Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

2013 ЙИЛДА “ИРРИГАЦИЯ-МЕЛИОРАЦИЯ ДАСТУРИ”НИНГ ПАСТДАРҒОМ ВА ПАХТАЧИ ТУМАНЛАРИДАГИ ИЖРОСИ ТЎҒРИСИДА

2013 ЙИЛДА “ИРРИГАЦИЯ-МЕЛИОРАЦИЯ ДАСТУРИ”НИНГ ПАСТДАРҒОМ ВА ПАХТАЧИ ТУМАНЛАРИДАГИ ИЖРОСИ ТЎҒРИСИДА

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарори

2013-2017 йилларга мўлжалланган ирригация-мелиорация дастурига мувофиқ, вилоятда 100,9 млрд сўмлик ирригация-мелиорация тадбирлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шундан 2013 йилда 14,8 млрд сўмлик ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган.

Пастдарғом туманида 2013 йилда 3368,3 млн сўмлик ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар дастур 2923 млн сўмга ёки 87 фоизга бажарилган. Шундан 751,5 млн сўмлик ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш тадбирлари 690,6 млн сўмга (92 фоиз), 2516,7 млн сўмлик мелиорация объектларини қуриш ва тиклаш тадбирлари 2127,47 млн сўмга (85 фоиз) амалга оширилган. 105,4 млн сўмлик таъмирлаш ва тиклаш тадбирлари тўлиқ бажарилган.

Пахтачи туманида 2013 йилда 1996,1 млн сўмлик ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар дастур 1823,1 млн сўмга ёки 91 фоизга бажарилган. Шундан 1518,4 млн сўмлик мелиорация объектларини қуриш ва тиклаш тадбирлари 1366,4 млн сўмга (90 фоиз), 258,2 млн сўмлик таъмирлаш ва тиклаш тадбирлари 224,3 млн сўмга (91 фоиз) га ижроси таъминланган. 232,32 млн сўмлик ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш тадбирлари тўлиқ бажарилган.

Бугунги кунда Пастдарғом туманида 47061 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар мавжуд бўлиб, 192 гектар майдонда, худди шундай Пахтачи туманидаги мавжуд 19795 гектар қишлоқ хўжалиги экин ерларининг бор-йўғи 4 гектарида томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиш жорий этилган.

Бундан ташқари, Пастдарғом туманидаги 72 та фермер хўжалигининг 3400 гектар, Пахтачи туманидаги 48 та фермер хўжалигининг 2900 гектар майдонлари насослар ёрдамида суғорилиб, фермер хўжаликларининг иқтисодига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархининг ошиб кетишига йўл қўйилмоқда. Бугунги кунда фермер хўжаликларнинг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги 3890 млн сўмни ташкил этади.

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, вилоятнинг Пастдарғом ва Пахтачи туманларида сув ресурсларидан самарали ва интенсив усуллардан фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмас.

Юқоридагиларни инобатга олиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. 2013 йилда “Ирригация-мелиорация Дастури”нинг Пастдарғом ва Пахтачи туманларидаги ижроси тўғрисидаги масалани тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари Б.Эргашевнинг 2013 йилда “Ирригация-мелиорация Дастури”нинг Пастдарғом ва Пахтачи туманларидаги ижроси бўйича ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига “Ирригация-мелиорация Дастури”нинг ҳудудлардаги ижросини Кенгаш ва доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилиш тавсия этилсин.

Бунда ирригация-мелиорация тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланганлиги натижасида қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги оширилиши, келгусида ерларнинг мелиоратив ҳолати ўта оғир бўлган ерларнинг дастурга киритилиши, сувни тежайдиган интенсив технологияларни жорий этиш бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилар ўртасида тарғибот ишларини олиб борилиши назарда тутилсин.

3. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги, аҳоли пунктларини кўркамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари (А.Нурқулов)га тегишли ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги ирригация-мелиорация тадбирларини бажарилишига жалб этилган корхона ва ташкилотларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилсин.

4. “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Ғ.Қосимов)га вилоят насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси (Ф.Норов), Пастдарғом (В.Рахимов) ва Пахтачи (Ҳ.Жўраев) туманлари ҳокимликлари билан биргаликда:

- ирригация-мелиорация Дастурининг ижросини доимий мониторингини олиб бориш;

- бир ой ичида насос станциялари ҳолатини ўрганиб, улардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш;

- мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилсин.

5. “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Ғ.Қосимов) белгиланган тартибда аҳоли истиқомат қиладиган жойларда ер ости сувлари кўтарилган Пастдарғом туманидаги “Қўчқор Тўраев” ММТП ҳудудидаги Равот, “Ўзбекистон” ММТП ҳудудидаги Дўрмонтепа, “Хончорбоғ” ММТП ҳудудидаги Хўжа, “Мирза Дангалов” ММТП ҳудудидаги Болдир қишлоқларида ер ости сувларини чиқариш чораларини кўрсин.

6. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ш.Холиқулов) ҳамда халқ депутатлари Пастдарғом ва Пахтачи туманлари кенгашлари раислари зиммасига юклатилсин.

 

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев

Халқ депутатлари Пастдарғом туман кенгаши раиси В.Рахимов

Халқ депутатлари Пахтачи туман кенгаши раиси Ҳ.Жўраев

2013 йил 12 ноябрь


Киритилган вақти: 12/11/2013 00:00.   Кўрилганлиги: 2342
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/local_council/council_documents/2013_yilda_irrigasiya-meliorasiya_dasturining_pastdargom_va_paxtachi_tumanlaridagi_ijrosi_togrisida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.