Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилояти бўлими янги бинода иш бошлади

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилояти бўлими янги бинода иш бошлади

Бугун Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилояти бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 январдаги 11-сон қарори билан, Самарқанд вилоят ҳудудий бўлимида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини ҳамда Фарғона, Сурхондарё, Хоразм вилоят ҳудудий бўлимларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш белгиланган эди.

Хусусан, жорий йилнинг 1 июлидан Самарқанд вилоятида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари фаолияти йўлга қўйилиб, дастлабки экспертиза хулосалари расмийлаштирилди. Бу орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликни қисқа муддатларда фош қилиш ҳамда суд ва тергов органларининг ортиқча овворагарчилигининг олдини олиш, тез фурсатларда суд-экспертиза хулосаларини олишларига шароит яратилди.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази раҳбари А.Каримов, вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очилов, адлия вазирлиги фахрийлари А.Мардиев ва бошқалар  сўнгги йилларда барча соҳалар қатори, суд ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми, муҳим бўғинларидан саналган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилгани, соҳани ривожлантириш бўйича кейинги 5 йил ичида қабул қилинган Муҳтарам Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорларига асосан қонунчилик такомиллаштирилиб, суд экспертизаларининг самарадорлигини ошириш, соҳани замонавий, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали, одил судловни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлигини алоҳида эътироф этишди.

— Кейинги 3 йилда 8 та янги экспертиза турлари яратилиб, суд экспертлик жараёнига татбиқ этилди, — дейди А.Каримов. — Натижада марказда амалга ошириладиган суд экспертлик турлари 52 тага, мутахассисликлар эса 71 тага етказилди.  Самарқанд вилоятида илк маротаба Одам ДНКси суд биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари ташкил этилди. Содда қилиб айтганда, мазкур йўналишда Марказий Осиёда биринчи ташкил этилган лаборатория ҳисобланади. Бу ерда яратилган шароитлар, хизмат кўрсатиш сифати пойтахтдагидан сира қолишмайди.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимларига суд- тергов идоралари томонидан экспертизалар тайинлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мутахассис фикри олишга эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда. Биргина мисол, агар 2020 йилда 923,8 минг та объектлар бўйича тадқиқотлар ўтказилиб, 28 678 та экспертиза хулосалари берилган бўлса, 2021 йилга келиб эса 1 млн. 659,5 мингта объектлар бўйича тадқиқотлар ўтказилиб, 33 391 та экспертиза хулосалари ва мутахассис фикрлари берилган. Бу 2020 йилга нисбатан қарийб 5 мингтага ошган.  

Таъкидлаш керакки, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси Марказ таркибида 2000 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда суд генетик ДНК экспертизаси тадқиқотларида номаълум шахсни идентификация қилиш, турли жиноят ишлари бўйича тақдим этилган ашёвий далилдаги биоматериални айнан кимга тегишли эканлигини аниқлаш, биологик ота-оналик факти, Y-хромосома тадқиқотлари орқали ота авлод бўйича ўзаро биологик қариндошликни аниқлаш ва биоматериални жинс мансублигини аниқлаш каби вазифалар ҳал этилади.

Ҳозирда Марказ томонидан ирсий касалликларга мойиллик, биологик ёшни аниқлаш, этно генетик ва этник келиб чиқишини аниқлаш, ҳайвонларни ДНКси юзасидан тадқиқотлар ўтказиш, ашёвий далиллардан биологик изларни излаш юзасидан ҳам изланишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2022 йил 14 мартдаги буйруғи билан Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси бўйича аноним мурожаат қилган шахсларнинг шахсига доир маълумотларни махсус белгилар асосида қайд этиш орқали тадқиқотларни ўтказиш тартиби белгиланган. Бу эса  мурожаат қилган шахсларнинг шахсига доир маълумотларни ошкор бўлмаслигини таъминлаган ҳолда махсус белгилар асосида қайд этиш орқали тадқиқотлар ўтказилишини таъминлашга имкон яратади.

Марказ лабораторияларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида, 2020 йилда Марказнинг айнан бугунги кунда Самарқанд вилоятида ҳам ташкил этилаётган Одам ДНКси суд биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитациядан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати олинди. Бу эса мазкур лабораториялар томонидан бериладиган экспертиза хулосаларини халқаро миқёсда шубҳасиз тан олиниши, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки халқаро судларда ҳам ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Тадбир доирасида ОАВ вакилларига Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолияти, Марказда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, янги жорий этилган экспертиза турлари, такомиллаштирилган замонавий моддий техник база ҳамда иш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.

 Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Охирги ўзгариш: 15/07/2022 17:48.   Кўрилганлиги: 2096
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/xsulaymonova-nomidagi-respublika-sud-ekspertizasi-markazi-samarqand-viloyati-bolimi-yangi-binoda-ish-boshladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.