Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Қайд этиб ўтилсинки, республикани иқтисодий ривожлантиришда ижобий натижаларга эришилганига қарамай, айрим мулкдорларнинг қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдалана олишга ноқобиллиги сабабли ҳамон уларнинг сони анча миқдорда сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, янги ишлаб чиқаришлар ва иш жойлари яратишни хоҳловчи тадбиркорлар бунинг учун зарур ишлаб чиқариш биноларини харид қилишда кўпинча қийинчиликларга дуч келмоқдалар.
Қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, зарур инвестициялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш жойлари барпо этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлигининг илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектларни ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини 1-иловага* мувофиқ схема бўйича хўжалик фаолиятига тезкорлик билан жалб этиш механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2-иловага* мувофиқ намунавий таркибда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссиялар (кейинги ўринларда — Идоралараро комиссиялар) тузилсин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органи Идоралараро комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи орган) этиб белгилансин.
3. Идоралараро комиссия зиммасига қуйидаги асосий вазифа ва функциялар юклансин:
тегишли ҳудудда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш, ўтказилган хатлов якунлари бўйича уларнинг рўйхатини шакллантириш;
қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари билан биргаликда ишлаб чиқаришни ёки хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини ташкил этиш, шунингдек, янги иш жойлари яратиш бўйича инвестиция лойиҳаларини (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳалари) ишлаб чиқиш;
инвестиция лойиҳасининг мақоми ҳақида, лойиҳани амалга ошириш ёки амалга оширмаслик тўғрисида хулосалар бериш;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорлар томонидан рухсатнома ҳужжатларини ва тижорат банкларининг кредитларини олишда уларга ёрдам бериш.
4. Қуйидагилар белгилансин:
давлат томонидан хусусий мулк қилиб берилган (шу жумладан устав капиталига берилган, сотилган ва бошқа усуллар билан бошқа шахсга берилган) кўчмас мулк объектлари, кейинчалик мулкдорлар ўзгарганидан қатъи назар, илгари хусусийлаштирилган бинолар, нотураржой хоналари ва қурилиши тугалланмаган кўчмас мулк объектлари сифатида эътироф этилади;
илгари хусусийлаштирилган бинолар ва нотурар жой хоналари умумий майдонининг 50 фоиздан кўпроғи (бир бино ёки нотурар жой хонаси контури доирасида) сўнгги 12 ой мобайнида товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланилмай келинган бўлса, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилади;
қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатида белгиланган норматив муддатларда тугалланмаган, қурилишнинг белгиланган норматив муддати мавжуд бўлмаган тақдирда — қурилиш бошланган санадан бошлаб 24 ой мобайнида қуриб битказилмаган ҳолларда илгари хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари қурилиши тугалланмаган объектлар сифатида эътироф этилади.
5. Белгилансинки, Идоралараро комиссия томонидан инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса чиқарилгандан кейинги ойдан бошлаб:
юридик шахслар — қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг соддалаштирилган солиққа тортиш тартибини қўллаётган мулкдорлари умумўрнатилган тартибдаги солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлашга ўтадилар;
юридик ва жисмоний шахслар — мулкдорлар ўзларига тегишли қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари учун мулк ва ер солиқларини икки карра оширилган ставка бўйича тўлайдилар.
6. Ушбу қарорнинг 5-банди қуйидаги мулкдорларга нисбатан қўлланилмайди:
жами майдони 2 минг квадрат метрдан камроқни ташкил этувчи фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорларига;
қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларига рухсатнома ҳужжатларини бериш функцияси юкланган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг айби билан инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорларга;
қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини сотиб олган мулкдорларга нисбатан — сотиб олинган санадан бошлаб 12 ой мобайнида;
қурилиши тугалланмаган объектни ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонини сотувга қўйган мулкдорларга нисбатан — сотувга қўйилган санадан бошлаб уч ой мобайнида;
инвестиция лойиҳасини амалга ошира бошлаган мулкдорларга нисбатан — Идоралараро комиссия инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани тўғрисида хулоса берган санадан кейинги календарь чорагидан бошлаб.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони негизида инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаган ҳолларда мулк ва ер солиғи навбатдаги ҳисобот йилидан бошлаб икки карра миқдорда оширилади ва ҳар бир кейинги ҳисобот йилида икки карра миқдорда, аммо олти каррадан кўп бўлмаган ошириб борилувчи коэффициент қўлланилади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари фойдаланилмаётган ҳамда мақсадга номувофиқ фойдаланилаётган ер участкалари олиб қўйилишини, бўшаётган ер участкалари захира ерлари тоифасига ўтказилишини таъминласин.
9. Тижорат банкларига қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, ижарачиларга 5 йил муддатгача, имтиёзли даври 12 ой бўлган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилсин.
10. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси Д.А. Хидоятов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ўн кун муддатда ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ҳудудлар бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқласин ҳамда унинг бажарилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида ҳар чоракда маълумот бериб борсин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари комплексининг раҳбари Р.С. Азимов:
илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектларни ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хўжалик фаолиятига тезкорлик билан жалб этиш механизми татбиқ қилинишини ҳар бир ҳудуд бўйича кўриб чиқиш жадвалини тасдиқласин;
қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорларига улар томонидан ишлаб чиқаришларни ёки хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сотувга қўйилган ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари рўёбга чиқарилишини, янги мулкдорлар аниқланишини шахсий назорат остига олсин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари — ҳудудий Идоралараро комиссияларнинг раислари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда хатлов якунлари бўйича қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг тасдиқланган рўйхати маҳаллий матбуотда албатта чоп этилишини ҳамда уларнинг хўжалик фаолиятига тезкорлик билан жалб этилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда телевидение орқали аҳолининг хабардор қилинишини таъминласинлар.
13. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, тижорат банклари, масъул мансабдор шахслар томонидан ушбу қарорнинг моддалари бажарилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.
14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ушбу қарор билан белгилаб берилган мақсад ҳамда вазифалар босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда аҳоли орасида мунтазам, тизимли ва кенг кўламда ёритиб борилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 23 февраль,
ПҚ-2796-сон
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.