Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

3 ноябрь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарди. 

7-Истиқлол сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Б.Ахатова сессия котиби этиб сайланди.   

Депутатлар сессия кун тартиби ва иш тартибини тасдиқлагач, дастлаб вилоят ҳокимининг “Вилоят маҳаллий бюджетининг 2015 йил 9 ойдаги ижроси тўғрисида”ги тақдимномасини кўриб чиқдилар.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи А.Каримов ахборот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг уч чорагида вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми прогноз режаси 100,2 фоизга ёки режадаги 754937 миллион сўм ўрнига 756655,8 миллион сўмга бажарилди. Маҳаллий бюджетнинг даромадлар қисми режаси барча шаҳар ва туманларда бажарилиши таъминланди. Харажатлар қисми 97,6 фоизга ижро этилиб, 1464769 миллион сўмлик харажатлар амалга оширилган. Харажатларнинг 81,3 фоизи ижтимоий-маданий тадбирлар учун молиялаштирилган. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ харажатларга ўзини ўзи бошқариш органлари орқали 131460,2 миллион сўм маблағ ажратилган.

Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил 29 сентябрдаги 01-10/522-сонли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг 2015 йилнинг ўтган давридаги фаолияти, жумладан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашдаги иштирокини ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялари ҳақида вилоят Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ф.Тошев сўзга чиқди.

Сенат тавсияларида маҳаллий кенгашлар ва уларнинг доимий комиссиялари, депутатлари томонидан ҳудудларга хос бўлган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш, қонунлар, парламент қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари мазмун-моҳиятини, шунингдек мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳамиятини кенг оммага етказиш ҳамда бошқа йўналишларда муайян камчиликлар мавжудлиги қайд этилиб, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар кўрсатиб берилган. Шундан келиб чиқиб, вилоят Кенгаши тегишли қарор қабул қилди ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг 2015 йилнинг ўтган давридаги фаолияти, жумладан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашдаги иштирокини ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсияларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Шундан сўнг, вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси З.Каримов доимий комиссиянинг жорий йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот берди.

Ҳисоботда доимий комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармон ва қарорлари, давлат дастурларининг ҳудудлардаги ижроси ўрганиб борилаётганлиги, мутасадди идоралар раҳбарлари ахбороти тингланаётгани, шунингдек, парламент томонидан муҳокама этилаётган янги қонун лойиҳаларини ўрганиш ва таклифлар билдириш бўйича йиғилишлар ўтказилаётгани таъкидланди. Доимий комиссия аъзолари ўз ваколатларидан фойдаланиб, давлат бошқарув органларига депутатлик сўровлари билан мурожаат қилмоқда, сайловчилар билан учрашувлар ташкил этмоқда.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.

* * *

Шу куни халқ депутатлари вилоят ва Самарқанд тумани Кенгашларининг қўшма мажлиси ҳам ўтказилди.

Вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев бошқарган мажлисда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунини Самарқанд туманидаги ижроси ҳақидаги масала муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси, ушбу масалани ўрганган ишчи гуруҳ раҳбари О.Ахтамов ахборот берди.

Таъкидландики, қонун ижроси юзасидан тумандаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида муайян ишлар амалга оширилган. Мурожаатларни қабул қилиш ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Биргина туман ҳокимлигига 2015 йилнинг тўққиз ойи мобайнида 466 та ёзма, 269 та оғзаки мурожаат тушган. Мазкур мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жой ва ер олиш (159 та), қурилиш масалалари ва эгаликни тиклаш (98 та), моддий таъминот (33 та) масалаларига тўғри келади. Туман ҳокими қабули чоғида жисмоний шахслардан 110 та, юридик шахслардан 16 та мурожаат бўлган.

Ўрганиш давомида қонун ижросини таъминлашда бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, мурожаатларга белгиланган муддатдан кечиктириб ёки қонун талабларига тўла риоя этилмасдан жавоб берилган.

Кун тартибидаги масала муҳокамасида халқ депутатлари Самарқанд тумани кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Н.Саъдуллаев, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси, ишчи гуруҳи аъзоси Б.Шукуров, Самарқанд тумани кенгаши раиси, туман ҳокими Б.Қодиров сўзга чиқди.

Мажлисда ишчи гуруҳи хулосаси ҳамда муҳокамалар чоғида билдирилган фикрлар асосида зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган ҳолда қўшма қарор қабул қилинди.


Охирги ўзгариш: 06/11/2015 08:04.   Кўрилганлиги: 1577
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/viloyat-kengashining-sessiyasi-2015-11-04

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.