
2 июнь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарди.
4-Мустақиллик сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Ф.Тошев сессия котиби этиб сайланди.
Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, дастлаб вилоят ҳокимининг “Вилоят маҳаллий бюджет параметрларининг 2015 йил 1-чорагидаги ижроси тўғрисида”ги тақдимномасини кўриб чиқиб, тасдиқладилар.
Тақдимномада қайд этилишича, биринчи чоракда вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари қисми прогнози 100,2 фоизга (219 337 миллион сўм ўрнига 219 742,4 миллион сўм) бажарилди. Харажатлар қисми эса 91,4 фоизга ижро этилиб, 423 555,1 миллион сўмлик харажатлар амалга оширилди.
Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясини тузиш тўғрисида”ги қарори бўйича вилоят Кенгаши Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига вилоятдан ёрдам берувчи ишчи гуруҳини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ишчи гуруҳ халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари (раис ва 19 нафар аъзо)дан иборат таркибда тузилди.
Шундан сўнг депутатлар вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан тайёрланган “Вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар. Бу ҳақда вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймоновнинг ахбороти тингланди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва ўринбосарларининг жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш борасида амалга оширган ишлари ҳақидаги масала муҳокамасида фуқароларнинг давлат бошқарув органларига мурожаатларини қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқиш, бунда масъул раҳбарлар масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги бешинчи масала – халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги масала юзасидан мазкур партия депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Шаропов ахборот берди.
Ахборотда бугунги кунда вилоятдаги 1800 дан ортиқ маданий мерос объектини асраб-авайлаш ва улардан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилган ҳолда, эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилган.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.
* * *
Шу куни халқ депутатлари вилоят ва Жомбой тумани кенгашларининг қўшма мажлиси ҳам ўтказилди.
Вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев бошқарган мажлисда “Вилоятда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг Жомбой туманида 2014 йил ҳамда 2015 йилнинг 1-чорагидаги ижроси ҳақидага масала кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Т.Остоноқуловнинг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, Президентимизнинг Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш ва уни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлари асосида вилоятда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун юксак самаралар бермоқда.
Жумладан, ўтган йил Жомбой туманидаги 124 та фермер хўжалиги томонидан умумий қиймати 30 миллиард 344 миллион сўмлик 134 та лойиҳа амалга оширилиб, 600 дан зиёд иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 215 та фермер хўжалигида 219 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган. Бу лойиҳаларнинг аксарияти қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, боғдорчилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига йўналтирилган бўлиб, бу қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.
Мазкур масала юзасидан музокарада халқ депутатлари Жомбой туман кенгаши раиси Ҳ.Бўриев сўзга чиқди.
Муҳокама чоғида эришилган натижалар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам қайд этилиб, зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган ҳолда қўшма қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.