Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ёлғон устига қурилаётган иморат ёки депутат сўровига муносабат шуми?

Ёлғон устига қурилаётган иморат ёки депутат сўровига муносабат шуми?

Мушкулимизни осон, оғиримизни енгил қилади, деган умидда овоз берган сайловчиларимиз билан мулоқотларимиз мобайнида улардан тушаётган таклиф ва мурожаатларга бефарқ қарашга асло ҳаққимиз йўқ.

Самарқанд шаҳри Геологлар маҳалласидаги қизғин мулоқотларнинг бирида маҳалла фаолларининг кўтарган муаммосини кўпчилик маъқуллади. Яъни, маҳалла ҳудудида олиб борилаётган ноқонуний қурилиш ишларидан маҳалла аҳли норози.

Ушбу муаммо ечимини излаб маҳалла фаоллари ва раиси Б.Жалилов билан қурилиш олиб борилаётган жойга бориб, саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Ўрганиш давомида маълум бўлдики, бу жойда "SHAXRUZ OBOD QURUVCHI" МЧЖ томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 августдаги 535-Қ-сонли қарори асосида рухсат берилган икки қаватдан иборат, яъни биринчи қавати маҳалла фуқаролар йиғини маркази, иккинчи қавати маиший хизмат кўрсатиш биноси сифатида қад ростлаши керак эди. Аммо бу қурилиш ташкилоти томонидан маҳаллага хизмат қилувчи икки қаватли иншоот ўрнига ноқунуний тарзда уч қават қилиб қурилмоқда ва 2 ва 3 қаватлари кўп хонадонли уй сифатида қурилаётгани маълум бўлди.

Маҳалла кўркига кўрк, ободлигига ҳисса қўшадиган файзли маҳалла маркази бунёд бўлишини кутган аҳоли кўп хонадонли турар жой қурилаётганидан норози бўлиб, вилоят ва шаҳар ҳокимлигига, вилоят қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясига қилган мурожаатлари натижасида қурувчига бир неча маротаба 48-сонли йўриқнома асосида огоҳлантириш берилади. Аммо бу огоҳлантириш натижаси қумга тушган томчидек беиз кетади. Қурилиш давом этаверади...

Шундан сўнг шу йил 1 апрель куни ноқонуний ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган қурилиш жараёнини тўхтатишда амалий ёрдам сўраб, вилоят ҳокими Э.Турдимовга депутатлик сўрови юборилди. Ушбу сўровга вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Л.Ҳамидов томонидан ҳокимликка жавоб хати келди. Унда қурувчи огоҳлантирилиб, ноқонуний олиб борилаётган қурилиш ишлари тўхтатилганлиги маълум қилинган. Қани эди бу хатдаги маълумотлар ҳақиқат бўлганида...

Афсуски, 19 апрель куни маҳалла фаоллари қурилиш яна авжида эканлигидан хабар беришди. Қурувчи билан учрашиб, у депутатлик сўровига юборилган жавоб - огоҳлантириш хати билан таништирилди. Не ажабки, қурувчи бу огоҳлантиришдан бехабар бўлиб чиқди.

Кимга ишониш керак? Огоҳлантириш хатларини байроқ қилган масъулларгами ёки кўплаб норозиликларга қарамасдан “Бетимнинг қаттиғи - жонимнинг ҳузури” дея бемалол қурилишни давом эттираётган қурувчигами?

Бу масала бўйича масъуллардан аниқ жавоб кутамиз, асло огоҳлантириш хати эмас…

Бадриддин Насриев,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.


Охирги ўзгариш: 20/04/2021 20:19.   Кўрилганлиги: 581
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/yolgon-ustiga-qurilayotgan-imorat-yoki-deputat-soroviga-munosabat-shumi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.