
Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, Пайариқ туманида ёш оилалар учун қурилган “Камолот” уйлари ўз эгаларига топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда сўз олганлар Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кенг имконият ва шароитлар яратилаётганини эътироф этдилар.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакат равнақи йўлида жонбозлик кўрсатаётган йигит-қизларнинг иқтидорини юзага чиқариш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантиришга доир масалаларни қамраб олгани билан аҳамиятли.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида туман ва шаҳарларда “Камолот” уйлари қурилиб, ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли банк кредити асосида берилмоқда. Жумладан, 2015 йилда вилоятнинг Жомбой, Иштихон ва Пастдарғом туманларида қурилган ҳар бири 64 хонадонли ана шундай уйларда айни пайтда 200 га яқин ёш оила бахтли ҳаёт кечирмоқда.
“Камолот” уйлари спортнинг кўплаб турлари бўйича Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари, Президент ва бошқа номдор стипендиатлар, ёш олимлар, давлат мукофотлари соҳиблари, ўз иқтидори билан мамлакат номини жаҳонга танитаётган фаол ёшларга ажратилаяпди.
Самарқанд шаҳрида бунёд этилган 48 хонадондан иборат “Камолот” уйи турли соҳаларда фаол меҳнат қилиб, тенгдошларига намуна бўлаётган ёшларга берилди.
– Турмуш ўртоғим, Акмал Жўраев, дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади, – дейди Адиба Эсиргапова. – Иккаламиз ҳам Самарқанд шаҳридаги 60-махсус мактаб-интернатда ўқитувчи бўлиб ишлаймиз. Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик тўйи арафасида ўз уйимизга эга бўлганимиздан ниҳоятда тўлқинланиб кетдим. Биз, ёшларга мана шундай шароитни яратиб бераётган Ватанимиз олдида қарздормиз ва унинг тараққиёти учун сидқидилдан меҳнат қилишни бурчимиз, деб биламиз.
Гулҳаё Иброҳимованинг онаси Анора Тўғизова ҳам қизига шинам уйлардан бири насиб этганидан хурсандлигини яширмади.
– Гулҳаё ёшлигиданоқ тенгдошлари орасида фаол ва билимга чанқоқ бўлиб келган, – дейди Анора опа. – Ўқиш давомида турли олимпиадаларда, кўрик-танловларда ғолибликни эгаллади, дипломлар билан тақдирланди. Қизим ҳозир Самарқанд давлат медицина институтида ассистент бўлиб ишлаяпти.
Очиғи, бундай файзли, барча шароитлари муҳайё қилинган уйда фарзандларим, набираларимнинг бахтли ва фаровон яшашларини тасаввур қилиб, қувониб кетяпман.
* * *
Каттақўрғон шаҳри Амир Темур даҳасида қурилган кўпқаватли уй-жой ҳам ёш оилаларга тантанали равишда топширилди.
– Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ёшларга таълим-тарбия бериб келяпман, – дейди халқ таълими аълочиси Шерзод Умрзоқов. – Ўқувчиларим турли кўрик-танловлар, билимлар беллашувларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Қолаверса, мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасидаги фаолиятим ҳисобга олиниб менга ҳам “Камолот” уйларидан бири насиб этди.
Айтиш жоизки, сизнинг меҳнатингиз қадрланса, ҳаракатларингиз эътироф этилса, янада ишлагингиз, ўша соҳага бор кучингизни сарфлагингиз келаркан.
* * *
Пайариқ туманидаги Гўзал маҳалласида қуриб битказилган “Камолот” уйининг очилиши ҳам катта тантанага айланди.
“Абдумўмин строй” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қуриб битказилган мазкур уйда ёш оилалар учун барча қулайликлар яратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда ҳам вилоятнинг уч ҳудудида 144 ёш оилага мўлжалланган “Камолот” уйлари қурилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.