Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ТОЗА СУВ – МУСАФФО ҲАВО, СОҒЛОМ ҲАЁТ

ТОЗА СУВ – МУСАФФО ҲАВО, СОҒЛОМ ҲАЁТ

Фавворалар сайли

Самарқанд, 2016 йил 1 май

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 1 май куни Самарқанд шаҳрида иккинчи бор “Тоза сув – мусаффо ҳаво, соғлом ҳаёт” шиори остида “Фавворалар сайли” ўтказилди.

Президентимиз раҳнамолигида Самарқанд шаҳрида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Қарийб уч минг йиллик ўтмишга эга шаҳарнинг тарихийлик уйғунлашган замонавий қиёфасини яратиш борасида тарихчи олимлар, архитектор ва қурувчилар ҳамкорлигида изланишлар олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самарасида бугунги кунда қадимий кентдаги тарихий обидалар атрофи обод қилиниб, кўркам боғ ва хиёбонлар ташкил этилди. Янги йўллар очилди, ирригация тизимлари яратилди.

Регистон мажмуаси, Кўксарой майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Ҳазрати Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида ушбу масканлар Самарқанднинг энг сўлим, хушҳаво жойларига айланди. Бу боғ ва хиёбонлар, майдонларда замонавий фавворалар бунёд этилиши шаҳарда мўътадил ҳаво ҳароратини ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг кўрсатмалари асосида кейинги йилларда Университет хиёбони, Шоирлар боғи, Амир Темур хиёбони ва Кўксарой майдони, Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳаси, темир йўл вокзали майдонида мусиқали ва нурли фавворалар бунёд этилди. Умуман, айни пайтда шаҳарда 43 та фаввора мавжуд. Уларнинг 5 таси нурли-мусиқали, 33 таси нурли, 5 таси оддий фавворалардир.

Вилоятда эса жами 58 та фаввора ишлаб турипди. Уларнинг 12 таси нурли-мусиқали,
37 таси нурли, 9 таси оддий фавворалардир.

Фаввора яратиш анъанаси бир неча асрлик тарихга эга бўлиб, Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Соҳибқирон Амир Темурнинг Дилкушо боғида бўлганида беҳад ҳайратга тушиб, ўз таассуротларини қуйидагича баён этган: “Подшоҳ саройида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди...”

Қадимий фаввораларни Алишер Навоий асарлари ва “Бобурнома”да ишланган миниатюраларда ҳам кўриш мумкин. Албатта, улар ҳозиргидек мукаммал бўлмаса-да, ўша давр учун мўъжиза ҳисобланган. Қолаверса, бу аждодларимизнинг юксак маданияти, ақл-заковатидан далолат беради. Кейинги даврларда, жумладан, собиқ иттифоқ даврида ҳам фавворалар қурилган. Аммо улар жуда оддий ва бир хил кўринишда, темир қувурлар шунчаки тешилиб, балиқ, кўза ёки бошқа буюмлар шаклида сув оқизиб қўйилган. Бу кишига эстетик завқ бағишламасди. Бугун эса фавворалар ранго-ранг чироқлар ёғдусида ва мусиқа уйғунлигида сув отиб, кишига ҳузур бағишлайди.

Эътиборлиси, бундай фавворалар лойиҳаси маҳаллий лойиҳачилар томонидан лойиҳалаштирилиши билан бирга, қурилиши ҳам айнан самарқандлик қурувчилар томонидан олиб борилмоқда.

Масалан, ҳали ёш бўлишига қарамасдан, Акмал Соатов Самарқанд шаҳрида, Пайариқ ва Ургут туманларида 3 тадан, Нуробод, Иштихон ва Жомбойда 1 тадан, жами 12 та мусиқали фаввораларнинг лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини амалга оширди.

Бундан ташқари, Қарши ва Гулистон шаҳарларида ҳам мусиқали фаввораларни лойиҳалаштиришда муаллифлик қилиб, қурилиш ишларини бошқармоқда.

Муҳими, мусиқали фаввораларнинг электрон бошқарув тизимини Самарқанд шаҳрининг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйилган.  

Кейинги 3 йилда вилоятда 20 дан ортиқ янги фаввора қурилди, 23 таси реконструкция қилинди. Бунда замонавий қурилиш материаллари, гранит ва майоликалар ҳамда ёритиш жиҳозларидан фойдаланилди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, фавворалар инсон саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Улар дам олувчига ҳузур бахш этиб, чарчоқни чиқариш, асабни тинчлантириш ва кайфиятни кўтариш хусусиятига эга. Кечқурунлари фаввора жилосига тикилиб, ундан баҳра олган кишининг қон айланиш тизими ва мия фаолияти яхшиланади. Сув бўйида ором олган киши енгил тортади ва тетиклашади. Шу боис фавворалар атрофи бугун севимли масканга айланган.

Бу эса гўзал ва бетакрор фаввора яратиш баробарида, улар атрофини ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришни тақозо этади. Бу борада ҳам Самарқандда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, майсазор (газон) ва гулзор барпо этиш, дарахтларга шакл бериш, каштан, япон сафораси, лола дарахти, қрим соснаси, қора сосна кўчатларини экиш ва парваришлаш тажрибаси шаклланди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 105 гектар кўкаламзорлаштирилган майдон бўлиб, жумладан, 910 минг квадрат метр майдонда яшил майсазорлар ташкил этилган. 300 минг тупдан ортиқ манзарали ва игна баргли дарахтлар, 200 тупдан ортиқ лола дарахти мавжуд.

Биргина жорий йилнинг ўтган тўрт ойида 1347 туп каштан, 1000 туп шумтол (ясень),
765 туп япон сафораси, 416 та қрим қарағайи, 400 туп можжевельник, 210 туп бутасимон ўсимликлар ва бошқа ноёб дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 300 минг тупдан ортиқ ўн турга яқин гул кўчатлари парваришланмоқда.

Самарқандликларнинг меҳр тафти билан ўсаётган дарахтлар, ям-яшил майдон ва бетакрор гулу гулзорлар, рангин ва ўйноқи фавворалар дилларга қувонч ва шодлик улашиб, қадим ва ҳамиша навқирон шаҳримиз ҳуснига ҳусн, чиройига чирой қўшиб турибди.

Алишер Навоий номи билан аталувчи марказий истироҳат боғида 2010 йилда шахсан Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан экилган 24 туп лола дарахти бугунги кунда гуллаб турипди.

Фавворалар нафақат Самарқанд шаҳрида, балки чекка туманларда ҳам барпо қилинмоқда. Жумладан, бугунги кунда Ургут, Пайариқ туманларида 3 тадан,  Самарқанд туманида 2 та, Пастдарғомда 3 та, Иштихон, Нуробод ва Жомбой туманларида 1 тадан замонавий нурли, мусиқали фавворалар ишлаб турипди.

Фавворалар сайли Самарқанд шаҳридаги Кўксарой ва Театр майдонлари, Амир Темур, Университет, Йўлбарслар хиёбонлари, Шоирлар боғи, Самарқанд темир йўл вокзали майдони ва “Аэропорт” маҳалла марказидаги фавворалар атрофида, шунингдек, Ургут, Пайариқ, Пастдарғом, Нуробод туманларидаги истироҳат боғларида тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ушбу масканларда таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари таъминланди. Опера ва балет саҳналари кўринишлари ҳам намойиш этилди, оммавий рақс, турли викторина ва танловлар, беллашувлар ўтказилди. Халқ сайллари ташкиллаштирилди.

Сайллар ўтказилаётган фавворалар олдида таниқли шоирлар тадбир мазмунига мос бўлган шеърлар билан чиқиш қилдилар.

Тадбирлар жараёнида фавворалар атрофида таниқли мусаввирлар ёш рассомлар учун мастер-класслар ўтдилар, мавзуга оид расмлари кўргазмалари намойиш этилди.

Самарқандлик ижодкорларнинг “Самарқанд фавворалари” шеъри қўшиққа айланди.

Қўшимча маълумот олиш учун:
Телефон: (366) 235-63-80.
E-mail: Sampressa@inbox.uz


Киритилган вақти: 02/05/2016 18:10.   Кўрилганлиги: 2180
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/press-releases/toza-suv-musaffo-havo-soglom-hayot

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.