Чоп этиш версияси  

Вилоят ҳокимининг функционал вазифалари

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда кўрсатилган ваколатларини якка бошчилик асосида амалга оширади. 

Вилоят ҳокими вилоятнинг тегишли вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради. Ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Қўйидагилар вилоят ҳокимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг меъёрий ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этади;

- жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ барча чора-тадбирларни кўради. Табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда тегишли ишларни ташкил этади;

- вилоятни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят бюджетининг асосий кўрсаткичларини ва уларнинг ижросига доир ҳисоботларни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тасдиғига тақдим этади;

- ўз ўринбосарлари ва ижроия ҳокимияти тизими бўлинмаларининг раҳбарларини тегишли тартибда лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимдан озод этиш туғрисидаги қарорларини халқ депутатлари вилоят Кенгаши тасдиғига тақдим этади;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони билан келишилган ҳолда вилоят ҳокимининг ўринбосарларини, туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади. Ушбу масалага доир қабул қилган қарорларини тегишли кенгашларнинг тасдиғига киритади;

- қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қонунларига, Олий Мажлис, Республика Президенти, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишларига зид бўлса, бекор қилади ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади;

- халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокими қабул қилган қарор ва фармойишларини бажармаган ҳолларда мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;

- давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни қараб чиқади ва таклифлар киритади;

- аҳолини қабул қилишни ташкил этади, фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқади;

- ўзига берилган ваколатлар ва амалдаги қонунлар доирасида вилоятдаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар қабул қилади;

- заруратга қараб, аммо бир йилда камида икки марта халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясини чақиради, сессияларга раислик қилади, кун тартибига киритиладиган масалалар юзасидан таклифлар беради. Кенгаш қарорларига имзо қўяди ва тасдиқлайди;

- иш фаолияти юзасидан бир йилда бир марта халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳисобот беради.

Вилоят ҳокими қуйидаги комиссияларга раислик қилади:

- вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия;

- одам савдосига қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси;

- назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашининг Самарқанд вилоят ҳудудий комиссияси;

 - Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали ҳомийлик кенгашига раислик қилади;

- Вилоят «Маънавият ва маърифат» кенгашига раислик қилади.


Охирги ўзгариш: 27/05/2016 22:01 Кўрилганлиги: 1731
 
Қидириш
Жами мурожаатлар: 1354 (100%)
Кўриб чиқилган: 1169 (86%)
Кўриб чиқилмоқда: 185 (14%)
 
Вилоят ҳокимлигининг умумий бўлими
 
 
 
mail@samarkand.uz
 
 
Электрон давлат хизматлари

Электрон давлат хизматлари
Очиқ маълумотлар
Онлайн тизимлар




 
 
 

    Сайтга баҳо беринг

Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 2
Мехмонлар: 5
 
Яндекс.Метрика
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг