Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд қоғози ва бахшичилик анъаналарининг сири нимада?

Самарқанд қоғози ва бахшичилик анъаналарининг сири нимада?

Самарқанд, дейилганда энг аввало Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ва бошқа тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар кўз олдимизга келади.

Бу нафақат Ўзбекистон халқининг, балки инсониятнинг бебаҳо маданий меросидир ва халқаро миқёсда асраб-авайланмоқда.

Кейин унинг мусаффо ҳавоси, зилол сувлари-ю таъми такрорланмас мевалари, қуёшдек тафтли нонларини тасаввур қиламиз. Шу тарзда Самарқандгагина хос бўлган архитектура, ўзига хос табиат, шарқона бозор ва савдо-сотиқ, одамларнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари, анъаналари тасаввуримизни бойитади. Бу – номоддий меросимиз ва унга ҳам кейинги пайтда алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда Самарқанднинг номоддий мероси ҳақида гап кетганда албатта, қадимий усулда тайёрланаётган қоғоз ва бахшичилик анъаналари тилга олинади.

“Оламда яхши қоғоз Самарқанддин чиқади”

Заҳириддин Муҳаммад Бобур бундан 500 йил илгари Самарқанд қоғозига ана шундай таъриф берган. Буюк бобомиз “Бобурнома” асарида “Жувози қоғозлар суйи томон Конигилдин келадур, Конигил Сиёб ёқосидадурким, бу сувни Оби раҳмат ҳам дер эдилар” деб ёзган. Биз шу пайтгача фақат шу маълумот билан фахрланиб келардик. Энг яхши қоғоз Самарқандда тайёрланган, аждодларимиз уста ҳунарманд, маърифатпарвар бўлган, деб кўкрак керардик. Лекин ҳеч ким “кейин-чи, кейин ўша қоғозлар неча чиқмай қолган? Наҳотки, бу ишни давом эттирганлар ёки эттирадиганлар бўлмаган”, деб ўйлаб кўрмаган. Ўйлаб кўргандир, лекин саволларга жавоб топмаган.

Уста ҳунарманд Зариф Мухторовга ҳам ана шу саволлар тинчлик бермагач, Самарқанд тумани Конигил қишлоғида “Конигил мерос” хусусий корхонасини ташкил этди. Бу манзилдан аждодларимиз изларини излади, Сиёб ариғи ёқасидаги тарихий китоблардагина қолган тегирмонларни қайта тиклашга киришди. Бундан кўпчилик ажабланди, яна кимлардир кулди, айримлар эса беҳудага уринмасликни маслаҳат берди. Зариф ака эса бу гапларга парво қилмай ўз билганидан қолмади ва тўғриям қилди.

– Бобур Мирзо Конигил қишлоғида Сиёб ариғи ёқасида сув билан ҳаракатнадиган 400 га яқин тегирмон бўлгани ва улар орқали ун, совун, ёғ, шоли тайёрлангани, сифатли қоғоз ишлаб чиқарилганини ёзган, – дейди “Конгил мерос” хусусий корхонаси раҳбари Зариф Мухторов. – Биз қишлоқда ана шу тегирмонларни қайта тиклашга аҳд қилдик. 2018 йилда фаолият бошлаб, сув тегирмони ташкил этдик ва қадимий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқаришга қўл урдик. Тарихдан маълумки, дунёнинг турли минтақаларида қадимдан қоғоз тайёрлаш технологияси бўлган. Мисрда папирусдан тайёрланган қоғозлар, шарқда хитой ва япон қоғозлари бунга мисол бўла олади. Самарқанд ипак қоғози эса ўзининг умрбоқийлиги, силлиқлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкинлиги, сувда ивимаслиги билан шуҳрат қозонган. Биз ана шу анъанани тиклашга ҳаракат қилдик ва бу иш муваффақиятли чиқди. Бизнинг қоғозимиз хом ашёси тут новдалари пўстлоғи. Уни ажратиб олиб, қайнатгач, тегирмонда тола бўлгунча янчамиз. Кейин махсус идишда сув билан аралаштириб, махсус қолипларда турли ҳажм ва қалинликда қоғоз қиламиз. Яна бир неча босқичларида ишлов берилганидан сўнг, тайёр ҳолатга келади. Бу жараёнларнинг ҳаммаси қўлда бажарилади. Ҳеч қандай технология, техник ускунадан фойдаланмаймиз. Фақат ҳар бир жараённи ўз вақтида, сифатли, тўғри ва меҳр билан бажаришга ҳаракат қиламиз.

Зариф ака бу ҳунар билан шуғулланишни ўзи, оила аъзолари билан бошлаганди. Қадимий Самарқанд қоғозини тайёрлаш жараёнини ўз кўзи билан кўришни истаган хорижлик сайёҳлар кўпайгач, Зариф ака ёнига шогирдлар олди, ёшларга ҳам бу ҳунар сирларини ўргата бошлади. Дастлаб корхонада фақат қоғоз тайёрланган бўлса, кейинчалик турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда кунига 100-110 дона турли ҳажм, зичлик ва ранглардаги қоғоз тайёрланиши билан бирга, ён дафтарча, ҳамён, таклифхона ва бошқа эсдалик совғалари, кичик йўл халталари (сумка) сингари 50 дан ортиқ буюм ва маҳсулотлар тайёрланмоқда. Айнан шу қоғозда самарқандлик ҳунармандлар томонидан миниатюралар чизилмоқда, кашта ва сўзаналар тикилаётир.

– Кейинги пайтда юртимизда туризм соҳасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилаётгани натижасида Конигил “туризм қишлоғи”га айлантирилди – дейди З.Мухторов. – Сиёб ариғи атрофида элликка яқин ҳунармандчилик устахоналари ташкил этилди. Ун тегирмони, шолини оқлаш тегирмони ишлаяпти. Сайёҳлар уларнинг фаолияти билан танишиш баробарида улардан чиққан маҳсулотлардан тайёрланган миллий таомларни татиб кўришлари, бу таомларни тайёрлаш жараёнларини кузатишлари мумкин. Масалан, Конигилда етиштирилган гуруч шу ердаги тегирмонда тозаланиб, палов тайёрланади. Шунингдек, сайёҳлар Самарқанд қоғозини тайёрлаш ва ун тегирмони олдида нон пишириш жараёнларини кузатмоқда, қадимий лой сувоқли уйларда ўтириб, ўзлари пиширган нон ва тайёрлаган ошни тановул қиляптилар. 

Туризм қишлоғи ва Самарқанд қоғози билан ном таратган Конигилнинг инфратузилмаси бугунги кунда яхшиланиб, бу ер янада кўркамлашмоқда. Қишлоқда маданий-кўнгилочар дастурлар ташкил этиш учун имконият яратилмоқда, биноларнинг тарихий қиёфаси тикланяпти. Меҳмон-уйлар, овқатланиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйиляпти. Сайёҳларнинг табиат қўйнида дам олишлари, сайр қилишлари учун Сиёб ариғи атрофида пиёдалар йўлаги, дам олиш масканлари ташкил этилган.

Миллий анъаналар жамият тараққиётига хизмат қилади

Чанқовузнинг овозасин эшитган бир тўда болалар қирга қараб югурди. Бахшиларнинг дўмбирани сайратиб, “Алпомиш” дан айтган термаларини эшитган 5-6 ёшлардаги болакай хурсандчилигидан бор кучи билан чин дилдан қарсак чала бошлади. Бу ёш авлоднинг ўзлигига бўлган ташналиги, миллий руҳга кучли эҳтиёжининг исботи.

Самарқандда бахшичилик санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан шоир, Фозил Йўлдош ўғли мероси, бахшичилик анъаналари бугунги авлод томонидан давом эттириб келинмоқда. Жумладан, айни пайтда мазкур йўналишда самарали ижод қилиб келаётган бахшилар Нуробод туманида ҳам кўп.

Нуробод бахши-оқинлари ҳақида гап кетганда бугун шоир Шавкат бахши Бобомурод биринчи бўлиб тилга олинади. Ўн ёшидан шеър машқ қилишни бошлаган Шавкат бахши бугунги кунгача бир нечта шеърий тўпламлар билан бирга бахшичилик йўналишидаги “Соҳибқирон Темурбек” достонини яратди. Айни пайтда оқин Жалолиддин Мангуберди, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдошларга бағишланган достонларни яратиш устида ижод билан банд.

Нурободлик бахши-оқинлар орасида бугун ҳам самарали фаолият юритиб келаётган Сайим бахши Эргашев, Абдуалим бахши Бекмуродов, Илёс бахши Мамаевларни ҳам алоҳида эътироф этиб ўтиш жоиз.

– Бугунги кунда туманимизда бахшичиликка бўлган қизиқиш анча юқори, – дейди Нуробод туман ҳокимлиги маданият бўлими мудири Элмурод Ўсаров. – Шу боис, ота-боболаридан мерос қолган санъатни муносиб давом эттириб келаётган Сайим бахши, Абдуалим бахши, Илёс бахшиларни туманимиз ёшларига ўз маҳоратларини ўргатиши, уқтириш учун етарли шароитлар яратилмоқда. Мисол учун, олис Тим қишлоғида жойлашган 5-сон Тим маданият марказида меҳнат қилиб келаётган Сайим бахши бахшичилик тўгарагида ўндан ортиқ маҳаллий ёшларга бахшичилик сирларини, отаси Мамай бахшидан ўрган дўмбира чалиш маҳоратини ўргатиб келмоқда. 2-сон Жом маданият марказида ҳам бахшичилик тўгараги фаолият юритмоқда. Тўгаракка машҳур бахшиларимиздан Абдуалим бахши Бекмуродов раҳбарлик қилмоқда. Ушбу тўгаракда ҳам ўнга яқин ёшлар бахшичилик сирларини ўрганиб, туманимиз миёқсидаги турли маданий-маърифий тадбирларда кичик термаларни куйлаб, халқимизни номоддий меросимиздан баҳраманд этиб келмоқда. 18-Болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бахшичилик йўналишда тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Унда ёш бахши-оқинимиз Илёс бахши Мамаев ёшларга ушбу санъат сирларини ўргатиб келмоқда. 

Умуман олганда, нурободлик ёшлар орасида бахшичилик, халқ оғзаки ижодига, миллий урф-одат ва анъаналаримизга бўлган қизиқиш жуда юқори. Шу боис, бахшичилик билан бирга халқ оғзаки ижоди намуналарини бардавомлигини таъминлаш мақсадида маданият марказларида фольклор ансамбллар ташкил этилибб, маҳаллий аҳоли орасидан истеъдодли юртдошларимизни жалб қилган ҳолда элимизга хос урф-одатлари, куй-қўшиқлари тикланмоқда. 

Айни пайтда тумандаги 1-сон марказий маданият марказида “Нуробод чашмаси” номли фольклор ансамбли фаолият юритмоқда. Ушбу ансамбль аъзоси Роҳат ая Мўминова эл орасида унут бўлаётган чанқовуз чалишни ёшларга ўргатмоқда. Жорий йилда 2-сон Жом маданият марказида ҳам фольклор йўналишдаги ансамблни қайта тиклаш режалаштирилган. 

Бугун Нуробод даштликлари яшил либос киймоқда. Одамлар далага ошиқмоқда. Олис-олислардан дўмбира ва бахшининг ширали овози, чанқовузнинг сеҳрли садоси қулоққа чалинади. 

 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА


Киритилган вақти: 19/02/2022 09:31.   Кўрилганлиги: 407
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-qogozi-va-baxshichilik-ananalarining-siri-nimada

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.