Самарқанднинг кўҳна қисмида, Амир Темур жомеъ масжидининг кунчиқар томонида, бундан олти асрлар илгари барпо қилинган яна бир меъморий обида мавжуд.
Бу обида ичида Амир Темурнинг суюкли хотини Сароймулкхоним – Бибихонимнинг қабри жойлашган.
Бибихоним мақбараси қурилган даврда жуда ҳашаматли ва маҳобатли бўлган, унинг деворлари ранг-баранг кошинлар, нақшлар ҳамда Қуръондан келтирилган оятлар битилган ёзувлар билан безатилган. Мақбаранинг ички тузилиши, худди Амир Темур мақбарасидек икки қаватли, пастда сағана, тепада эса зиёратхона бўлган. Мақбаранинг гумбази йиқилганидан сўнг унинг ичига қор-ёмғирлар тушиб, сағананинг томи ҳам йиқилиб тушган.
1941 йили археолог Яҳё Fуломов раҳбарлигидаги олимлар мақбарада қазиш ишларини олиб бордилар. Экспедиция аъзолари мақбара XI–XII асрларга оид маданий қатлам устида бунёд қилинганлигини аниқладилар.
1941 йил июнь ойида археологлар мақбарадаги қабрларни ҳам очиб ўргандилар.
Ушбу мақбарага дафн этилганлар мармартошлардан йўнилган тоштобутларга кўмилган. Тоштобутлар дастлаб мақбаранинг пастига, яъни, сағанага қўйилган, сағананинг томи йиқилиб тушганидан сўнг тоштобутлар токчалар ичига жойлаштирилган. Дастлаб шимолий токчада турган тоштобут очилганда унинг ичида пахта, газламаларга аралашиб ётган суяклар аниқланган.
Оёқ суяклари бош суяклари билан аралаштириб ташланган. Антрополог М.Герасимовнинг аниқлашича, ушбу суяклар 25-30 ёшли аёл кишига тегишли. Тоштобутнинг қопқоғида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаганлиги учун маликанинг шахсиятини аниқлаб бўлмаган.
Шимолий токчага тобутнинг узунлиги
М.Герасимов тобут ичидаги эзилиб кетган суяклар кекса аёл кишига тегишли эканлигини аниқлади.
Мақбаранинг шарқий токчасига учта тоштобут ёнма-ён қўйилган бўлиб, улар ҳам яхлит мармартошларнинг ичи йўниб тайёрланган.
Шарқий токчадаги учала тоштобутнинг иккаласи бўм-бўш бўлиб, фақат биттасининг ичида жасад сақланган. Бу тобутдаги жасад ҳам титиб ташланган. Жасад дафн қилинишидан олдин мумиёланган, жасаднинг ёнидан бир неча тақинчоқ, райҳон барглари ва кафаннинг қолдиқлари топилган.
1941 йилда ушбу тоштобут очилаётганда, унинг қопқоғи устида ҳеч қандай ёзувлар бўлмаган. Аммо тарихчи С.А.Лапиннинг ёзишича, у 1889 йили мақбарага кирганида, ушбу тобутнинг устида ёзув битилган тош қопқоқни кўрган. Қопқоқнинг устида, Қуръондан кўчирилган оят ва пастроқда эса: "Мажнуннинг ўлимидан сўнг минг йил ўтса ҳамки, унинг кафанидан ҳамон ишқ дарди таралади", – деган ёзув бўлган. 1926 йили рассом И.Мрачковский мақбарада тадқиқот ўтказганида, бу ёзувли тахта ўғирланиб, унинг ўрнига оддий, ёзувсиз қопқоқ қўйилганлиги аниқланган.
Нега тоштобутлардаги жасадлар титиб ташланган, уни кимлар, қачон қилишган? – деган савол туғилиши мумкин.
Археолог М.Е.Массоннинг айтишича, Бибихоним
мақбарасидаги тош тобутлар дастлаб 1871 йили Самарқанд Россия империяси
томонидан истило қилинганидан сўнг очилган. Аммо, тобутлар қандай мақсадда
очилганлиги маълум эмас. М.Е.Массон ҳам билмаган. Тоштобутлар иккинчи марта
1926 йили бир гуруҳ ўғрилар томонидан очилган. Ўғрилар тобутларни титиб марҳумларнинг
тақинчоқлари ва бошқа безакларини ўғирлаганлар. Шу туфайли, тоштобутлар 1941
йили учинчи марта очилганида унинг ичидаги суяклар ағдар-тўнтар ҳолатда бўлган.
Бибихоним мақбарасидаги тош тобутларнинг қопқоқларида ҳеч қандай ёзувлар
бўлмаганлиги учун бу ерга дафн этилган марҳумларнинг шахсиятларини аниқлаш анча
мушкул бўлди. Аммо олимлар биринчи очилган тоштобутдаги малика темурийлар
хонадонига мансуб олий мартабали аёл бўлганлигини эътироф этдилар. Шимолий
токчадаги иккинчи тоштобутга дафн этилган марҳумани Бибихонимнинг онасига
тегишли эканлиги тахмин қилинди.
Шарқий токчада жойлашган, учинчи бўлиб очилган мақбарадаги энг йирик тоштобутга дафн этилган жасаднинг шахсияти ҳақида анча баҳслар бўлди. Кўплаб тарихий манбалар ўрганилиб, жасад Амир Темурнинг суюкли хотини Бибихонимники, деган хулосага келдилар.
Бибихоним XIV асрнинг 40-йилларида Мовароуннаҳрга хонлик қилган Чиғатой хонадонига мансуб амир Қозонхоннинг қизи бўлган. Тахминларга кўра, у 1341 йили ҳозирги Қашқадарё воҳасидаги Занжирсаройда таваллуд топган. Амир Қозонхон давлатда тартиб ўрнатиш йўлида ҳар хил қаршиликларга учраб, 1346 йили бир гуруҳ беклар томонидан ўлдирилади. Бу фожеа юз берганида Бибихоним 5-6 ёшларда эди. У балоғатга етгач, амир Қозоғоннинг набираси Ҳусайнга турмушга берадилар. 1370 йили амир Ҳусайн Хутталон амири Кайхусрав томонидан ўлдирилгач, Амир Темур Бибихонимга уйланади. У хоннинг қизи бўлганлиги туфайли Амир Темурнинг ҳарамида Катта хоним деган унвонга эга бўлади.
Бибихонимнинг гўзаллиги, ақл-фаросати, нозик диди, кенг қалби ҳақида халқ орасида афсоналар сақланиб қолган. Ўша даврда яшаган бир шоир Бибихонимнинг гўзаллиги ҳақида: "Унинг гўзаллигини сўз билан англатиш мушкул, чунки ул ҳар қандай гўзал сўздан-да гўзалдир", – деб ёзган.
Бибихонимнинг ақл-фаросати ва меҳрибончилигини Амир Темур юксак баҳолаган ва оқила маликага темурий шаҳзодаларнинг тарбиясини ишониб топширган. Бибихонимга табиат она бўлиш бахтини бермаган, аммо у бор меҳр-муҳаббатини Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Султон, Халил Султон каби суюкли набираларига бахш этди. Бибихоним ўз сармоясидан Самарқандда улуғвор мадраса бунёд қилди, олимлар шоирлар ва меъморларга ғамхўрлик қилди. Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, уни Халил Султоннинг хотини Шодимулк яширин равишда заҳарлаб ўлдирган...
Ҳозирги кунларда Бибихоним мангу уйқуда ётган мақбара таъмирланган ва аслига қайтган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 6
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.