Тошкент шаҳрида бўлиб турган Малайзиянинг Коррупцияга қарши курашиш комиссияси Бош комиссари Датук Сери Азам бин Баки бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири З.Каримов кутиб олди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлигида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Кенгаш аъзоси Ф.Тошев хорижий мутахассисларни коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегиямиз, давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, жамоат назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.
Ҳар икки томон ҳам жараёнда ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўлга киритилган илғор тажрибаларни оммалаштиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
— Биз Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш бўйича манзилли стратегиясини ўрганиб чиқдик, — дейди Датук Сери Азам бин Баки. — Айтиш жоизки, танлаган йўлингиз бизда катта қизиқиш уйғотди. Ўтган қисқа вақтда эришган ютуқларингиз тизим ишлаётганидан далолат. Айни йўналишда бир-биримиздан ўрганадиган, тажриба алмашадиган масалаларимиз бор. Ҳамкорлигимиз яхши натижа беришига ишонаман.
Суҳбатда хорижий делегация аъзолари давлатимиздаги маҳалла институти, коррупцияга қарши тарғибот тадбирларининг олиб борилиши, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тартибига алоҳида қизиқиш билдирди.
Мулоқотдан сўнг меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазавор, тарихий жойлари билан таништирилди.
Маълумот учун: Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси 1967 йилда агентлик шаклида ташкил этилган. Бугунги кунда 16 та ҳудудий бўлимлари мавжуд бўлиб, тизимда жами 2500 дан зиёд ходим ишлайди.
Мазкур комиссия билан ҳамкорлик мақсадидаги мулоқотлар Ўзбекистонда бир неча йилдан буён давом этмоқда. Хусусан, 2020 йил октябр ойида Малайзия Коррупцияга қарши курашиш комиссияси ва Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасидаги кенгайтирилган мулоқотда ҳам айнан жаноб Датук Сери Азам иштирок этганди.
Учрашув давомида икки давлат коррупцияга қарши курашиш тизими, идоралараро ҳамкорлик, шу жумладан, томонлар ўртасида алоқаларнинг ҳуқуқий асоси – ўзаро англашув Меморандумини имзолаш масалалари ҳам муҳокама қилинган эди.
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot xizmati
O‘zbekiston Respublikasi Davlat hukumati portali
O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senati
O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi
O‘zbekiston Respublikasi milliy qonunchiligi onlayn bazasi
Aloqa, axborotlashtirish va telekommunikatsiya bo‘yicha davlat inspeksiyasi
Hozir onlayn
Ro‘yxatdan o‘tganlar: 1
Mehmonlar: 14
Copyright © 2010 – 2018. . Sayt materiallaridan foydalanganda www.samarkand.uz manba sifatida ko‘rsatilishi shart.