2016 йилнинг январ-декабр ойларида Самарқанд вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида
Вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг вилоятни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз иккинчи сессиясидаги ҳисобот-маърузаси
Ислоҳотлар самараси халқ ҳаётида акс этиши зарур
Вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг вилоятни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз иккинчи сессиясидаги ҳисобот-маърузаси
Ҳурматли депутатлар!
Бугун Сизлар билан 2016 йилда вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишимиз ва 2017 йилда олдимизда турган устувор вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.
Муҳтарам Юртбошимиз ва ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан вилоятимизнинг республикадаги ўрни ва салоҳияти, фаол ва фидойи халқимизнинг меҳнатлари эътироф этилиб, Самарқандни янада обод этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эътиборни, айниқса, вилоятимиз учун ажратилаётган инвестиция салмоғида яққол кўришимиз мумкин.
Жумладан, 2016 йилда Инвестиция дастурига асосан бюджет ҳисобидан 1,9 триллион сўм ажратилиб, 191 та объектда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 112 миллиард сўм маблағ ҳисобига 54 та умумтаълим мактаби, 9 та коллеж, 49 та болалар спорти объекти, 11 та соғлиқни сақлаш муассасасида қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди.
62 та аҳоли пунктида 12 миллиард сўм маблағ эвазига 101 км сув тармоқлари қурилди. Натижада 82 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Барча турдаги йўлларни қуриш ва таъмирлаш харажатлари учун 51 миллиард сўм маблағ сарфланди. 18 км халқаро аҳамиятдаги, 131 км хўжаликлараро ички йўллар таъмирланди.
Намунавий лойиҳалар асосида 1327 та уй-жойлар қурилди. 144 хонадонга мўлжалланган 6 та кўпқаватли “Камолот” уйлари фойдаланишга топширилди.
Замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари асосида Булунғур, Ургут, Оқдарё туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Маҳаллий, чет эл инвестициялари ва кредит маблағларини жалб этиш борасида ҳам вилоятда сезиларли натижалар қайд этилди. Ҳисобот йилида 470 та янги саноат корхоналари ишга туширилиб, 8,8 мингта янги иш ўрни яратилди. Натижада 7,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 110 фоизни ташкил этди.
Кам қувватли корхоналарни молиявий соғломлаштириш дастури бўйича 160 та корхонага 120 миллиард сўм инвестиция киритилди. Мисол учун, “Артек интернационал” қўшма корхонасига “нол” харид қийматида берилган бўш турган объектга 1,4 миллиард сўм инвестиция киритилиб, тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 100 та доимий иш ўрни ташкил этилди.
Вилоятнинг иқтисодий тузилмалари, ташқи иқтисодий фаолиятида, айниқса, экспорт салоҳиятини оширишда ҳам изчил ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, 19 та янги қўшма корхона иш бошлаб, вилоят бўйича уларнинг сони 263 тага етди. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларни ташкил этиб, режа 115 фоизга бажарилди. Экспорт ҳажми 456 миллион долларга етди ва ўтган йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ўсди.
Вилоят иқтисодиётини изчил ривожлантиришда хизмат кўрсатиш соҳаси жуда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам ўтган йилда меҳнат бозоридаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, 1136 та хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиб, 5600 та иш ўрни ташкил этилди.
Бугун вилоятда истиқболли йўналишлардан бири саналган туризм соҳасида туроператорлик фаолияти билан шуғулланувчи 10 та янги сайёҳлик фирмаси ташкил этилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришиляпти.
Хусусан, 2016 йилда 2838 та кўптармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилиб, улар томонидан 235 миллиард 246 миллион сўмлик 2969 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 11 минг 349 та иш ўрни яратилди.
Вилоятнинг тоғ, тоғолди, лалми ва бўз ерларида 9079 гектар майдонда интенсив боғ ва 1000 гектар токзор барпо этилди.
Шу ўринда республикада ташкил этилган интенсив боғларнинг 42 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келишини эътироф этиш ўринли бўлса керак.
Унумдорлиги юқори ерларда қаровсиз қолган, самарасиз ва эскирган 3367 гектар боғ ва токзорлар бузилиб, қишлоқ хўжалик экинлари экилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи 508 минг тонна қувватга эга 42 та корхона мавжуд. Ўтган йилда амалга оширилган модернизация ишлари туфайли уларнинг қуввати 58 минг тоннага ошди. Йил мобайнида 422 минг тонна ўрнига 452 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишланди. Жумладан, сабзавотни қайта ишлаш режаси 300 минг тонна, мева 71 минг тонна, узум 82 минг тоннага бажарилди.
Мева-сабзавотчиликда ҳосилдорликни ошириш мақсадида соҳага замонавий технологиялар жорий этилди. Мисол учун, “Жомбой интенсив боғлари” томонидан 350 гектар майдонга помидорнинг “Черри” навини экиш, ишлов бериш ва йиғиб олиш ишлари махсус техникалар ёрдамида амалга оширилди. Натижада гектаридан 450-500 центнердан, жами 22 минг тонна ҳосил олинди.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 40 миллиард сўмлик 28 та лойиҳа амалга оширилди. Умумий сув йиғиш ҳажми 9 миллион м3 бўлган “Камонгарон”, “Оқчобсой” ва “Омондара” сув омборлари қурилиши охирига етказилиб, фойдаланишга топширилди.
69 минг 305 гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бунинг самарасида ҳосилдорлик ғалладан 3-4 центнерга, пахтадан 2-3 центнерга ошди.
Умуман, ўтган йил пахта, ғалла ва пилла етиштириш шартнома режалари бажарилиб, пахтачиликдан 254 миллиард, ғаллачиликдан 424 миллиард сўм даромад олинди. 420 минг тонна ғалла фермерларнинг ўзида қолди.
Вилоятда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик соҳалари ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ҳисобот йилида 65 та паррандачилик фермер хўжалиги ташкил этилиб, 105 миллион дона тухум, 1,3 минг тонна парранда гўшти етиштирилди.
Вилоят паррандачилик соҳасида республикадабиринчи ўринда эътироф этилади. Чунки 251 паррандачилик корхонасида суткалик тухум ишлаб чиқариш 3 – 3,5 миллион донани ташкил этмоқда.
Яна бир таҳлил: 2010 йилда вилоятда 12 минг тонна сиғимга эга 8 та музлаткичли омбор фаолият кўрсатган бўлса, 2016 йилга келиб уларнинг сони 106 тага етди ва сиғими 150 минг тоннани ташкил этди.
Бандлик дастури асосида 2016 йилда 95,5 мингта, жумладан, қишлоқ жойларида 77 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Иқтисодиётни ривожлантиришнинг пировард натижаси бу – аҳоли даромадларини ошириш ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборат. Бугун вилоятда ҳар 100 оилага ўртача 152 та телевизор, 99 та музлаткич, 28 та кондиционер, 27 та шахсий компьютер ва 41 та енгил автомобил тўғри келаётгани аҳолининг турмуш даражаси йилдан-йилга яхшиланиб бораётганидан далолат беради.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида 650 миллиард сўм, 177 миллион доллар ва 5,5 миллион евро миқдоридаги 94 та лойиҳа амалга оширилди.
Шунингдек, қиймати 262 миллиард сўмлик 1343 та объект қурилди. Тиббиёт муассасалари 176 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуна билан таъминланди. Она ва бола соғлиғини яхшилаш мақсадида вилоятда истиқомат қилаётган болаларнинг 98 фоизи профилактик эмланди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилаш мақсадида болалар тиббиёт муассасалари 67 турдаги тиббий ускуна билан жиҳозланди.
Вилоятда спортнинг оммавийлигини ошириш, замонавий спорт иншоотлари барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қратилмоқда. Бугун шаҳар ва қишлоқларимиздаги 52 мингдан ортиқ спорт иншоотларида бир кунда 161 минг 475 нафар ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Ҳисобот йилида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 43 та спорт зал, 2 та мусиқа ва санъат мактаби, 2 та ТИП-1 спорт мажмуаси ҳамда 2 та болалар ва ўсмирлар мактабларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунга жавобан спортчиларимиз республика биринчиликларида 1169 та, жаҳон ва Осиё чемпионатларида 126 та медални қўлга киритди.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Паралимпия ўйинларида Ўткиржон Ниғматов дзюдо бўйича олтин, Мансур Абдурашидов енгил атлетика бўйича бронза медалларини қўлга киритишди.
Вилоятимиз 64 та республика аҳамиятидаги, 2 та халқаро миқёсдаги спорт мусобақасига мезбонлик қилди.
2016 йилда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими муассасалари ўқувчилари таълим сифатининг энг муҳим кўрсаткичи саналган республика фан олимпиадасида 7 та совринли ўринни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида мамлакатимизда биринчи ўринни эгаллади.
2 та телевидение ва 3 та вилоят газеталари ҳамда шаҳар ва туманлар нашрларида ишлаётган журналистлар, республика газета-журналлари, телерадио каналларнинг мухбирлари вилоятимизда амалга оширилаётган ибратли ишларни оммага тезкор ва холис етказиб келмоқда.
Вилоят телерадиокомпанияси барча шароитга эга бинода иш бошлади, “Самарқанд СТВ” телеканалида алоҳида радиоканал ишга туширилди.
Ҳурматли сессия қатнашчилари!
2016 йилда вилоятимизда яна бир муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – маҳалла раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови уюшқоқлик билан ўтказилди. Бу жараёнда аҳоли ўртасида обрўга эга бўлган, фаол кишиларнинг ушбу масъул вазифаларга сайланишига эътибор қаратилди. Халқимиз томонидан номзодларнинг муносиблик даражаси, ёши, маълумоти, иш тажрибаси, ташкилотчилик қобилияти инобатга олинди. Натижада 1245 маҳаллага 790 нафар (64 фоиз) раислар биринчи марта сайланди.
Шунингдек, 47 та маҳаллага маъмурий бино қуриб берилди, барча хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларига эга бўлган 5 та маҳалла гузари ташкил этилди. Жумладан, Ургут тумани Тўрткўл маҳалласида 6 миллиард 627 миллион сўм сарфланиб, маҳалла маркази, қишлоқ врачлик пункти, деҳқон бозори, амфитеатр, ҳаммом, мини-футбол майдончаси каби маиший хизмат объектлари бунёд этилди.
Тайлоқ туманининг Ўрай-Элипок маҳалласида ҳам 6 миллиард 175 миллион сўм маблағ эвазига барча зарур хизмат кўрсатиш ва маъмурий-маиший бинолар барпо этилди ва яхлит инфратузилма шакллантирилди. Натижада 200 дан ортиқ доимий иш ўрни вужудга келди.
Азиз дўстлар!
Ўтган йилдаги асосий кўрсаткичлардан келиб чиқиб, 2017 йилда олдимизда турган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича барча чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Жорий йилда вилоят Инвестиция дастури асосида 3 триллион сўмлик 251 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш режалаштирилган.
Жумладан, 69 та умумтаълим мактаби, 12 та касб-ҳунар коллежи, 13 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 44 та ичимлик сув ва 59 та болалар спорти объекти реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади. 37 та қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 1758 та уй-жойлар қурилади.
Саноатни ривожлантириш лойиҳалари асосида 902 миллиард сўм ҳудудий, 18 миллион доллар хорижий инвестициялар йўналтирилади ва бунинг натижасида 10 мингта иш ўрни ташкил этилади. Умуман, барча манбалар ҳисобидан 77 мингта иш ўрни яратилиши белгиланган.
Йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 9,2, саноат ишлаб чиқаришини 12, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 6, чакана савдони 13,2, хизматлар кўрсатишни 11,4 фоизга кўпайтириш юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланган.
Ҳурматли сессия қатнашчилари!
Ўтган йилда барча жабҳаларда эришилган ўсиш тенденцияларини 2017 йилда ҳам изчил давом эттириш, бунинг учун Сизлар билан белгилаб олган мақсад ва вазифаларга эришишда ишни янгича асосда ташкил этиш талаб этилмоқда.
Президентимиз томонидан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги ҳам барчамизга алоҳида масъулият ва жавобгарлик юклаганини чуқур ҳис этиб турибмиз.
Эндиликда “Халқ биздан рози бўлса, яратган ҳам биздан рози бўлади” деган эзгу ғояни амалга ошириш, халқимизнинг ишончини қозониш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш учун фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ва ташаббус кўрсатиб ишлашимиз лозим.
Бу ишларда барчангизга омад ва муваффақият тилайман.
2016 йилнинг январь-декабрь ойлари якунига Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш асосий кўрсаткичлари (PDF форматда, 816 Кб)
Вилоятда 2016 йил йиллик якуни бўйича иқтисодий ислоҳотлар бориши ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий кўрсаткичлари (PDF форматда, 1,08 Мб)
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.