Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев бошқарди.
Депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 18 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халиловнинг ахборотларини кўриб чиқиб, мазкур қонунлар мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш юзасидан чора-тадбирлар белгиладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг минтақаларда ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари бўйича 2017 йил 17 августдаги қарори муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, мазкур қонун ижроси юзасидан вилоятимизда бир қатор ишлар амалга оширилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига келиб тушган мурожаатларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарарлар ундирилган. Аммо шу билан бирга, истеъмолчиларга коммунал, умумий овқатланиш, чакана савдо ва хизмат кўрсатишда бир қатор қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Депутатлар ушбу масала юзасидан вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмаси масъул ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Сессия кун тартибидаги тўртинчи масала – вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топширишда соҳага оид қонунчиликка риоя этилиши юзасидан депутатлик гуруҳи раҳбариЮ.Жуманазарова ахборот берди.
Маълумотга кўра, бугунги кунда вилоят бўйича 7 та давлат, 13 та идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архиви фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида архив соҳасида ишловчи ходимлар сони ошган бўлса-да, вилоятда фаолият юритаётган ва тугатилаётган ташкилотлар билан жойларда архив ҳужжатларини сақловга олиш борасидаги ишларда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Қўшработ, Паст Дарғом туманларининг давлат, Жомбой, Пайариқ, Тойлоқ, Нуробод ва Оқдарё туманларидаги идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари биноларида муассаса ва ташкилотларнинг архивга топширадиган ҳужжатларини сақлаш учун қўшимча хоналарга эҳтиёж мавжуд. “Ягона дарча” марказларидан сўнгги беш йилда ўз фаолиятини тугатган 4776 давлат ва хўжалик бошқаруви органи ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати олиниб, таҳлил этилганда уларнинг атиги 397 таси ҳужжатларини архивга топширгани аниқланди. Қолганларининг ҳужжатлари эса вилоят ва туман архивларига топширилмаган.
Ахборотда қайд этилган камчилик ва нуқсонлар юзасидан вилоят архив иши бошқармаси масъул ходимларининг ахбороти эшитилиб, кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан сессия кун тартибига киритилган «Ургут» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ҳамда муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирларининг бажарилиши ҳақидаги масала ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси учун Ургут, Паст Дарғом ва Нуробод туманларида 816 гектар ер майдони ажратилган. Ташаббускорлар томонидан 281,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 80 та лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки таклифлар ишлаб чиқилган. Лойиҳалар ҳужжатлари тегишли тартибда тайёрланиб, уларни амалга ошириш бўйича хулосалар олинмоқда.
Депутатлар лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича мутасаддилар идоралар масъулиятини ошириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан ўз тавсияларини билдирди.
Сессия кун тартибидаги олтинчи масала – тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари вилоят Кенгашидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган. Ушбу масала юзасидан депутат З.Шодиева сўзга чиқди.
Таъкидландики, бугунги кунда тўй-маъракалардаги дабдаба ва исрофгарчиликлар, турли одат ва маросимлар халқимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ушбу масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 2015 йил 21 июлда тегишли қарор қабул қилиниб, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликларга чек қўйиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланган эди. Афуски, айни пайтда қарор талаблари бажарилмаяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам жорий йилнинг 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда тўй-маъракаларни ихчамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди.
Муҳокама жараёнида депутатлар, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар тўй-маъракаларни тартибли, камчиқим қилиб ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигини қайд этди.
Сессияда ташкилий масалалар кўрилди.
Қурбонов Камолиддин Мусаевич вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Мирзаев Ботир Тойирович вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи этиб тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.