
Вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш ҳамда халқ билан мулоқот қилишга бағишланган учрашувларида бу фикр асосий хулоса сифатида билдирилди.
Пахтачи туманида ўтказилган учрашувда ҳокимлик ходимлари, тумандаги корхона ва ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар, фермерлар, нуронийлар ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни танқидий баҳолаш, келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш, аҳоли фаровонлигини ошириш юзасидан таклиф ва ташаббуслар билан фаол иштирок этишга чақирди.
- Пахтачи тумани азалдан ўзининг меҳнаткаш халқи, унумдор ери ва ривожланган қишлоқ хўжалиги билан қадрланади, – деди Ҳ.Оқбўтаев. – Шу маънода, “Туманнинг 140 минг аҳолиси айни вақтда нима билан шуғулланяпти, уларнинг турмуш даражаси, оиласида муҳит қандай, уларни нима қийнаяпти?” деган саволни мана шу залда ўтирган масъул раҳбарлар ва барча фаоллар ҳар куни ўзига бериши, унга виждонан жавоб топиши лозим, деб ўйлайман.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Ҳар бир давлат идораси фуқароларимиз учун хизмат қилиши шартлиги аниқ белгилаб берилди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида ташкил этилган Бош вазир виртуал қабулхонаси яқинда Президентимиз фармони билан Президент виртуал қабулхонасига айлантирилди. Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналари ташкил этиладиган бўлди. Бу барча давлат идораларининг, барча тоифадаги раҳбарларнинг масъулиятини янада оширишни, халқ билан самимий мулоқот қилиш ва ўз фаолиятидан уларни хабардор этишни тақозо қилади.
Пахтачи туман ҳокимлигига 2016 йилда 1055 та мурожаат тушган бўлиб, улардан 56 тасига муддати ўтказилиб жавоб берилган. Бош вазир виртуал қабулхонасига тумандан тушган 172 та мурожаатнинг 121 тасига жавоб қайтарилган. Жавоб хатларининг 80 таси муддати бузилган. Бу халқнинг мурожаатлари билан ишлашда туманда ечимини кутаётган масалалар ҳали кўплигидан далолат беради.
Вилоят ҳокими халқнинг фаровонлигини ошириш кўп жиҳатдан иқтисодий барқарорликка боғлиқлигини таъкидлаб, бу борада туманда йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратди. Айни пайтда рўйхатдан ўтган 364 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг 58 таси фаолият кўрсатмаяпти. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан атиги 23 миллиард сўмлик кредит берилган бўлиб, бу вилоят бґйича шу мақсадда ажратилган жами кредит маблағларининг 2 фоизини ташкил этади. Энг ачинарлиси, туманнинг Қарнаб, Чашма, Равшанобод, Дўстобод, Тўғолон, Қўшовуз ва Истиқбол маҳаллалари тадбиркорларига умуман кредит маблағлари ажратилмаган.
Бугунги кунда туманда атиги 2 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. 2016 йил давомида туман иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилмаган.
Туманнинг транспорт-коммуникация тизими ривожланган, минерал ресурслар, хом ашё базаси ҳамда бўш турган бинолар, ишчи кучи ва бошқа имкониятлар кўп бўлса-да, ундан самарали фойдаланилмаяпти.
Пахта толасини қайта ишлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, терини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилмаган.
Шунингдек, вилоят ҳокими қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис, коммунал соҳалар, таълим ва тиббиёт тизими, аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш борасида йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммо ҳақида сўз юритиб, уларни бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурнинг асосий йўналишлари билан фаолларни таништирди.
Учрашувда тадбиркор ва фермерлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар бир қатор таклиф, ташаббусларини билдириб, кўплаб саволларига вилоят ҳокими ҳамда вилоят ташкилотлари раҳбарларидан жавоб олдилар. Ўртага ташланган муаммо ва камчиликларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.
* * * * * * * * *
Вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг Нарпай тумани фаоллари билан учрашуви ҳам ҳудудда кечаётган ислоҳотлар таҳлили ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари вилоят Кенгашининг яқинда ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида Биринчи Президентимизнинг “Раҳбарнинг энг асосий вазифаси – одамларни рози қилиш” деган олижаноб ибораларини яна бир бор барчамизга эслатди, – деди вилоят ҳокими. – Бу барча даражадаги раҳбарлардан, хусусан, туман ҳокимлари ва ҳокимлик мутасаддилари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан ҳам ўз вазифасига масъулият билан ёндашишни, ўз фаолиятида аҳоли, ишчи-хизматчилар манфаатларини биринчи ўринга қўйишни талаб этади. Чунки, раҳбарлик – давлатнинг, халқнинг ишончи, зиммага юклатилган улкан масъулият. Бу ишонч эса фақат меҳнат билан, вазифаларни сидқидилдан адо этиш, юртни севиш, доимо одамлар орасида бўлиш ва уларга хизмат қилиш билан оқланади. Бугун давлат идораларида меҳнат қилаётган, раҳбарлик вазифасини бажараётган ҳар бир киши буни ҳис қилиб ишласа, албатта, ундан одамлар рози бўлади.
Бугунги учрашув олдидан Нарпайда ислоҳотларнинг боришини таҳлил этиш билан бирга туман ҳокимлиги ходимларининг масъулияти, ижро ва меҳнат интизомини ҳам ўргандик. Афсуски, айрим ходимлар фаолиятида, гап-сўзларида давр шитобини англамаслик, зиммасига юклатилган вазифаларга эътиборсизлик кузатилди. Натижада аҳоли билан мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва тегишли тартибда жавоб беришда камчиликларга йўл қўйилган. Бунга албатта, қонун доирасида баҳо берилади.
Вилоят ҳокими туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо бериб, айрим рақамларни келтирди. Жумладан, айни пайтда 108 та саноат корхоналарининг 10 таси, қурилиш корхоналарининг 2 таси фаолият кўрсатмаётгани қайд этилди. 2016 йилга мўлжалланган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилмагани ва корхоналарнинг тўла қувват билан ишламаслиги оқибатида 243 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, холос. Туманнинг бу борада вилоят саноатидаги улуши 3,5 фоизни ташкил этган. Энг ачинарлиси, саноат зонасидаги собиқ 25 та корхонанинг хусусийлаштирилган бино-иншоотлари бугунги кунда деярли бўш турибди.
Туман фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажрибага эга бўлса-да, мева-сабзавот етиштириш, боғдорчилик ва узумчилик йўналишларида кўзга кўринарли натижага эришмаяпти. Оқибатда туманнинг вилоят мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидаги улуши энг паст кўрсаткичлардан бирини ташкил этмоқда.
Коммунал хизмат кўрсатиш ва ушбу соҳадаги қарздорлик масалаларида ҳам Нарпайда тизимли ишларни йўлга қўйиш энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бугунги кунда 2800 дан ортиқ хонадонга “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси томонидан 8000 дона газ баллони етказиб берилмаган. Туман аҳолисининг 75 фоизи ёки 143 минг нафари марказлашган ҳолда, қолган 25 фоизи махсус транспортлар орқали ичимлик суви билан таъминланган. Аҳолининг сувдан қарздорлиги 108 миллион сўмни ташкил этади. Тумандаги 62 та кўп қаватли уй-жойларни сақлаш ва таъмирлаш борасидаги ишлар ҳам умуман талабга жавоб бермайди. Уларга хизмат кўрсатиш мақсадида уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилмаган.
Йўловчи ва юк ташиш тизими ҳам қониқарсиз даражада. Биргина «Мирбозор» бозори атрофидаги 6 та норасмий бекатда кунига 200 га яқин йўловчи ва юк ташувчи транспортлар ноқонуний фаолият кўрсатмоқда.
Учрашувда ижтимоий соҳада мавжуд нуқсонлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техника базасининг ночорлиги ва айрим мактаблардаги гуруҳбозлик, носоғлом муҳит қайд этилиб, бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларида бўш иш ўринлари яратиш, кишиларни банклар ёрдамида тадбиркорликка ўргатиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ноқонуний миграциянинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳ.Оқбўтаев туманни ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурнинг айрим йўналишлари бўйича маълумот бериб, белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишда туман жамоатчилиги фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада учрашув иштирокчилари таклиф ва мулоҳазаларини эшитди, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Ғолиб ҲАСАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.