ҳажмини янада ошириш юзасидан аниқ вазифалар топширилди.
Сессияда ташкилий масалалар кўрилди.
Нурқулов Абдумажид Алибекович вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи, Шукуров Акмал Ғайратович вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи, Нуруллаев Ботиржон Ўткирович вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.