Ўзбекистон Республикаси ПрезидентинингФармони
Қайд этиб ўтилсинки, сўнги йилларда Ўзбекистон Республикасида ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида умум қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонлари тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимизнинг халқаро рейтингини янада оширишни таъминлаш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси қабул қилинди.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш, бизнесни тугатиш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатномалар бериш, электр тармоқларига уланишда «бир дарча» тамойилларини оммавий жорий этиш бўйича ишлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитининг ҳозирги ҳолати ва бизнесни юритиш шароитлари ҳали-ҳамон эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умум қабул қилинган халқаро нормаларга тўлиқ ҳажмда жавоб бермаяпти. Аввалгидек тадбиркорлик фаолиятини ҳаддан ортиқча тартибга солиш ҳолатлари мавжуд, давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг контактсиз шаклларини самарали жорий этиш имкониятлари тўлиқ ҳажмда ишлатилмаяпти. Бизнесни юритиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар жойларда етарли даражада амалиётга жорий этилмаяпти.
Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ойдинлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш мақсадида:
1. 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда — чора-тадбирлар Дастури) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
чора-тадбирлар Дастурига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин, шу жумладан уларни амалда жорий этишнинг натижадорлиги тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида мунтазам сўровлар ўтказиш йўли орқали назоратни таъминласин;
икки ҳафта муддатда лицензия ва рухсатнома характерига эга ҳужжатларни олиш тартиботларидан ўтиш тартибини тубдан қисқартириш, соддалаштириш ва арзонлаштириш бўйича аниқ таклифларни киритсин.
3. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир ой муддатда ўзларининг расмий веб-сайтларида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи ахборотларни жойлаштирсинлар ва кейинчалик уларни доимий равишда янгилаб борсинлар, бунда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилсин:
улар томонидан қабул қилинган идоравий меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни мажбурий равишда жойлаштириб бориш (тарқатилиши чегараланган ҳужжатлар ва тижорат сири баён этилган ҳужжатлар бундан мустасно);
тадбиркорлик субъектларига рухсатнома характерига эга ҳужжатларни, лицензиялар, сертификатлар ва бошқаларни расмийлаштириш ва беришнинг тартиби ва муддатлари;
тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва нархи.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига белгиланган талабларга мувофиқ, уларнинг расмий веб- сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалари ва маҳаллий ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларини юритишда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалалари бўйича қўйиладиган талабларга риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.
2014 йилнинг 1 июнидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида чоп этилмаган уларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатлари учун тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чоралари қўллаш тақиқланади;
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади.
5. Солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилсин (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунингдек бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно).
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, хўжалик бошқаруви органларининг 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқлари бўйича кичик корхоналар ишчиларининг чекланган ўртача йиллик сонини ошириш тўғрисидаги таклифи 2-иловага мувофиқ қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қўшимча таклифларни киритган ҳолда иқтисодиётнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида фаолият юритаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарда қўшимча иш ўринларини ташкил этиш юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиётини бекор қилсинлар.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилади;
2014 йилнинг иккинчи чораги учун солиқ солишдан бошлаб, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) қурилиши якунланган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланганидан кейин 6 ой давомида, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда, ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловни, ушбу тўловларнинг тасдиқланган энг кам миқдорларини ҳисобга олмаган ҳолда, амалда бажарилган иш ҳажмларидан келиб чиқиб тўлайдилар.
2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этадилар, бунда статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича танланма асосдаги ўрганишларни ўтказиб борадилар.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш., 2014 йил 7 апрель,
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.