Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими Х.Оқбўтаевнинг 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тўғрисида

Самарқанд вилояти ҳокими Х.Оқбўтаевнинг 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тўғрисида

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ҚАРОРИ

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси маҳаллий ижроия органлари томонидан вилоят Кенгашининг 2016 йил 22 январдаги йигирма учинчи сессиясида қабул қилинган қарорда берилган таклиф ва тавсияларга мувофиқ, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлайди.

Жумладан, 2016 йилда вилоятда инвестиция дастурига асосан давлат бюджети ҳисобидан 1,9 триллионсўмлик маблағлар ҳисобига 191 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Жумладан, 54 та умумтаълим мактабларига 71,5 миллиардсўм, 11 та соғлиқни сақлаш муассасаларига 29,6 миллиардсўм, 9 та ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларига 11,4 миллиардсўм ажратилган ва капитал таъмирлаш, қурилиш ишлари бажарилган. Вилоят бўйича 49 та болалар спорти объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Шунингдек, 62 та аҳоли пунктларида ичимлик суви объектлари қурилиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 12,3 миллиардсўм ажратилиб, 101,2 километрсув тармоқлари қурилган.

Вилоят бўйича барча турдаги йўлларни қуриш ва таъмирлаш харажатлари учун 51,1 миллиардсўм маблағ сарфланган ва 18 километрхалқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллар реконструкция қилинган, қишлоқ жойлардаги йўллар учун 11,1 миллиардсўм маблағ ажратилиб, 131,1 километрхўжаликлараро ички йўллар таъмирланган.

2016 йилда намунавий лойиҳалар асосида 1327 та уй-жойлар, 6 та 144 хонадонга мўлжалланган “Камолот” кўп қаватли уй-жойлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Маҳаллий, чет эл инвестициялари ва кредит маблағларини жалб этиш эвазига вилоят саноатида сезиларли ривожланиш кўзга ташланган. 2016 йилда 470 та янги саноат корхоналари ишга туширилиб, 8,8 мингта янги иш жойлари яратилган. Натижада 7,8 триллион сўмлик саноат махсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 109,4 фоизни ташкил этган.

2016 йилда 19 та янги қўшма корхоналар ташкил этилиб, уларнинг сони 263 тага етган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1195 миллиондолларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 115,2 фоизга ошган.

Экспорт ҳажми 2015 йилда 377,6 миллиондолларни ташкил қилган бўлса, 2016 йилда 456,6 миллиондолларга етиб, қарийб 1,4 баробарга ўсган.

Экспортнинг географияси ҳам кенгайишига эришилган. Жумладан,
2016 йилда Россия, Қозоғистон, Туркия, Эрон, Украина, Ироқ, Австралия, АҚШ, Хитой, Виржиния ороллари, Молдова каби давлатларга маҳсулотлар экспорт қилинган.

Қишлоқ хўжалиги сохасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам йилдан-йилга ўзининг салмоқли натижаларини бериб келмоқда. Натижада пахтачиликда 2016 йилда давлатга 217,4 минг тонна пахта сотилиб, ҳосилдорлик 24,5 центнерни ташкил этган, шартномавий режа 100,1 фоизга бажарилиб, пахтачиликнинг ўзидан 254 миллиардсўмдан ортиқ даромад олиниб, соф фойда 19,3 миллиардсўмга тенг бўлган. Fаллачиликда сувли майдонлардаги ҳосилдорлик 62,5 центнерни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан 1,3 центнерга кўпайган.

Шу билан биргаликда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, йил якунига келиб, вилоят бўйича жами 1418 та (8,7 фоиз) кичик бизнес субъектлари турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаган, бу кўрсаткич Булунғур туманида 86 та (13,8 фоиз), Жомбой туманида 110 та (19,6 фоиз), Пахтачида 51 та (14,1 фоиз)ни ташкил этган.

7 та туманда белгиланган экспорт прогнози режаси 50 фоиздан кам бажарилган. Булар, Каттақўрғон тумани – 3,4 фоиз (16,3 миллиондолларга), Нарпай – 4,7 фоиз (7,2 миллиондолларга), Пахтачи – 4,8 фоиз (6,4 миллиондолларга), Иштихон – 8,2 фоиз (18,4 миллиондолларга), Нуробод – 8,7 фоиз (7 миллиондолларга), Қўшработ – 12,1 фоиз (6,1 миллиондолларга) туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Жами 6 та йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш суръатлари таъминланмаган ва бунинг натижасида 151,8 миллиардсўмга кам маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Вилоятда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотининг қарийб 45 фоизи Самарқанд шаҳри ҳиссасига тўғри келган бир пайтда, Оқдарё, Иштихон, Нуробод ва Қўшработ туманларининг саноатдаги улуши 2 фоизга ҳам етмаслигини таъкидлаш керак.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари вакиллари сўзга чиқиб, вилоятда амалга оширилган ишларга ижобий баҳо берган ҳолда, ўз партияларининг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш борасидаги таклифларини билдирганликлари муҳим аҳамият касб этади. Бундай ҳолат, партия депутатлик гуруҳлари аъзоларининг сайловчилар билан бўлаётган учрашувларда партиялар томонидан илгари сурилган дастурларни бажариш бўйича сайловчилар олдидаги масъулиятларининг ошганидан далолат беради.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши регламентининг 54-моддасига асосан вилоят Кенгаши сессияси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Самарқанд вилояти ҳокими Х.Оқбўтаевнинг 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Самарқанд вилояти ҳокими Х.Оқбўтаев ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг 2016 йилдаги фаолияти қониқарли, деб ҳисоблансин.

3. Маҳаллий давлат ҳокимиятининг ислоҳотлардаги ташкилотчилик, ташаббускорлик ролини янада кучайтириш мақсадида вилоят ҳокимлигига қуйидагилар тавсия этилсин:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
14 январдаги 1-сон йиғилиш бёнида белгиланган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва бу борада маҳаллий ҳокимликлар ходимларининг қатъий тартиб-интизомга риоя этишлари ҳамда шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлишига эришиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини тез муддатларда пухта кўриб чиқиш ва хал этилишига эришиш;

- “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури бажарилишини таъминлаш, чораларини кўриш, дастур бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

- ислоҳотлар йўналиши доирасида ҳудудий дастурларни шакллантириш жараёнида очиқликка эришиш, дастурлар тўла ижро қилинишини таъминлаш чораларини кўриш;

- халқ хўжалигининг барча соҳаларида яратувчилик кайфиятини вужудга келтириш учун янги ғоя, таклиф, лойиҳаларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш;

- ҳудудий дастурлар ижроси ва тармоқларни ривожлантиришда корпоратив ва ўзаро ҳамкорлик тамойилларини йўлга қўйиш;

- маҳаллий телевидение орқали аҳоли билан доимий тарзда муайян, долзарб мавзуда тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказиб бориш;

- ҳокимлик тизимидаги идора ва бошқармалар фаолиятида очиқликка, ҳамкорликка, уларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигига эришиш чораларини кўриш.

4. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида вилоят ҳокимлигига қуйидаги таклифлар берилсин;

- вилоят иқтисодиёти ва унинг тармоқларини, ҳудудларни ривожлантиришнинг прогноз параметрларига эришишни сўзсиз бажариш чораларини кўриш;

- иқтисодий соҳа ташкилотлари ходимлари томонидан аҳоли хонадонларини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан мавжуд муаммоли масалаларни ўрганиш, тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришни кенгайтириш каби вазифалар бажарилишини таъминлаш;

- вилоятдаги ишлаб чиқарувчи корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, уларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;

- саноат салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотни кўпайтириш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдиришни кенгайтириш;

- ишлаб чиқарувчи корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш ҳамда экспорт учун ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари турларини кенгайтиришга эришиш;

- маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги чора-тадбирларни тўлиқ бажаришга эришиш;

- 2017 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

- кичик бизнес ва тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш ва амалга ошириш, уларга “Ягона дарча” марказлари орқали хизмат кўрсатишни таъминлаш;

- коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш. Бу борада иқтисодий-ижтимоий органларнинг, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва вилоятдаги тижорат банкларининг ходимларини, ҳокимликлар биринчи ўринбосарларини жалб этишнинг принципиал жиҳатдан янги амалий механизмини жорий этишга эришиш;

- ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш билан боғлиқ тадбирларни кенг амалга оширишни давом эттириш;

- дори-дармонларнинг чекланган нархлар бўйича сотилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;

- қишлоқ хўжалигидаги туб таркибий ўзгаришларни узлуксиз давом эттириш, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятларини такомиллаштириш.

5. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ҳар ойнинг учинчи ўн кунлигида ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, аҳоли муаммоларини, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш борасида қабул қилинган давлат дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиб, ўрганишлар якунлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар иштирокида муҳокама этиб боришни ҳамда аниқ чора-тадбирлар белгиланишини ташкил этсинлар.

6. Ушбу қарор вилоятнинг расмий оммавий ахборот воситалари ва веб сайтларида эълон қилинсин.

7. Мазкур қарор бажарилиши устидан назорат қилиш вилоят ҳокимининг ҳисоботига доир масалани сессияга киритишга масъул этиб белгиланган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Каримов) зиммасига юклансин.

Вилоят Кенгаши сессияси раиси Б.ШАРОФОВ

2017 йил 25 январь


Киритилган вақти: 30/01/2017 17:38.   Кўрилганлиги: 2144
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/samarqand-viloyati-hokimi-xoqbotaevning-2016-yilda-viloyatni-ijtimoiy-iqtisodiy-rivojlanishining-eng-muhim-va-dolzarb-masalalari-yuzasidan-hisoboti-togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.